Мирзиёев замонида ёзувчи зиндонга ташланмаслиги керак!
https://parstoday.ir/uz/news/uncategorised-i24015
Мирзиёев замонида ёзувчининг қўлига илк бор кишан урилди…
(last modified 2018-08-22T17:52:18+00:00 )
сентябр 29, 2017 11:03 Asia/Tashkent
  • Нурулло Отахонов
    Нурулло Отахонов

Мирзиёев замонида ёзувчининг қўлига илк бор кишан урилди…

Нима бу – Президентга қарши саботажнинг исёнга айланишими?!!

Мирзиёев замонида ёзувчи ва адиблар зиндонга ташланмаслиги керак!

1.

Таниқли ўзбек ёзувчисининг Тошкент аэропортида қўлига кишан солиб, ҳисбга олиниши – энг аввало, хориждаги ўзбек мухолифати дохил –  Президент Мирзиёевга берилган кучли ва қақшатқич зарбадир.

Мирзиёев БМТ минбаридан халқ давлат хизматида эмас, балки давлат – халқ хизматида бўлишини айтиб ҳаммани қойил қолдирди. Энг муҳими – инсон ҳукуқуқлари ҳимоясига кафолат берди.

Ўзбек махсус хизматлари эса унинг бу кафолатини Тошкент аэропортидаёқ оёқ ости этиб, паймол қилишди…

2.

Президент Мирзиёев Нью Йоркда АҚШдаги ўзбеклар билан учрашганда, уларни Ватанга қайтишга даъват этди. “Агар истасанглар, мен Сизларни ўзим билан бирга олиб кетаман” дейишгача борди. Давлат раҳбарининг бу яхши нияти ва самимиятига ишониб, ўз юртига қайтган таниқли ёзувчи нега аэропортда ҳе йўқ, бе йўқ – ҳибсга олинди?

Модомики, тергов органларининг савол жавоби бор экан, бир икки кундан кейин унинг уйига бориб ёки уйидан чақириб суҳбат қилинса бўларди-ку. У ҳеч ёққа қочиб кетмасди. У жиноят қилмаган эди. Шунинг учун ҳам очиқ кўнгил билан, бехавотир ўз юртига қайтди.

Бугун Ўзбекистонда асосий ролни ким ўйнаяпти? Президент у ёқда жон куйдириб, бутун дунёни ўзига ишонтириб, юртдошларни Ватанга чорлаяпти. Ватанда нима бўляпти? Ёзувчини ҳибсга олганлар ва бунга фатво берганлар Мирзиёевнинг бу гап сўзларидан хабардормикан? Ёки улар телевизор кўришмайдими? Газет ўқишмайдими? Мамлакатдаги ҳақиқий ҳолатдан, янги давр ва янги талаблардан бехабарми улар?  Йўқ, улар яхши хабардор, билишади ҳаммасини.

Ўзбекистонда сен эмас, балки биз ҳақиқий ҳукмрон деган бир иддао бордек уларнинг бу саботаж ва исёнларида…

3.

Нурулло Отахонов – истеъдодли ўзбек ёзувчиси.

Уни мен илк бор “Оқ бино оқшомлари”ни ўқиб, таниганман. Кейин ўзи билан танишдим. Оғир, босиқ, мулоҳазали инсон. Яхши ёзувчи, дилкаш ва самимий дўст, ватанпарвар ижодкор. Ёзувчилар уюшмаси атрофида айланиб юрган маддоҳлардан анча баланд. Бу тамомила бошқача – халқчил ёзувчи.

Кетишидан бир кун олдин менга Истанбулдан қўнғироқ қилиб: “Сизларга ишониб кетяпман” деди. Сизларга деганда у “Озодлик”, “ББС”, “Америка овози”  ва “Дунё ўзбеклари”ни назарда тутган эди.

Қолаверса,  Мирзиёевга ишониб Ватанига қайтди.

Лекин унинг бу ишончи аэропортдаёқ паймол бўлди…

4.

Қозоқларда: “Мен нима дейману, қўбизим нима дейди” деган яхши бир гап бор.

Мирзиёев АҚШ сафари чоғи бир гуруҳ ватандошлар билан учрашиб, уларни ва улар орқали бутун ўзбек муҳожирларини Ўзбекистонга чорлаган бир пайтда – мамлакатнинг ҳақиқий мезбони ва эгаси аслида ким эканини кўрсатиб қўйиш учун амалга оширилди бу хоинона ҳибс. Бошқача айтганда, буни орқадан пичоқ уриш дейдилар. МХХ эса буни жуда яхши уддалайди.

Туркиядан Тошкентга парвоз қилган ёзувчини аэропортдаёқ ҳибсга олиш ва ўша куниёқ Тоштурмага олиб бориб қамаш амалиёти МХХ идорасида, бевосита раис топшириғи асосида ишлаб чиқилганини тасаввур қилиш мумкин.

Бу гал улар бу ишни милиция қўли билан амалга оширишди, холос.

Американи лол қолдириб, жуда катта халқаро шон шараф ва нуфуз билан Ўзбекистонга қайтган Мирзиёев учун – унинг салтанатига қарши уюштирилган жиддий ва таҳликали исён бу.

Биз олдин ҳам бир неча бор тилга олиб ўтган катта кичик саботажлар бугун энди исёнга айланди.

Бунинг оқибати жуда ёмон бўлади. Икки ҳокимиятчилик энди узоққа бормаса керак…

5.

Бир пайтлар Каримов ҳам яхшигина демократ эди.

Кейин МХХ нинг кучи ва сеҳри уни секин аста заҳарли илонга, аждарҳога айлантирди. Ўзи – хон, кўланкаси – майдон бўлиб, яккаҳокимликка меҳр қўйди.

Сайлов округларида демократик йўл билан сайланган депутатларни – ўзини  Президент қилиб сайлаган халқ ноибларини жазолашдан бошлади. Улар Каримовнинг энг яқин ва хайрихоҳ одамлари эди. Депутатлар гапираётган, ижодкорлар ёзаётган, арбоблар ўз ишини қилаётган эди. Ҳамма ўз иши билан банд эди. Ҳақиқий демократик руҳдаги ажойиб парламент эди.

Каримов ўзини – қуюшқонга сиғмас ҳатти ҳаракати ва бежилов табиатини танқид қилган депутатларнинг ҳаммасини қирғин барот қилди.

Улардан баъзилари ўлиб қутулди – Шовруқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, Алижон Қўчқоров, Иномжон Турсунов… Баъзилари қочиб қутулди – Муҳаммад Солиҳ, Жаҳонгир Маматов, Насрулло Саидов, Абдувоҳид Паттаев… Қолганлари эса салкам “Жаслиқ”қача бориб келишди – Самандар Қўқонов, Мавлон Умрзоқов, Шуҳрат Нусратов, Мурод Жўраев…

Каримовни очиқ ойдин танқид қилгани учун Мирсаидовдан ҳам душман ясаган аслида махсус хизматлар бўлди. Каримов уни адолатсиз судга ториб, қийнаб – роҳатланди. У ўз рақибларини хўрлик ва хорликка, хибс ва хорижга ҳайдаб, завқланди.

Лекин Шавкат Мирзиёев бу йўлдан бормаслигига, махсус хизмат салтанатининг кучи ва сеҳри унинг бошини айлантирмаслигига ишонаман!!!

6.

Мирзиёев иши ва сўзи бир одам. Унинг чин юракдан гапирган сўзларини тинглаб,  кўзларида чақнаган ўт ва оловни, самимиятни кўриб, унинг зулмкор ва қасоскор эмаслигини англаб етиш мумкин.

Мен нима дейману, қўбизим нима дейди. Мирзиёев ўзбек халқига, бутун дунёга қалбини очиб айтаяпти, гапираяпти. Лекин махсус хизмат мулозимлари, куч ишлатар тизимлари  уни эшитмаганга олишяпти. Бу қачонгача давом этиши мумкин? Мирзиёев  уларни бу йўлдан ҳозир қайтармаса, кейин ортга қайтариш қийин бўлади. Ҳар бир хатоликни биринчи қадами бўлади. Биринчи қадамдан тўғри йўл танланмаса, кейин ёмон бўлади. Бугунги ҳибс – Мирзиёев учун жуда катта синов, жуда катта мактаб бўлиши ҳам мумкин.

Мирзиёев ўзи ташлаб қўйган арқонни эртами кеч барибир тортиб олади.

Бу сафар балки Нурулло Отахонов баҳонасида тортар…

7.

Мирзиёев замонида ёзувчилар ноҳақ зиндонда ётмаслигига ишонаман.

Рашидов замонида, масалан, адабиётшунос олим Озод Шарофиддинов – Янгийўлда, ёзувчи Ўлмас Умарбеков Сирдарё шаҳрига кираверишдаги 72 километрда эҳтиётсизлик қилиб, одам босиб кетишади. Ўлим билан тугаган бу фожеа жазосидан уларни Рашидов қутқариб қолган.

Турғун Алиматов қариндошлари билан савдогарчилик қилиб, жиноий ишларга аралашиб қолади.  Уни қамоққа тиқиб қўйишганда Юнус Ражабий Рашидовга кириб, қутқариб қолган. Бобомурод Даминовни ҳам муқаррар ҳибсдан Рашидов сақлаб қолган. Мамадали Маҳмудов “Ўлмас қоя” асари учун КГБ нинг қаҳрига учраб, қамалиши аниқ бўлиб қолганида Рашидовнинг аралашуви билан бу балодан қутулиб қолган. Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповлар ҳам Рашидовнинг оталарча меҳри муҳаббати боис ўша КГБ найзаси ва зиндонидан омон қолишган.

Булар менинг билган ва эшитганларим, холос. Ижодкорлар ҳам худонинг бир бандаси. Уларга нисбатан – қонунларни четлаб эмас, балки халқ ва адабиёт манфаатини ўйлаб, давлат қараши ҳам бир мунча бошқачароқ бўлиши керак. Рашидов замонида Абдулла Қодирий ва Чўлпонлар оқланган. Бирорта ҳам ижодкор, адабиёт ва санъат намоёндаси, зиндонга ташланиш у ёқда турсин, ҳатто қораланмаган ҳам.

 Ёзувчини жиноят қилган пайтда жиноятга тортмаслик керак демоқчи эмасмиз. Яхши отга бир қамчи дейдилар. Уларни баъзан бир марта халқ ўртасида “Наҳотки?!” деб қаттиқ койиш ҳам етиб ортади. Поезд йўлдан чиққан бўлса, биз уни бирданига ағдаришни ўйлаймиз. Уни изга солишни ўйламаймиз. Ижодкорларни асраш керак деб минбарлардан жар соламиз. Ўз уйига ва юртига қўймай, аэропортдаёқ қўлига кишан солиб, бошига ёнғоқ чақаверсак, у ижодкордан нима қолади?

Ижод аҳлини қама-қамалар Усмонхўжаев, Нишонов давридан бошланди.  Миллат ойдини бўлмиш – зиёлиларни – шоир, ёзувчи ва журналистларни ер билан яксон ва хонавайрон қилишда Каримовга тенг келадиган аждаҳо бўлмаса керак.

Мирзиёев бу йўлдан бормаслигига ишонаман…

8.

Мен Мирзиёевнинг табиатини яхши ва яқиндан билган журналист сифатида бир нарсани ҳукм айтишим мумкин: Нурулло Отахонов тез орада ҳибсдан   озод этилади. Уни ноҳақ қамаган ва ундан жиноятчи ясамоқчи бўлган мулозимлар жазоланадими йўқми, буни аниқ айтолмайман.

Лекин Мирзиёев замонида ҳеч қачон ёзувчи одам зиндонбанд этилмаслигини яхши биламан. Мен бу гапни бугун бутун масъулиятни бўйнимга олган ҳолда қатъий ишонч билан дадил айтишим мумкин.

Ўзбекистон энди тамомила бошқача давлатга айланиш йўлидан кетди. Энди бунақанги эскича ўйин ва йўқ жойдан жиноятчи ясаш каби лўттибозлик ва масхарабозликлар кетмайди.

Мирзиёев бу йўлдан бормайди. Унинг замонида ёзувчилар зиндонга ноҳақ ташланмайдилар…

Исмат Хушев,

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,

28 сентябрь, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада…