Шайх Нажмиддин Кубро
(last modified Mon, 07 Jan 2019 08:41:21 GMT )
Январ 07, 2019 13:41 Asia/Tashkent
  • Шайх Нажмиддин Кубро
    Шайх Нажмиддин Кубро

Мусулмон оламидаги энг забардаст мутасаввуф донишмандлардан бири буюк Шайх Нажмиддин Кубродир.

Мусулмон оламидаги энг забардаст мутасаввуф донишмандлардан бири буюк Шайх Нажмиддин Кубродир. .Абул-Жанноб ва Томатул Кубро лақабларига сазовор бўлган тасаввуфнинг Кубравия силсиласининг асосчиси Нажмиддин Кубронинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад Хивақий ал-Хоразмийдир. Ҳижрий олтинчи ва еттинчи асрларда яшаган Нажмиддин Розий, Мажиддин Бағдодий, Саъдиддин Щамавий, Сайфиддин Баҳорзий ва Баҳоуддин Валад каби сиймолар у кишининг мурид ва шогирдлари бўлган.Ахмад ибн Умар Абул-Жанноб Нажмиддин Кубро 540 ҳижрий йилда Хоразмнинг Хивақ шаҳрида дунёга келади.

Эроннинг машҳур шахсиятлари

Абдураҳмон Жомий ўзининг «Нафаҳот-ул-унс» асарида ёзиши-ча, Нажмиддин болалик пайтидаёқ илм истаб Мисрга равона бўлади. Мисрда Рузбеҳон Ваззон ал-Мисрий (вафоти 584/1188) деган олим даргоҳида таълим олади. Ал-Мисрий эса, ўз навбатида, машҳур мутасаввуф донишманд Абу Нажиб ас-Сухравардийдан таълим олган эди. Рузбеҳон уни ўз ўғлидек яхши кўриб, алоҳида меҳр билан тарбия қилади, ҳатто қизини никоҳлаб бериб, ўзига куёв қилиб олади.Аммо илмга чанқоқ Нажмиддин Кубро кўп ўтмай Табризга бориб, у ердаги Имом Абу Мансур Щафда деган донишманддан исломий илмларни ўрганади ва Табризда шайх Бобо фараж, Аммор Ясир, Исмоил Касрий каби улкан мутасаввуф донишмандлардан тасаввуфга оид кўпгина зоҳирий, ботиний илмларни ҳам эгаллайди. У киши шайх Исмоил Касрий қўлида тасаввуфий хирқапуш даражасига етиб, ул ҳазратнинг оқ фотиҳасини олади. Сўнгра, Мисрдаги устози ва қайнатаси Рузбеҳон маслаҳати билан ўз ватани-Хоразмга қайтиб келиб хонақоҳ қуради ва шогирдлар тарбиясига катта эътибор беради, «Кубравия» ёки «Заҳобия» тариқатига асос солади. Бу тариқат таълимоти ҳадис ва шариатга асосланган бўлиб, ўз даврида Хуросон, Мовароуннаҳр, Ҳиндистон ва бошқа мусулмон мамлакатлари халқлари орасида кенг тарқалади. Мазкур тариқат соликлари орасида зикрни овоз чиқармасдан (хуфия) ижро қилиш усули жорий бўлган.«Рашаҳот айн-ул-ҳаёт» асарининг муаллифи Фахруддин ас-Сафий ўз асарида ҳазрати Абдураҳмон Жомий фикрларига таянган ҳолда, Нажмиддин Кубронинг зикри хуфия талқини тўғрисида сўз юритади ва шайх Кубро фикрича, зикр жараёни инсонларнинг нафас олиш (танаффус) жараёни билан чамбарчас боғлиқ эканлиги ҳақида шундай маълумот беради: «Ҳазрат Маҳдуми Нуриддин Абдураҳмон ал-Жомий айтишларича, шайх Абул-Жанноб Нажм ал-Кубро қудси Аллоҳи руҳи ўзининг «Фавотих ал-жамол» рисоласида ёзганларидек, ҳайвонларнинг нафас олиши бир табиий зарурият туфайли юз беради. Инсонлар ҳам аслида айни ўша зарурият юзасидан нафас оладилар, лекин ўшандай нафас олиш жараёнида инсон ғойибона ҳаққу субҳонаҳунинг муборак номини зикр қилади.Али Акбар Деҳхудонинг машҳур «Луғатнома»-сида келтирилишича, «у кишининг Кубро деб аталишларига сабаб шуки, беҳад зийракликлари ва туганмас заковатлари туфайли ҳар қандай муаммоли масалани сўралганда ҳал қилиб берар эдилар ва ҳар ким у киши билан баҳс-мунозара қилса, ғолиб чиқар эдилар».