Жўрақул бобонинг умиди Мирзиёевдан (ВИДЕО)
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида яшайдиган 95 ёшли Иккинчи Жаҳон Уруши фахрийси Жўрақул бобо Соҳибов ўз арзини фақат Президент Мирзиёев тинглашини истайди.
Ер устидан келиб чиққан можаро бир неча йилдан буён давом этмоқда, судда кўриб чиқилганида ҳам, Сурхондарё вилоят Адлия бошқармаси, Кадастр идораси масъуллари ҳам Жўрақул бобо ва фарзандларининг ҳақлигини айтганлар, расмий ҳужжатларда қайд этилган.
Уруш фахрийсини шу йил 9 май куни Сурхондарё вилоят ҳокими Эркин Турдимов хонадонига бориб табриклаган.
Ўшанда Сариосиё тумани раҳбарлари вилоят ҳокимига ер можароси ҳақида сўз очмасликни илтимос қилишган, тез кунда муаммони ҳал қилиб беришга ваъда берганлар.
Шу йилнинг сентябрь ойида Президент Мирзиёевнинг Давлат маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов Сурхондарё вилоятида сайёр қабуллар ўтказди.
Жўрақул бобонинг оиласи аъзолари Узун туманида ташкил этилган Турсинхон Худайбергенов билан учрашувга боришган ва сайёр қабул бўлаётган бинога киришга ҳаракат қилганлар.
Бироқ бу гал ҳам арзу-ҳол қилишга йўл берилмаган.
Октябрь ойида Интернетда видео эълон қилганлар.
Шундан кейин оила ўзларига нисбатан босим кучайганини, милицияга терговга чақирилганларини айтмоқдалар.