Тожикистон ТИВ раҳбари Шимолий Кореяни ядровий қуролсизлантириш резолюциясига риоя қилишга чақирди
Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожидин Аслов Тожикистонга амалий ташриф билан келган шимолий кореялик ҳамкасби Ли Ён Хони БМТнинг ядровий қуролсизлантириш ҳақидаги резолюциясига қатъий риоя қилишга чақирди.
Кун.уз сайтига кўра, “Тожикистон Шимолий Кореянинг халқаро ҳуқуқ доирасида ўз манфаатларини ҳимоялашга интилишларини тушунади. Шу билан бирга Тожикистон Шимолий Кореяни БМТ Хавфсизлик кенгашининг Корея яриморолини ядровий қуролсизлантириш бўйича тегишли резолюцияларига риоя қилишга чақиради”, деб айтилган Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги сайтида.
Аслов Тожикистон Корея яриморолидаги муаммоларни тинчлик йўли билан ҳал қилиш ва ҳудудда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш тарафдори эканлигини таъкидлаб ўтган.
Икки давлат вакиллари, шунингдек, Тожикистон ва Шимолий Корея ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб мавзуларини, жумладан минтақавий ва халқаро характердаги масалаларни муҳокама қилишган.