Шунингдек, у кишини Томатул- Кубро, яъни буюк бало ва қазоларнинг олдини олувчи, халоскор деб ҳам аташган. Абул-Жанноб деб аталишларига сабаб эса, у кишининг дунёвий икир-чикирлардан узоқтурганликларидир. Ул зотни «Валитарош» (валийларни парваришлаб етиштирувчи) деб ҳам аташган. Чунки умрлари давомида ўн икки кишини ўз муридликларига қабул қилганлар ва уларнинг барчасини шайх даражасига етказганлар. Улар қаторида машҳур шайхлардан Фаридиддин Атторнинг отаси Мажидиддин Бағдодий (вафоти 1219) ва Жалолиддин Румийнинг отаси Баҳоуддин Валад, Нажмиддин Дойа Розий, Саъдиддин Ҳамавий, Сайфиддин Баҳорзий ва бошқалар бор.Нажмиддин Кубронинг Хоразмдаги сўнгги ҳаёти ўта оғир, шиддатли ва мураккаб шароитда кечади. Бу даврда Турон ўлкасидаги Хоразм, Шош, Бухоро ва Самарқанд ҳукмдорларининг ноаҳиллиги, танг назарлилиги туфайли мўғулларнинг Туркистонга қилаётган ҳамлалари кучайиб, Чингизхон лашкарбошилари Мовароуннаҳрдаги йирик шаҳарларни бирин-кетин беаёв босиб олишга муваффақ бўлган. 1221 йилнинг жумоди ул-аввал (июл) ойида Чингизхон лашкарбошиларидан бири Хулагухон ўзининг ёш ўғли, тумонат лашкари билан Урганч қалъасини ўраб олади. Урганч шаҳри қамал ичида қолиб, аҳоли ниҳоятда оғир шароитда азоб чекаётган бир аснода мункиллаб қолган, етмишдан ошган Нажмиддин Кубро халқ орасидан лашкар тўплаб, қўлида қурол билан қалъани бир неча кун давомида душман ҳамлаларидан сақлаб туради.Нажмиддин Кубро юксак обрўга эга бўлса ҳам, камтарона ҳаёт кечирган. Аммо у кишининг баъзи муридлари мамлакат миқёсида шунчалик нуфузга эга бўлганларки, ҳатто Фахриддин Розий каби файласуф ва султон Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳам уларнинг рақобатидан хавотирланганлар. Масалан, «Султонул-Уламо» лақабига эга бўлган Жалолиддин Румийнинг отаси Баҳоуддин Валад Балх шаҳрининг уч юзга яқин файласуф олимлари билан баҳс юргизган ва уларни юнон фалсафаси билан ортиқча шуғулланишда айблаган. Нажмиддин Кубронинг бошқа бир шогирди, ўз навбатида шайх Фаридиддин Атторнинг муршиди бўлган хоразмлик Мажиддин Бағдодий ҳокимиятдаги ишларни танқид қилгани учун қатл қилинган. Лекин унинг минглаб шогирдлари бўлган. Баъзида Султон Муҳаммад Хоразмшоҳнинг ўзи ҳам шайхларнинг ҳузурига келиб, уларни зиёрат қилиб турган.Нажмиддин Кубро мўғул босқинчиларига қарши ўз муридлари билан шиддатли жангга кириб, шаҳид бўлган. Жангдан кейин, у кишининг жасадини дарҳол топиша олмаган. Чунки ул зот қийма-қийма қилиб ташланган эди. Шаҳид бўлганликлари ҳақидаги маълумотни ҳижрий 710(1311) йидда ёзилган Рашидиддин Фазлиллоҳнинг «Жомеат ул-таворих» («Тарихлар тўплами») асарида учратамиз.Чингизхон шайх Нажмиддан Кубронинг машҳурликларини эшитган бўлганлигидан Хоразмга ҳужум қилиш олдидан, у кишига чопар юбориб, «Мен Хоразмни қатлиом қилмоқчиман, шунинг учун Сиздек улуғвор шахсни у ердан кетиб, бизга қўшилишингизни сўрайман», деган. Аммо шайх унга жавобан: «Мен етмиш йил умрим давомида хоразмликлар билан турмушнинг аччиқ-чучугини бирга тортганман. Энди улар бошига бало-қазолар ёғилаётган пайтда қочсам мурувватдан бўлмайди», -деган.

