Ҳажга бориш тартибини биласизми?
(last modified Sat, 16 Jun 2018 05:34:59 GMT )
июн 16, 2018 10:34 Asia/Tashkent
  • Ҳажга бориш тартибини биласизми?

“Ҳаж” тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш ҳукуматнинг 2017 йил 7 июндаги қарори билан тасдиқланган “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низом билан тартибга солинади, деб хабар бермоқда “Ҳуқуқий ахборот” канали.

“Ҳаж” тадбири Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида амалга оширилади.

“Ҳаж” тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ маълумотлар (фуқароларнинг ҳаж ва умра сафарларига навбати, сафар учун ажратилган ўринлар, тўловларнинг миқдори ва бошқалар) мунтазам равишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий веб-сайтида эълон қилиб борилиши лозим.

“Ҳаж”га бориш учун талабгор доимий яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ариза ҳамда паспорти нусхасини тақдим этиши керак.

Ариза уларнинг доимий яшаш жойларидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан йил давомида қабул қилиниб, навбатга қўйиб борилади.

“Ҳаж”га боришга навбатга қўйиладиган номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

• номзод моддий ва жисмоний жиҳатдан “Ҳаж” тадбирига қодир бўлиши;• “Ҳаж” амалларини тўғри ва тўла-тўкис адо этиши учун етарли диний билимга эга бўлиши;• номзод маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши;• оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалла фуқаролар йиғинидаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда ибрат бўла олиши;• йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши, маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказиладиган хайрия тадбирларида иштирок этиши.

Бундан ташқари “Ҳаж”га бормоқчи бўлган фуқаро:

• “Ҳаж”га илгари бормаган бўлиши;• вояга етган бўлиши;• 45 ёшгача бўлган аёллар учун маҳрамлари (эри, отаси, ўғли, акаси, укаси ва ҳ.к.)нинг ҳам бирга бориши ҳамда маҳрам эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома) нусхаси тақдим этиши лозим.

Саралаш натижасига кўра Ҳажга боришга навбатга қўйиладиган номзодлар рўйхати тегишли ҳудуддаги масжид ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари биноларида эълон қилинади ҳамда 15 кун мобайнида улар бўйича жамоатчилик фикри ўрганилади.

Жамоатчилик томонидан билдирилган таклиф ёки эътирозлар 5 кун муддатда кўриб чиқилади ва текширилади.

“Ҳаж”га борадиган зиёратчиларни рўйхатга олиш учун маҳалла органлари туман (шаҳар) ҳокимлиги муҳри билан тасдиқланган, варақлари рақамланган, ип ўтказиб тикилган журнал юритади.

Ҳар йили “Ҳаж” мавсумлари бошланишидан олдин маҳалла органлари тегишли квота тасдиқлангандан кейин икки кун мобайнида, ажратилган квотага мувофиқ ўзининг ҳудудидан “Ҳаж”га борадиган зиёратчилар рўйхатини навбат бўйича тузади ҳамда имзо ва муҳр билан тасдиқлаган ҳолда туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ҳаж” ва “Умра”ни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича ташкилий гуруҳга тақдим этади.

Рўйхат бўйича навбати келган фуқаролар ташкилий гуруҳ томонидан Саудия Арабистонига жўнашдан камида бир ой олдин ёзма шаклда почта орқали хабардор қилинади. Фуқаронинг почта орқали хабардор қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат ташкилий гуруҳда сақланади.

Рўйхат бўйича навбати келган, бироқ зиёратга бормайдиган ёки зиёратга бориш имкони бўлмаган фуқаролардан бу ҳақда ариза олинади.

“Ҳаж”га маҳрами билан бориши лозим бўлган аёлларнинг навбатга ёзилган маҳрами зиёратга бора олмаган тақдирда унинг ўрнига аёлнинг бошқа маҳрами бориши мумкин.

“Ҳаж”га бориш учун рўйхатда турган фуқаронинг ўз навбати келганда муайян сабабларга кўра зиёратга бориш имкони бўлмаса, у ариза билан навбатини бир йилгача муддатга орқага суриши мумкин.

Бир йилдан сўнг ҳам фуқаронинг муайян сабабларга кўра зиёратга бориш имкони бўлмаса унинг навбати бекор қилинади.

Почта орқали хабардор қилинган фуқаро зиёратга оид ишларни амалга ошириш учун ташкилий гуруҳга мурожаат қилмаса, ташкилий гуруҳ вакили мазкур фуқаронинг яшайдиган манзилига бориб, фуқарони ёки унинг яқин қариндошларини ёхуд у билан бирга яшайдиган бошқа шахсларни ёзма тарзда хабардор қилади.

Ёзма хабардор қилинган фуқаро ташкилий гуруҳга мурожаат қилмаса ёки фуқаронинг яқин қариндошлари ёхуд у билан бирга яшайдиган бошқа шахслар навбатда турган фуқаронинг муайян сабабларга кўра зиёратга бора олмаслигини маълум қилса, ташкилий гуруҳ томонидан фуқаронинг яқин қариндошлари ёки у билан бирга яшайдиган бошқа шахслар билан ҳудуддаги фуқаролар йиғини раиси ва ички ишлар органларининг профилактика инспектори иштирокида далолатнома тузилиб, мазкур фуқаронинг навбати бекор қилинади.

Навбатда турган фуқароларнинг ўз навбатини ўзаро алмаштиришига ёки уни рўйхатда турмаган фуқароларга беришига йўл қўйилмайди.