Ўзбекистон Бош вазири Тожикистонга ташриф буюрди
Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Бугун май куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов комиссия йиғилишида иштирок этиш учун Душанбега келганини Ховар агентлиги ёзди.
Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари йиғилиши доирасида ҳукумат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда томонларни қизиқтирган соҳаларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳукуматлараро ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари ҳамда комиссиянинг навбатдаги йиғилиши кун тартибига киритилган масалалар муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, Абдулла Арипов ва Қоҳир Расулзода раислигида икки томон делегациялари иштирокида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг тўққизинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Комиссиянинг саккизинчи йиғилиши қарорларини амалга ошириш жараёни кўриб чиқилгач, тўққизинчи мажлисда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳукуматлараро ҳамкорликни иқтисодиёт, савдо-саноат, инвестициялар, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, божхона, фан-таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, туризм, ёшлар ва спорт, миграция, бандлик, экология йўналишида ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Делегациялар минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди. Таъкидланганидек, давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмоннинг доимий эътибори ва қўллаб-қувватлаши асосида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги давлатлараро муносабатлар барча соҳаларда изчил ривожланиб, ҳамкорликнинг барча йўналишларида самара бермоқда.