Шавкат Мирзиёев Тожикистон ва Қозоғистон президентлари билан телефон орқали суҳбатлашди
(last modified Tue, 18 Mar 2025 12:38:06 GMT )
март 18, 2025 17:38 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Тожикистон ва Қозоғистон президентлари билан телефон орқали суҳбатлашди
    Шавкат Мирзиёев Тожикистон ва Қозоғистон президентлари билан телефон орқали суҳбатлашди

Шавкат Мирзиёев 18 март куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.

Аниқ сайтининг хабар қилишича, суҳбат аввалида Ўзбекистон ва Тожикистон давлат раҳбарлари яқинлашиб келаётган Наврўз байрами муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва муваффақиятлар, биродар халқларимизга тинчлик-осойишталик ва равнақ тиладилар.

Олий даражада қабул қилинган битим ва келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Фаол сиёсий мулоқотни давом эттириш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини, жадал маданий-гуманитар ва ҳудудлараро алмашинув дастурларини қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.

Март ойи охирида  Тожикистонда бўлажак уч томонлама учрашувга ҳамда жорий йил апрель-май ойларида мамлакатимизда ўтадиган "Марказий Осиё плюс" форматидаги саммитларга тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.

Спутник сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Мулоқотда давлат раҳбарлари муборак Рамазон ойи ва яқинлашиб келаётган баҳор айёми - Наврўз муносабати билан бир-бирларини самимий қутлашди.

“Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари батафсил муҳокама қилинди”, — дейилади хабарда.