Тоҳир Йўлдошнинг укаси 23 йиллик қамоқдан сўнг озод этилди (ВИДЕО)
Айрим оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган видеода Ўзбекистон Ислом ҳаракатининг собиқ раҳбари Тоҳир Йўлдошевнинг укаси Зоҳиджон 23 йиллик қамоқдан сўнг 2017 йилнинг октябрь ойида озодликка чиқани маълум қилинди.
Мазкур видео 11 январь куни ўзбек тилидаги бир қатор сайтларда пайдо бўлди. Унда Зоҳиджон Йўлдошев ўзининг озод этилгани тўғрисида гапирган.
Террорчи ташкилот сифатида тан олинган Ўзбекистон Ислом ҳаракатининг собиқ раҳбари Тоҳир Йўлдошев 2009 йилда Покистонда АҚШга қарашли дрондан берилган ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлган эди.
Тоҳир Йўлдошев Жума Намангоний билан биргаликда бу ҳаракатга 1990 йилларнинг бошларида асос солган эди. Ҳаракатнинг асосий мақсади Марказий Осиё минтақасида халифалик ташкил этиш бўлган.
2000-2003 йиллар оралиғида Қўшма Штатлар, Британия, Австралия, Канада ва Россия Ўзбекистон Ислом ҳаракатини террорчи ташкилот сифатида эълон қилган.
Тоҳир Йўлдошевнинг укалари бўлган Зоҳид, Муҳаммад ва Мадамин Йўлдошевлар1990 йилларда террорчилик айблови билан қамоққа олиниб, узоқ муддатларга кесилган эдилар.
Уларнинг онаси Кароматхон бир неча марта телевидения орқали фарзандларини қоралашга мажбур қилинган.
Озодликка чиққан Зоҳид Йўлдошев видеода Шавкат Мирзиёевни “халққа ғамхўрлик қилаётган президент” сифатида алқаган ва “президент менга ўхшаб адашганларнинг кўзини очаяпти”, деб айтган.