Тожикистоннинг 7 нафар фуқароси Тюмен вилоятида рўй берган ёнғинда ҳалок бўлди
Тожикистоннинг 7 нафар фуқароси Тюмен вилоятида рўй берган ёнғинда ҳалок бўлди
Россиянинг Тюмен вилоятида қурилиш майдончасидаги вагончада тунда ёнғин рўй берган, натижада, Тожикистоннинг етти нафар фуқароси ҳалок бўлган. Бу ҳақда Sputnik агентлиги хабар берди. Тюмен вилоятидаги паррандачилик фабрикаси қурилиш майдончасидаги (қурувчиларга бошпана вазифасини бажарувчи) вагончада рўй берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлганларнинг барчаси Тожикистон фуқароларидир, деб хабар қилган РИА Новости нашрига регионнинг Фавқулодда хизматидаги манба.
Хабарга мувофиқ, Тюмен вилоятининг Юргинское қишлоғидан 7 километр нарида жойлашган "Абсолют Агро" паррандачилик фабрикаси қурилиш майдончасида тунда кучли ёнғин рўй берган. Ёнғин майдони 32 квадрат метрни ташкил этган, фожиа сабаблари ўрганилаётгани айтилмоқда. "Етти нфар ҳалок бўлган шахс ҳамда касалхонага ётқизилган уч нафар жабрланувчи Тожикистон фуқаролари эканлиги маълум", — деб айтган агентликка суҳбатдош. Манбанинг сўзларига кўра, ёнғин ўша туннинг ўзидаёқ бартараф этилган. Эслатиб ўтамиз, Москва шаҳрида август ойи охирида типографияда рўй берган катта ёнғин оқибатида Қирғизистоннинг 14 нафар фуқароси (ёш аёллар) ҳалок бўлган эди.