Қирғизистон президенти ваколатлари Садир Жапаровга ўтди
(last modified Fri, 16 Oct 2020 09:15:13 GMT )
октябр 16, 2020 14:15 Asia/Tashkent
  • Қирғизистон президенти ваколатлари Садир Жапаровга ўтди

Қирғизистоннинг янги бош вазири Садир Жапаров мамлакат президентининг барча мажбуриятларини унга топширилганини хабар қилди.

«Бу ҳақиқий ғалаба. Барча ўз жойида. Президент Сооронбай истеъфо берди. Спикер Канат Исаев президент функцияларини бажара олмаслиги тўғрисида ариза ёзди. Шу туфайли бугундан давлат раҳбарининг барча вазифа ва мажбуриятлари менга ўтди», -  деб келтирган Кун сайти Жапаровнинг ҳукумат уйида ўз тарафдорлари қаршисидаги сўзларини.

Кун аввалида Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакатда қон тўкилишига йўл қўймаслик учун президентлик лавозимини тарк этаётганини эълон қилганди. Президентнинг истеъфосидан кейин, Конституцияга кўра, давлат раҳбарининг барча мажбуриятлари парламент спикери Канат Исаевга ўтиши белгиланганди.

Намойишлар вақтида бир неча кун давомида парламент спикери бўлиб турган Миктибек Абдилдаев 10 октябрь куни истеъфога чиққанини эълон қилганди.

Президент истеъфоси тўғрисидаги чақириқлар ўтган ҳафта бошидаги митингларда янграй бошлаганди, ўшанда парламент сайловида парламентдан ўрин ололмаган мухолифатчи партиялар норозилик намойишларини бошлашганди.

6 октябрга ўтар кечаси намойишчилар «Mekenchil» («Ватанпарвар») партияси асосчиси бўлган Садир Жапаровни қамоқдан озод қилишганди. У 2013 йилда Қоракўлда митинглар уюштиргани ҳамда Иссиқкўл губернатори Эмилбек Каптагаевни гаровга олгани учун 2018 йилда 11,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Намойишлар вақтида шу йил ёзидан буён ҳукуматни бошқариб турган Кубатбек Бўронов истеъфо берди.

6 октябрь куни Қирғизистон парламенти депутатларининг бир қисми Садир Жапаров номзодини мамлакат бош вазири лавозимига тасдиқлади.