Пахта ўрнига мош?
Ўзбекистон АҚШга мош экспортини бошлади
Ўзбекистон АҚШга мош эскпортини йўлга қўймоқда. "Хатирчи пилла хазинаси" хусусий корхонаси Америкага умумий баҳоси 1,5 миллион долларлик мош экспорти бўйича шартнома имзолади.
Бу ҳақда ушбу шартнома имзоланишига кўмак берган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб қўвватлаш жамғармаси маълум қилмоқда.
АҚШ бир йилда ўртча 10 миллион доллардан ортиқ ёрма дуккакли махсулотларни импорт қилади. Американинг бу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини асосан Хитой эвазига қондирилиши айтилади.
Айнии дамда жаҳон бозорида бир тонна мошнинг улгуржи баҳоси 1100-1400 доллардан сотилмоқда. Бу ҳолатда истеъмолчи камида 20 тонна олиши керак.
Бир неча йилдан бери Ўзбекистонда буғдойдан бўшаган ерларга иккинчи экин сифатида мош экишни йўлга қўйиш тарғиб қилинмоқда.
Ўзбекистонда суғориладиган жойларда бир гектар ердан ўртача 1,5 тонна мош олиниши айтилади.
Мутахассислар Ўзбекистон мажбурий меҳнатга сабаб бўлаётган пахта яккаҳокимлигидан воз кечиб, маҳаллий иқлимга мос бўлган бошқа экинларни экишни йўлга қўйиш кераклигини айтишади.
Ҳисоб китобларга кўра Ўзбекистоннинг бир йиллик пахта ҳосили экспортидан тушадиган фойда 800 миллион долларга яқин суммани ташкил қилади.
Биргина Россиядан бир йилда Ўзбекистонга мигрантлар орқали ўртача 6-7 миллиард доллар маблағ кириб келади.
Иқтисодчи Анвар Ҳусаинов Ўзбекистон пахтадан воз кечиб бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришни йўлга қўйса бир йиллик даромад 100 миллиард доллар атрофида бўлиши мумкинлигини айтади.