Абу Жаъфар Муҳаммад бин Жарир Табарий
(last modified Sun, 13 Jan 2019 15:06:29 GMT )
Январ 13, 2019 20:06 Asia/Tashkent
  • Абу Жаъфар Муҳаммад бин Жарир Табарий
    Абу Жаъфар Муҳаммад бин Жарир Табарий

Олимлар орасида Ибн Жарир Ат-Табарий тарихнинг отаси деб тан олинганидек, тафсирнинг отаси деб ҳам тан олинган.

Қуръони каримнинг буюк муфассири ва тарихшунос Абу Жаъфар Муҳаммад бин Жарир Табарий ҳижрий-қамарий 224 йилда Эрон шимолида жойлашган Омул шаҳрида таваллуд топди. У ўткир зеҳнга эга бўлиши сабабли бошланғич маълумотини уша шаҳарда олди. У 12 ёшга кирганида, отасининг тарғиб ва ташвиқ этиши билан билимини мукаммаллаштириш учун сафарга чиқди. У Рай, Бағдод, Шом ва Мисрга сафар қилиб, у ердаги устодлардан фалсафа, фиқҳ ва ҳадис илмларини ўрганди. Табарий охири Бағдодда  қолиш хулосасига келди ва ўз умрининг охиригача уша ерда яшаб фаолият олиб борди. Табарий Бағдод шаҳрида ҳадис, тарих ва фиқҳ илмида ўз билимини кенгайтиришига қўшимча, ўз шогирдларини ҳам тарбиялаб вояга етказди. Шунингдек бу шаҳарда ўзининг қимматбаҳо асарлари, жумладан “Қуръони мажид тафсири” ва “Тарих” китобини ёзди.

Абу Жаъфар Муҳаммад бин Жарир Табарий ҳижрий-қамарий 310 йил шаввол ойининг 26 кунида Бағдодда вафот этди. Уни ўз уйида дафн этишди.

У кишининг ёзган машҳур китоблари:

Жомеъул баён фи тафсирил Қуръон;

Китобут-тарих;

Китобул-қироот;

Вал-адад ват-танзил;

Китоб ихтилофил-уламо;

Тарихур-рижал минассаҳобати ваттобеъин.

Абу Жаъфар Муҳаммад бин Жарир Табарийнинг муҳим асарларидан бири бу “Қуръон тафсири” ҳисобланади.

   

Абу Жаъфар Муҳаммад бин Жарир Табарий Қуръони мажид оятларини тафсир этиш учун ўзига хос намуна ва йўлни танлайди ва ҳар бир оятни тафсир этишда ўз усулидан фойдаланади. Унинг усули шундан иборатким, ҳар бир оятни зикр этишдан кейин дастлабки баҳс-мунозарада уша оятнинг тафсири ва қироатининг турли шакллари ҳақида ўз нуқтаи назарини баён этади. Сўнгра, ушбу оят нозил бўлганининг сабабини зикр этади.

Виктория университетининг исломий тадқиқотлар бўйича устоди Андрей Репиннинг фикрига кўра, “шаъни нузул” атамаси биринчи маротаба Табарий томонидан ишлатилган. Табарий кейин турли далилларга таяниб уша оятга тегишли ривоятларни зикр этишга киради.

Тафсири табарий 

Табарий ҳар бир оят ҳақида баён этган дастлабки баҳс-мунозарасида оятларнинг қийин атамалари ва сўзларини шарҳ-изоҳ беришда ўз тафсирий нуқтаи назарини баён этиш учун Қуръонинг бошқа оятлари, луғат илми, жоҳилият даврида ижод этилган шеърлар ва араб тилининг балоғат ва грамматикасидан баҳраманд бўлади. Арабларнинг жоҳилият давридаги шеърларидан фойдаланиш Табарийдан олдин фойдаланилмаган эди.

Доктор Пир Ҳайс фикригак кўра, Табарий тафсир ҳақида нуқтаи назарини изҳор этиши шуни кўрсатадики, Қуръон оятларини тафсир этишда унинг муносабати фикрий жиҳатга асосланади. У оятларни тафсир этишда сўзларнинг маъноларини баён этишга сайъ-ҳаракат қилади.

