Ўзбекистон ТИВ-и Ғазо секторидаги оташкесимни олқишлади
-
Ўзбекистон ТИВ-и Ғазо секторидаги оташкесимни олқишлади
Ўзбекистон ТИВ-и АҚШ, Миср, Қатар ва Туркиянинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришишдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Аниқ сайтининг хабао қилишича, Ўзбекистон ТИВ-и АҚШ президенти Доналд Трампнинг бевосита кўмаги билан Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод этиш бўйича эришилган келишувни олқишлади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ахрор Бурхонов хабар берган.
Баёнотда таъкидланишича, Миср, Қатар ва Туркиянинг мазкур жараёндаги мувофиқлаштирилган фаолияти ҳамда уларнинг муҳим роли юқори баҳоланади. Бу саъй-ҳаракатлар зўравонликни тез фурсатда тўхтатиш, гуманитар инқирозни енгиллаштириш ва сиёсий мулоқотни тиклаш учун муҳим замин яратаётгани қайд этилган.
Ўзбекистон томони халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларига асосланиб, Яқин Шарқда барқарор ва адолатли тинчлик ўрнатилишини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Баёнотда, ўт очишни тўхтатиш вақтинчалик чора сифатида эмас, балки хавфсизликни таъминлаш, барқарор ҳамжиҳатликни ўрнатиш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган узоқ муддатли сиёсий ечим сари муҳим қадам сифатида қаралиши лозимлиги таъкидланади.
Ўзбекистон Республикаси Яқин Шарқда тинчлик, барқарорлик ва гуманитар ёрдамни таъминлашга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларга ўзининг конструктив ҳиссасини қўшишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.