Ўзбекистондаги ЗОЛОТОЙ рақамли паспорт эгалари кимлар?
Ўша сайт маълумотларига кўра, серияси ва рақами AA 0000002 бўлган паспорт марҳум Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримовага, 0000003 рақамли паспорт бўлса унинг кенжа қизи Лола Каримовага тегишли.
Ўзбекистоннинг ҳар бир солиқ тўловчиси Давлат солиқ қўмитаси сайти ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали турли интерактив хизматлардан фойдаланиши мумкин. Халқ тилида ИНН, расмийчасига солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) дейиладиган справкани ҳам шу сайтлар орқали олса бўлади.
Бу хизмат одамлар солиқ идорасида бир қаторгина рақам ёзилган қоғозни олиш учун кимнингдир қовоқ-тумшуғига қараб қолмаслиги учун президент Каримов давридаёқ йўлга қўйилган. ИННни билиш осон - паспорт серия ва рақамлари керакли катакчаларга киритилса кифоя.
Масалан, паспорт серияси АА, рақамлари эса 0000001 бўлсин - бу Ўзбекистондаги энг биринчи паспортнинг эгаси демак. Солиқ қўмитанинг сайти бундай серия-рақамли паспорт Зангиота туманида истиқомат қилувчи исми Х, фамилияси Х ва отасининг исми Х бўлган жисмоний шахсга тегишли эканини кўрсатади.
Ўша сайт маълумотларига кўра, серияси ва рақами AA 0000002 бўлган паспорт марҳум Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримовага, 0000003 рақамли паспорт бўлса унинг кенжа қизи Лола Каримовага тегишли.
Серияни АА кўринишида қолдириб, рақамларни тартиб бўйича киритиб бораверсак, президент Мирзиёев ватан хоинлари деб атаган МХХ генерали Шуҳрат Ғуломов (АА 0000014) ва собиқ ИИВ вазири Адҳам Аҳмедбаевнинг (АА 0000021) паспорт маълумотлари ҳам чиқиб келади.
Мирзиёев томонидан "ҳаммаёқни порахўрлик қилиб юбориш"да айбланган собиқ бош прокурор Рашиджон Қодировнинг паспортида АА 0000010, президент танқидининг асосий нишони ҳисобланган Рустам Азимовникида эса АА 0000025 серия-рақамлар ёзилган.
Яқиндагина МХХ раислигидан олинган Рустам Иноятовнинг паспорт серияси ва рақами - АА 0000012, унинг турмуш ўртоғи Флора Иноятованики эса АА 0000020. Катакчаларга АА 2000000 деб маълумот киритилса, Солиқ қўмита раиси Ботир Парпиевнинг ўғли - Бобурнинг маълумотлари чиқиб келади.
Бахтли тасодиф?
Президент Шавкат Мирзиёев ва бошқа машҳурларга доир барча рақамларни чиқариш учун сайтдаги катакчаларга миллиардлаб вариантларни киритиб чиқиш керак бўларди. Шунга қарамай, президентнинг рафиқаси Зироатхон Ҳошимованинг дарҳақиқат қимматбаҳо паспорт рақамини топиш қийин бўлмади - АА 1000000.
Зикр этилган барча рақамларни ҳам "золотой" деб бўлмайди. Хаёлга биринчи келган бошқа "золотой номерлар" бўйича ҳам кўп ҳолларда узоқ чекка туманларда яшовчи, исми-шарифи оммага таниш бўлмаган одамлар чиқди. Аммо бошқа турфа ҳолатлар бор.
Масалан, АА 0001000 кўринишидаги қизиқарли рақам Шоҳиста Зоҳидова Шоҳиста қизига тегишли экан. АА 7777777 паспорт рақами Тошкентда яшовчи Аф Аф Аафнинг, АА 9999999 рақами бўлса наманганлик Хато Хато Хатонинг номида. Андижонлик Ма Му Азнинг паспорт рақами бўлса АА 0101010.
Рақамлари ёдда қоларли бундай паспортларни олиш учун машҳурлар ва оддий одамлар қандайдир қонуний-ноқонуний ҳаракат қилганми? Ёки бу паспорт столидагиларнинг илтифоту хушомадими? Ё бу бахтли тасодифми?
Би-би-си ушбу саволларга жавоб олиш учун Давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилди.
Солиқ қўмитаси раисининг матбуот котиби Музафффар Назаров бу саволларга жавоб беролмаслиги, уларни қўмитанинг IT-мутахассисларига ҳавола қилишини билдирди.
Би-би-си бу борада расмий изоҳ олишга ҳаракат қилмоқда.
BBC