Муаллиф баъзи ривоятларни танқид қилганида ёки тўғрироқ эканини баён қилишда қуйидаги ўлчовларга таянади:

1) тарихий ўлчовларга, яъни ровийларнинг ишончли ёки заиф эканига;

2) илмий ўлчовларга, яъни Қуръон тили бўлмиш араб тилига, араб шоирларининг сўзларига қанчалик тўғри келишига;

3) оятнинг ўқилишига, мазкур кўринишдаги қироат саҳиҳ ёки заиф эканига;

4) уламолар ўртасида маълум бўлган эътиқод ва аҳком асосларига;

5) шунингдек, бундан бошқа илмларга таянган.

“Тафсири Табарий” китоби тафсир китобларининг ичида энг машҳур китоблардан бўлиб, тафсир илмида мукаммал ёзилган китоблардан биридир. Муҳаммад Ҳусайн аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ  айтади: “Ибн Жарирнинг тафсири тафсир китобларининг энг буюк ва  машҳурларидан ҳисобланади. Ушбу китоб муфассирлар наздида нақлий тафсирларининг биринчиси, аҳамиятга ақлий тафсир манбаларидан биридир”.

“Тафсири Табарий” китобининг дастлабки нусхаси (ўттиз минг варақ) ҳозирги нусхасидан (уч минг варақ) анча катта ва кенг бўлган, сўнгра муаллиф уни қисқартириб, ҳозирги кўринишга келтирганлар.

Ибн Жарирнинг тафсири ўзига хос аниқлик билан ёзилган. Бу тафсирни аста варақласангиз, биринчи бор кўзга ташланадиган нарса тафсирига киришмоқчи бўлган оятни: «Аллоҳ таолонинг бу-бу оятлари таъвили хусусидаги гап» ибораси билан таништиришидир. Ундан кейин эса оятнинг мазмунини шарҳлашга ўтади ва бу оятлар хусусида саҳобийлардан, тобеийлардан ривоят қилинган нақлий ҳадисларни ҳужжат сифатида келтиради. Агар бир оятнинг мазмунида икки ёки ундан ортиқ фикр мавжуд бўлса, ҳар бирини алоҳида келтириб, бу фикрларни тасдиқловчи ривоятларни саҳобалар ва тобеийлардан алоҳида-алоҳида ривоят қилади. Ривоятларнинг ўзи билан кифояланмасдан уларнинг ҳар бирини таҳлил қилиб, икки фикрдан қайси бири қувватли эканлигани таржиқ қилади. Шунингдек, агар зарурат тақозо қилса, баъзи оятлардан ҳукмлар ва хулосалар ҳам чиқаради.Ибн Жарир мустақил фикр билан тафсир қиладиган «асҳобур-рай» муфассирлар билан доимий мухосама ва мунозара қилади. Унинг фикрича, ҳар бир муфассир тафсирда саҳобий ёки тобеийнинг илмига, ундан нақл қилинган ривоятларга, албатта, мурожаат қилиши шарт. Саҳиҳ тафсирнинг аломати ёлғиз шудир.   Ибн Жарирнинг қироатлар хусусида ҳам сўз юритиши унинг машҳур қироат олимларидан бири эканлигидадир. Ҳатто олимлар унинг қироатлар ҳақида 18 жилдли китоб ёзганини, унда машҳуру-ғайри машҳур қироатларни муфассал баён этиб, шарҳлаганини ва машҳур қироатлар йўлидан чиқмаган ҳолда биттасини танлаб олиб ўзи қироат қилганини ривоят қиладилар. Афсуски, кўплаб ноёб илмий хазиналар сингари Ибн Жарирнинг бу асари ҳам замонлар тақозоси билан йўқолиб кетган ва бизгача етиб келмаган.

Ибн Жарирнинг тафсирида яҳудийлардан нақл қилинган хабарлар учрайди. Улар Каъб ул-Аҳбор, Ваҳб ибн Мунаббаҳ, Ибн Журайж, Ас-Саъдий ва бошқа аввалда яҳудий динида бўлган, кейин Исломни қабул қилган уламоларга нисбат бериб ривоят қилинган.