ОАВ: Туркманистон пойтахтидаги касалхона ходимларида коронавирус аниқланди
(last modified Thu, 25 Jun 2020 05:23:47 GMT )
июн 25, 2020 10:23 Asia/Tashkent
  • ОАВ: Туркманистон пойтахтидаги касалхона ходимларида коронавирус аниқланди

Хроника Туркменистана" нашрига кўра, Туркманистондаги С.Ниёзов номидаги даволаш-консултатив марказининг олти нафар шифокорларда коронавирус аниқланган.

Инфекцияга чалинганларнинг уч нафарининг ҳолати ўртача оғирликда эканини манбага таяниб, Дарё хабар берган.

Марказда юқумли касалликлар бўлими мавжуд эмас, шунинг учун беморларнинг бир қисми Чўганлидаги касалхонага, қолганлар эса Ахал вилоятида тайёрлаб қўйилган изоляторларга жойлаштирилган.

С.Ниёзов номидаги даволаш-консултатив маркази — Туркманистоннинг энг катта тиббиёт муассасаларидан бири ҳисобланади. Унда мамлакат бўйича бир йил давомида ўн минглаб одамлар тиббий кўрикдан ўтиб, даволанади. Беморларнинг ҳаммаси марказий қабул бўлимида рўйхатга олинади.

Муассаса шифокорларнинг малакали экани, хизматлар бошқа замонавий касалхоналардагидан анча арзонлиги туфайли халқ орасида оммавийлашган.

«Хроника Туркменистана» нашрининг ёзишича, Гурбангули Бердимуҳамедов президентлиги даврида қурилган янги касалхоналарга тиббиёт ходимларини олишда, асосан, ташқи кўриниш ва номзодларнинг 35 ёшдан катта эмаслигига эътибор қаратилган.