Эмомали Раҳмон хориждаги жанговар ҳаракатлардан ўз ихтиёри билан қайтганларни аяшга чақирди
Сўғд вилояти фаоллари олдида чиқиш қилар экан, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон жиноятчилик, жумладан, терроризм ва экстремизмга қарши курашни кучайтиришга чақирди, деб ёзади News.tj.
«Ўтган бир йил ва беш ой мобайнида Сўғд вилояти ҳудудида 8,7 минг жиноят очилган, улардан 500таси терроризм ва экстремизм билан боғлиқ, бу эса ўтган йиллардаги натижалардан кўп», — дея Эмомали Раҳмоннинг сўзларини келтирмоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
Президент айниқса ёшлар орасида тушунтириш ишларини олиб бориш муҳим эканлигига урғу бериб, ёшларнинг турли террористик ва экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолишига йўл қўймаслик кераклигини таъкидлаган.
Қўшни давлат раҳбарининг сўзларига кўра, вилоят ҳудудида террористик ва экстремистик йўналишдаги партия ва ташкилотларнинг 275 нафар аъзоси жиноий жавобгарликка тортилган, яна 715 киши терроризм ва экстремизм учун қидирувга берилган. Улар асосан Исфара, Истаравшан, Ашт, Спитамен, Хўжанд, Панжакент, Ж.Расулов, Конибодом, Мастчоҳ, Зафаробод, Бўстон, Истиқлол ва Деваштич туманлари ва шаҳарлари аҳолисига мансуб ҳисобланади.
Президент ҳуқуқ-тартибот органлари, маҳаллий ҳокимият ва ота-оналарни хорижда ноқонуний таълим олаётган ёки бошқа давлатлар ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашаётган фуқароларни қайтаришга чақириб, қонунчиликка кўра, бошқа давлатлар ҳудудида жанговар ҳаракатлардан ўз ихтиёри билан бош тортиб, ватанига қайтган фуқаролар жиноий жавобгарликдан озод этилишини эслатиб ўтди.