Қозоғистон ҳукумати Ливанга ҳарбийлар юбориш бўйича таклифни маъқуллади
Қозоғистон парламенти сенати ва мажлиси депутатлари президент Нурсултон Назарбоевнинг Ливанга, БМТ миссиясида иштирок этиш учун 120 нафар ҳарбий хизматчини юбориш бўйича таклифини қўллаб-қувватлаб чиқишди.
«Қозоғистон қуролли кучлари тинчликпарварлик бўлинмасини Ливандаги БМТ миссиясига юбориш масаласи ишлаб чиқилди ва ўрганилди», - дея мамлакат президенти таклифига изоҳ берган республика мудофаа вазири Сакен Жасузаков.
Унинг таъкидлашича, Қозоғистон қуролли кучлари бу амалиётда иштирок этиб, «коалицион гуруҳ доирасида қўшинлардан фойдаланишни режалаштириш ва ўзаро алоқалар масаласини ишлаб чиқиш, жанговар кўникмаларга эга бўлиш, тинчликпарварлик ҳамда гуманитар амалиётлар бўйича тажриба тўплаш» имконига эга бўлади.