Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири коронавирусга мубтало бўлди
Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртановда коронавирус аниқланди.
«Дўстлар, афсуски, сизларга бир ёмон хабарни айтишга мажбурман. Сўнгги марта коронавирусга топширган тестим натижаси ижобий чиқди. Бу белгисиз шакли бўлмагани учун юқумли касалликлар шифохонасига ётдим», — деб ёзади Дарё сайти Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Биртанов сўзларига таяниб.
«Қаттиқ санитария чораларига риоя қилганимга қарамай, хавф доимо бор. Айниқса, бу ишлаётган ва масофадан туриб ишлай олмайдиганларга тегишли. Сўнгги кунларда бир қатор вилоятларда касаллар сони ортаётгани кузатилмоқда, хусусан, тадбиркорлар, корхона ходимлари, тиббиёт ходимлари, давлат хизматчилари, ОАВ вакиллари орасида. Кўплаб фуқароларимиз ҳозирда Қозоғистонда глобал инқироз оқибатлари ва пандемияга боғлиқ муаммоларни ҳал этиш билан шуғулланмоқда. Шу сабабли тез-тез шахсий учрашувлар, жойларга сафарга чиқишга тўғри келмоқда. Бу эса бизни COVID-19 билан касалланиш хавфига янада яқинлаштиради», — дея қайд этади вазир.
Шунингдек, Елжан Биртанов барча қозоғистонликлардан «шахсий карантин»га риоя қилишни сўради. Хусусан, иш жойи, транспорт воситалари ва дўконларда ижтимоий масофаланишга қоидаларига амал қилиш, имкони борича масофадан туриб ишлаш, яқинлар ва дўстлар билан онлайн мулоқот қилиш, жамоат жойларида ниқобда юриш, қўлни камида 20 сония давомида ювиш каби талабларни такрорлаб ўтган.