Собиқ эстрада юлдузи масжидда муаззинлик қилмоқда
90 чи йилларда ўзбек эстрадасида ўзига хос из қолдирган, "Жонон бўламан" қўшиғини ўзгача оҳангда куйлаган собиқ хонанда Дониёр Файз (Тошмуҳаммедов) Қуръон ҳофизи бўлди ва Тошкентдаги Истироҳат мавзесидаги "Абдулҳамид" масжидида муаззинлик қилмоқда. У Дониёр қори номи билан Telegram да канал ҳам очган.
Олдинроқ ижтимоий тармоқларда Дониёр Тошмуҳаммедовнинг Тошкент шаҳрид Истироҳат мавзесидаги "Абдулҳамид" масжидига имом бўлгани ҳақида хабарлар чиқди.
BBCUZBEK.COM Ўзбекистон мусулмонлар диний идораси Тошкент шаҳри имомлари вакилли матбуот котиби Аброр Мухтор Алий билан боғланиб ушбу хабарларга ойдинлик киритиб беришни сўради.
"Дониёр Тошмуҳаммедов интернетда ёзилаётгани каби Истироҳат мавзесидаги "Абдулҳамид" масжидига имом бўлганликлари йўқ. Аммо ўша ерда азон чақириб, Қуръон тиловат қилиб турадилар. У киши билан икки йил олдин кўришганимда Қуръоннинг 27 порасини ёдлаганини айтганди. Ҳозир тўлиқ ёдлаган бўлса керак", - дейди Аброр Мухтор Алий.
Тошкент имомлар вакиллиги матбуот котибининг айтишича, Собиқ хонандада диний маълумоти борлиги тўғрисида расмий ҳужжат йўқлиги боис имом бўлолмайди. Бироқ расман муаззинлик қилмоқда.
25 январ куни Telegram ижтимоий тармоғида Doniyor Qori канали очилди.
"Азизлар, ушбу канал орқали сиз билан мулоқотда бўлиб, дастурларимизга қуйидаги мавзуларни ҳам киритиш ниятидаман. Каминанинг Қуръони Каримдан қилган тиловатларим аудио ва видео тасмаси. Дунё ва охиратимизга оид энг долзарб мавзудаги мақолалар", деб ёзди канал соҳиби.
Унда Дониёр қори (Тошмуҳаммедов)нинг азон чақиргани ва Қуръон суралари тиловатини тинглаш мумкин.
Канал қисқа муддатда 3 мингдан ортиқ ўқувчи тўплаган. Ўқувчилар сони шиддат билан ошиб бораётганини кўриш мумкин.
Бундан ташқари у Қуръон ва суннатда мўминнинг қўрғони сифатида келган дуо ва зикрларнинг аудио тасмаси, изоҳ ва шарҳларини ҳам бериб боришини маълум қилган.
"Мега юлдуз! Унинг хар бир куйлаган қўшиқлари хит бўлган! Унинг мухлислари ҳали ҳануз қўшиқларини севиб тинглайди, унинг тароналари аксарият инсонларнинг ҳаётидаги муҳаббат, армон, болалик ва ёшлик тарихи билан боғлиқ", деб ёзади sayyod.com сайти асосчиси Сардор Комилов.
"Жонон бўламан деб" қўшиғининг эстрада йўналишида хали хеч ким ундан-да аъло маромига етказиб куйлай олгани йўқ. Шу қўшиқ янграши билан янги услубдаги рангли йўл-йўл чопонда экрандаги кўриниши кўз олдимдан кетмайди. У эстрада йўналишида жуда машҳур эди, ўша давр қизларининг ягона ёқимтойи… Бироқ сирли равишда санъатдан йўқолди", деб ёзади Сардор Комилов.
Дониёр Тошмуҳаммедов 1969 йил 23 февралда шифокорлар оиласида туғилган.
Илк мусиқий альбоми 1989 йил, охиргиси 2001 йил чиққан. "Ферузабону", "Табассум", "Қарашингдан", "Кишмишим" каби қўшиқлари анча машҳур бўлган.
Дониёр Тошмуҳаммедов 2009 йил берган суҳбатидан санъатдан кетгач тижорат билан шуғулланаётганини маълум қилган.
Маълум бўлишича, ўтган йиллар давомида собиқ хонанда Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаган ва Қуръон ҳофизи бўлган.