Сурхондарёда Ўзбекистон Республикаси ва Толибон ҳукумати савдо вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди
-
Сурхондарёда Ўзбекистон Республикаси ва Толибон ҳукумати савдо вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди
Сурхондарёда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Афғонистондаги Толибон ҳукумати савдо вазири Нуруддин Азизийнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизматига таяниб Спутлик сайтининг хабар қилишича, Лазиз Кудратов ва Нуруддин Азизий бошчилигидаги делегация Сурхондарё вилоятидаги "Термиз" халқаро савдо марказига ташриф буюрди. Учрашувда Ўзбекистон ва Толибон ҳукумати савдо-иқтисодий муносабатларининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
“Суҳбат давомида ўзаро савдо ҳажмини 3 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, савдо билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат ва тоғ-кон саноати соҳаларида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича навбатдаги тадбирлар кўриб чиқилди.
Ташриф доирасида ҳар икки томондан 60 га яқин тадбиркор иштирокида B2B музокаралари ташкил этилди. Унда ишбилармон доиралар вакиллари янги алоқаларни ўрнатиш, янги қўшма лойиҳалар ва савдо шартномаларини амалга оширишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш имконига эга бўлишди.