Ўзбекистонда Қуръон курслари ташкил қилинади
Ўзбекистон мусулмонлар диний идораси ўз тасарруфидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида Қуръони карим ва тажвид ҳамда араб тилидан пуллик курсларни ташкил қилади. Олти ойлик курсларнинг тўлов миқдори 1,5 миллион сўм этиб белгиланган.
Ўқув курслари маҳаллий ҳокимиятлар билан келишилган ҳолда ташкил қилиниши айтилган. Ҳар бир гуруҳда 15 талаба илм олиши ҳамда гуруҳлар сони 4 тадан оширилмаслиги кераклиги кўрсатилган.
13 ноябр куни чиқарилган буйруқда айтилишича, ўқув курслари шу йилнинг 1 декабридан бошланади. Унда ўқиш истагини билдирган фуқаролар кетма-кетлиги асосида гуруҳлар ташкил этилади.
Ўзбекистонда 9 та мадраса ва иккита Ислом олий билим юрти бор.
Жиззах, Сирдарё, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё, Навоий вилоятларида мадрасалар йўқ.
Мусулмонлар диний идораси томонидан чиқарилган буйруқда уни назорат қилиш идора раиси ўринбосари Абдулазиз Мансуров зиммасига юкланганлиги кўрсатилган.
Ўзбекистонга қўшни Қозоғистонда деярли ҳар бир масжид қошида Қуръон курслари ташкил қилинган.
Бу курсларда истаган одам келиб, текинга таълим олиши мумкин.