Токио-2020 қаҳрамонлари кутиб олинди. Уларга машина, уй ва пул мукофотлари топширилди
Токиода ўтган ёзги олимпиада ўйинлари ниҳоясига етди. Унда қатнашган ўзбекистонлик атлетлар 3 та олтин ва 2 та бронза медал билан умумжамоа ҳисобида 32-ўринни эгаллади.
9 август куни Ўзбекистон олимпия делегацияси Япониядан қайтиб келди. Жамоани кутиб олиш учун Тошкент халқаро аэропортига Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги ҳукумат аъзолари, ОАВ вакиллари, спортчиларнинг ота-оналари ва мухлислар йиғилди.
Делегация кутиб олингач, спортчилар журналистлар билан суҳбатда турнир борасидаги фикрлари билан ўртоқлашишди.
Олимпиадада бронза медални қўлга киритган эркин курашчи Бекзод Абдураҳмонов кейинги режалар ҳақида гапирар экан олдинда жаҳон чемпионати кутаётганини маълум қилди: «5 йилда яратиб берилган шароитлардан фойдаланиб натижа кўрсатмасак, уят бўларди. Ҳозирча UFC'га ўтмоқчи эмасман, чунки икки ойдан кейин жаҳон чемпионати бор. Кейин Осиё ўйинлари, кейин қарабсизки, бир пасда Париж олимпиадаси келиб қолади», деди курашчи.
Оғир атлетикада олтин медалга эга чиққан Акбар Жўраев Париж олимпиадасида ҳам ғолиб бўлиш ниятида эканлигини айтди: «Қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат. Бу медал халқимизники. 2024 йили Парижда бўлиб ўтадиган олимпиадада ҳам чемпион бўлишга ҳаракат қиламан».
Шундан сўнг терминал ташқарисида безатилган саҳнада олимпиячиларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда раҳбарлар, чемпионлар ва уларнинг оналари сўзга чиқиб, ўз хурсандчиликларини изҳор қилишди.
Тадбирдан сўнг делегация автобусларда Тошкент шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб Миллий Олимпия қўмитаси биносига йўл олди. МОҚ биноси олдида совриндор спортчиларга совғалар топширилди.
Олтин медал соҳибларига «Таhoe» автомобили, 200 минг доллар мукофот пули ва 3 хонали ҳовли совға қилинди. Бронза медалини қўлга киритган йигитлар эса «Trailblazer» автомобиллари билан бирга 50 минг доллардан мукофот ва квартира олишди.