Шайх Нажмиддин Кубронинг мақбараси 

Бу воқеа ҳижрий 618 (1221) йидда рўй берган. Бу ҳақдаги маълумот «Тарихи гузида» («Танланган тарих»), Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс», кейинчалик эса, «Равзат ул-сафо», «Ҳабиб ус-сияр» ва бошқа машҳур тарихий китоб ва тазкираларда ҳам учрайди.Ҳижрий 733 (1334) йидда Хоразмга сафар қилган машҳур араб сайёҳи ибн Баттута Урганч шаҳридан чиқа беришдаги зовияда Нажмиддин Кубронинг мақбараси ва бошқа улуғларнинг мозорини кўрганлигини ёзади.Нажмиддин Кубро бир неча илмий асарлар ва рубоийлар ёзган-ки, улар жуда кўп тазкираларда учрайди. У ўз қарашларини араб тилида ёзган бир қатор рисолаларида баён қилган. Улардан асосийлари «Фавоъих ал-Жамол ва фаовтих ал-Жалол», «ал-Усул ал-ашара», «Рисолат ал-Хоъиф ал-хаъим мин лаумон ал-лаъим» ва бошқалардир. Бу асарлар араб мамлакатлари ва Туркияда босиб чиқарилган. Унинг араб тилида ёзган «Рисолатун одоб ул-зокирин» («Зикр айтувчилар одоби ҳақидаги рисола») асарининг Абдураҳмон Жомийнинг шогирди Абдулғофур Лорий томонидан форс тилига қилинган таржимаси бизгача етиб келган ва Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида № 503-Х рақами остида сақланмоқда. Бу асарнинг асли номи арабча «Ал-Усул ал-ашара» («ўн усул» ёки «ўн асос») деб аталади. Туркияда ушбу асар турк тилига таржима қилиниб, нашр этилган. Маълумки, Кубро ҳақиқат асрорига етишиш мақсадида ўз тасаввуф мактабини яратди. Унинг ақидасига кўра, инсон ўз моҳияти эътибори билан микрокосм, яъни кичик оламни ташкил этадики, у макрокосм, яъни катта дунё бўлган коинотдаги барча нарсаларни ўзида мужассамлаштиради. Аммо илоҳий сифатлар юқори самовий доираларда бирин-кетин ўзига хос мақомларда жойлашганлигидан, ҳақиқат йўлини қидирувчилар бундай юксакликларга кўтарилиб, илохий сифатларга эга бўлиши учун, яъни камолотларга эришиши учун, маълум риёзатли йўлларни ўтишлари зарур. Бунинг учун эса, ҳар бир киши ўн асосга таянмоғи керак: Тавба, Зуҳд фи-дунё, Таваккал, Қаноат, Узлат, Мулозамат аз-зикр (узлуксиз зикр), Таважжуҳ, Сабр, Муроқаба (тафаккурга ғарқ бўлиш), РизоЎн усулдан чиқариладиган натижа шундаки, ўлмайдиган шахснинг ёди унинг нафсини мағлубиятга учратган сифатларида яшайди.Нажмиддин Кубро шаҳид бўлгандан сўнг, унинг таълимотини шогирдлари давом эттириб, Марказий Осиё Кубравия мактабини вужудга келтирдилар. Бу биродарлик фирқаси аъзоларини бирлаштирган нарса расмий ташкилот эмас, балки таълимотнинг руҳи ва мақсади эди.

Шайх Нажмиддин Кубронинг зиёратгоҳи

Юқорида айтилганлар шундан гувоҳлик берадики, Нажмиддин Кубро таълимоти бутун мусулмон Шарқи мамлакатларида кенг тарқаган бўлиб, ҳозирда ҳам унинг кўринишларини учратиш мумкин.Шундай қилиб, Нажмиддин Кубро тасаввуф таълимотининг ривожи ва бутун мусулмон Шарқида кенг тарқалишида катта роль ўйнади. Унинг номи ислом оламида машҳур бўлди.