Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Жанубий Корея президенти қабулида бўлди
Амалий ташриф билан Сеулда бўлган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Марказий Осиё мамлакатларидаги ҳамкасблари билан биргаликда Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл билан учрашди.
Кун сайтининг хабар қилишича, "Ҳамкасбларимиз билан бирга Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёл Жаноби Олийлари томонидан қабул қилинганимиздан мамнунмиз, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида.
Корея Республикаси Ўзбекистоннинг азалий ва алоҳида стратегик шеригидир. Раҳбарлар мисли кўрилмаган суръат билан ривожланиб бораётган кенг қамровли муносабатларда янги саҳифа очгани айтилди.
Маълумот учун, президент Юн Сок Ёл шу йилнинг 13-15 июн кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Ташриф давомида икки мамлакат етакчилари Алоҳида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзоладилар.