Каримовнинг ғазабига учраган Исмоил Жўрабеков Мирзиёевни мақтади
(last modified Wed, 08 Nov 2017 03:14:44 GMT )
ноябр 08, 2017 08:14 Asia/Tashkent
  •  Исмоил Жўрабеков бир вақтлар ўта қудратли шахс сифатида кўрилган
     Исмоил Жўрабеков бир вақтлар ўта қудратли шахс сифатида кўрилган

Кузатувчилар Исмоил Жўрабековга Ўзбекистон қишлоқ хўжалик соҳасининг "ҳукмдори" дея тасниф беришган.

Ислом Каримов бошқарув даврининг илк йилларида Ўзбекистон ҳукуматида энг қудратли шахслардан бири бўлган Исмоил Жўрабеков марказий телеканал орқали кўрсатилди. Жиззахда Шароф Рашидов ҳайкали очилиш маросимида сўзлаган Исмоил Жўрабеков Рашидов ва Мирзиёвни мақтади.

У 1994 йилдан 1998 йилгача Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари - қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган.

Ҳокимият пиллапояларида икки йил кўринмай қолган Жўрабеков 2000 йил Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлиб ишга қайтган.

 Ўша йиллари у Ўзбекистонда Каримовдан сўнг иккинчи шахс сифатида қаралган. Бироқ Ислом Каримов мулозимларига хос равишда телевидение орқали сўзламаган.

"Ўша йиллари Каримов бир объектга келишидан олдин Исмоил Жўрабеков келиб уни тайёрларди. Қўриқчисиз, қуюн каби шитоб билан юрарди. Асосан рус тилида гапириб, ҳамма нарсани жой-жойига қўярди. Кичик амалдорлар уни ўша вақти Каримовдан кейинги Президент сифатида кўришарди", - дейди Тошкент шаҳар ҳокимият идораларида ишловчи шахс.

2004 йилгача Каримовнинг давлат маслаҳатчиси сифатида ишлаган Исмоил Жўрабеков Шавкат Мирзиёев Бош вазир этиб тайинлангач истеъфога чиқарилиб, нафақага жўнататилганди.

Орадан тўлиқ бир йил ўтиб, 2015 йилнинг 15 феврал куни "Халқ сўзи" газетасида Ўзбекистон Бош прокуратураси бўлим бошлиғи Э. Менглиев имзоси билан мақола чоп этилди.

"Қишлоқ хўжалиги: қарз ва масъулият" номли мақолада бир неча йил Исмоил Жўрабеков бошқарган, деб кўрилувчи қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муаммолар "фош қилинган".

Мақола муаллифи Исмоил Жўрабековни мансабини суиистеъмол қилишда, катта миқдорда давлат ва жамоатчилик мулкини ўмаришда айблайди.

Бош Прокуратура бундан ташқари Исмоил Жўрабеков давлат маслаҳатчиси бўлиб юрган вақтда ҳукумат ваколатларига кирган масалаларни ўзича ечгани, бошқарув идоралари фаолиятларига асоссиз аралашгани, ноқонуний буйруқлар бергани ва буларнинг ҳаммаси салбий оқибатларга олиб келганини ёзган.

Натижада, Бош прокуратура Исмоил Жўрабековга Жиноят кодексининг 3 моддаси бўйича жиноий иш очган.

Бироқ Жўрабековнинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, унинг ёши ва соғлиғини инобатга олиб Ўзбекистон Президентининг Конституция куни муносабати билан чиқарган амнистия фармони асосида жиноий иш тўхтатилган.

Каримов вафотидан сўнг ҳокимият тепасига келган Шавкат Мирзиёев бошқа коррупцион имиджга эга собиқ амалдорлар қатори Исмоил Жўрабеков номини ҳам оқлаган.

Шу йилнинг август ойида меҳнат фахрийси Исмоил Ҳакимович Жўрабеков «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.