Мактаб, коллеж, лицей, боғча ишчилари пахтага чиқарилди
https://parstoday.ir/uz/news/uncategorised-i23455-Мактаб_коллеж_лицей_боғча_ишчилари_пахтага_чиқарилди
Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Андижон, Тошкент вилоятларида мактаб, коллеж, лицей ўқитувчилари, боғча тарбиячиларининг пахта теримига ётоққа жўнатилаётгани хабар қилинмоқда. 
(last modified 2018-08-22T13:22:08+00:00 )
сентябр 18, 2017 09:32 Asia/Tashkent
  • Мактаб, коллеж, лицей, боғча ишчилари   пахтага чиқарилди
    Мактаб, коллеж, лицей, боғча ишчилари пахтага чиқарилди

Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Андижон, Тошкент вилоятларида мактаб, коллеж, лицей ўқитувчилари, боғча тарбиячиларининг пахта теримига ётоққа жўнатилаётгани хабар қилинмоқда. 

 

Исмини сир сақлаган Жиззах вилояти Зомин туманида ёппасига пахтага сафарбар қилинган ўқитувчилардан бири микрофонсиз суҳбатда, ўзи ишлаб турган мактаб ўқитувчилари 10 кишилик гуруҳга бўлиниб, пахта теримига ётоққа жўнатилаётганини айтди.

"Биринчи группа бугун эрталаб жўнаб кетди. 10 кунга ётоқ. Зоминнинг ўзидаги бир неча совхоз ва ёнимиздаги Зафарободдаги совхозларга. 50-55 ёшлар орасидаги аёллар ҳам бор. Бечоралар ўзимиздаги таксичилар билан гаплашишибди - эрталаб олиб боради, кечга олиб келади, 5-10 минг сўм йўлкирага. Йўл пулиям ўзидан", деди исмини ошкор этишни истамаган ўқитувчи.

Унинг айтишича, Зомин туманидаги боғчаларда ҳам ҳар бир гуруҳда биттадан тарбиячи қолдирилган, иккинчи тарбиячи эса 17 сентябрдан пахта теримига чиқарилган.

"Биздан ўз ихтиёримиз билан теримга чиқяпмиз, деган тилхатларни ёздириб олишди, ўтган йилдагидай. Яқиндаям ишчилар мажбур пахтага чиқарилмайди, фалон-фисмадон дейишётганди-ку?! Қани шу гаплар?! Ҳаммаси аввалгидай, ҳеч ўзгариш йўқ", деди зоминлик ўқитувчи.

Унинг айтишича, Зоминда шифохоналар, "Тез тиббий ёрдам" бўлимларидаги тиббий ходимларнинг ярми пахта теримига сафарбар қилинган.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги маҳаллий тадбиркорлардан бири бу вилоятда ҳам мактаб, коллеж, лицей ўқитувчилари, боғча тарбиячилари, шифохона ходимлари 16-17 сентябр кунларидан пахта теримига сафарбар қилинганини айтди.

Фарғона вилоятидан ёзган яна бир тадбиркор  буюм бозорларида савдо қилаётган тадбиркорлардан пахта теримига чиқиш, агар чиқолмаса, пул бериш талаб қилинаётгани ҳақида ёзди:

"Фарғона вилояти, Фурқат туманидаги тадбиркорлар пахтага чиқишга мажбурланмоқда. Туман ҳокими, прокурори, милицияси бошлиғи тадбиркорларни солиқ идораси олдига тўплаб, дўқ-пўписа билан: "Ҳамманг пахата чиқасан, давлатга фойданг тегмайди, ҳечйўқ пахта терларинг", деди. Мажбурлади, деб қаерга арз қилсанг, қилавер, дейишяпти", деб ёзди исмини ошкор қилмаётганимиз фарғоналик тадбиркор.

Бунга қадар ОАВ Самарқанд вилоятидаги 7 та олий ўқув юрти талабалари ва ўқитувчиларини 15 сентябрдан бошлаб 5 кун ичида колонна қилиб пахтага юбориш тўғрисида вилоят ҳокими топшириқ берганини хабар қилган эди. Вилоятда теримчилардан “Ўз ихтиëрим билан пахтага чиқдим”, деган мазмунда тилхат олингани айтилган.​

11 сентябрдан бошлаб, Ўзбекистондаги қатор олийгоҳлар талабаларини пахта теримига жўнатиш бошланган.