Ўзбекистон ва Қозоғистон космосга сунъий йўлдошлар гуруҳини учирмоқчи
Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги делегацияси сентябрь аввалларида Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия томонидан Остона шаҳрида ташкил этилган «Рақамли инклюзия ва трансформация бўйича Осиё – Тинч океани вазирлар конференцияси»да иштирок этди.
Тадбир доирасида доирасида Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Ж.Мадиев билан учрашув ўтказди.
Аниқ сайтига кўра, учрашув давомида ҳамкорлик истиқболларга эътибор қаратилди. Шунингдек, рақамли кўникмаларни ўқитишни таъминлаш, рақамли инклюзивлик ва рақамли трансформация бўйича минтақавий ҳамкорлик ҳолати ва уни мустаҳкамлаш бўйича масалалар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, рақамли инновацияларни жадаллаштириш учун зарур минтақавий ҳамкорлик режаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон икки мамлакат иштирокида космосга ўзаро сунъий йўлдошлар гуруҳини учириш бўйича ҳамкорликни амалга ошириш масаласини ўрганиш ва таҳлилий маълумотларни жорий йил якунига қадар таҳлил қилиб, таклифларни белгилаб олиш муҳокама қилинди.