Январ 19, 2019 13:49 Asia/Tashkent
  • Ўзбек жангарилари ватанга қайтишадими?
    Ўзбек жангарилари ватанга қайтишадими?

Сурия илк бор ўз ҳудудида жанг қилган ўзбекистонлик жангариларни ҳам ортга қайтариш истагини билдирган. Бу ҳақда Сурия курдларининг Москвадаги расмий вакили Ршад Биенаф Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги билан суҳбатида билдирган.

Унинг сўзларидан маълум бўлишича, ўзбекистонликлар Суриядаги курдлар асир олган мингдан ортиқ жангари орасида бўлишган.

Вакилнинг айтишича, курдлар бу жангариларни ўз мамлакатларига қайтаришга тайёр.

"Бу давлатлар аксариятининг ҳукуматлари эса, ўз фуқароларини ортга қайтариб олишга шошилишаётгани йўқ".

Улар орасида Ўзбекистон ҳукумати бор-йўқлиги маълум эмас.

"Новости" ахборот агентлиги хабарида Ршад Биенаф бу мамлакатлар номини очиқламагани кўрилади.

Ўзбекистоннинг ўзида бундан аввал ИШИД сафларига қўшилган ва қўшилмоқчи бўлган қатор шахслар устидан маҳкама жараёнлари бўлиб ўтган.

Аммо Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил сентябрь ойида афв тўғрисида махсус фармон қабул қилган.

Бу фармон жангари гуруҳларга "адашиб кириб қолган ва пушаймон бўлган фуқароларни афв" этишни кўзда тутади.

Унинг қабул қилиниши ортидан, қанча сондаги ўзбекистонлик жангарининг ортга қайтгани маълум эмас.

Ўзбекистон президентининг Афғонистондаги махсус вакили яқинда Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида бу масалага имкон қадар ойдинлик киртишга уринган.

"Менинг хабарим борки, чет элда қолиб кетган, чет элда бўлган Ўзбекистон фуқаролари тавба қилиб, шу йўлга адашиб кириб қолганликларини таъкидлаб, кўпчилиги ўз Ватанларига қайтиш истагини билдиришаяпти", - деб айтганди Исматилла Иргашев.

 

Ўзбекистонлик қолган жангарилар қаерда?

Сурия ва Ироқда жанг қилган ўзбекистонлик жангариларнинг сонига оид энг сўнгги рақамлар 2017 йил охирида эълон қилинган.

Американинг "Soufan" тадқиқот маркази уларнинг сонини ўшанда 1500 тага нисбат берган.

Марказнинг ҳисоботи Яқин Шарқда ИШИД гуруҳи мавҳ этилганига оид баёнотлар ортидан кузатилган.

Бу каби баёнотлар манзарасида ўзбек жангариларининг сўнгги тақдирлари борасидаги аниқ маълумотлар ҳануз имконсизлигича қолмоқда.

"Soufan" тадқиқот маркази ҳам ўз ҳисоботида ортга қайтган ўзбекистонлик жангарилар борасида ўзларида бирор бир маълумот йўқлигини айтган.

Орада эълон қилинган бошқа халқаро ҳисоботларда эса, Яқин Шарқда жанг қилган Марказий осиёлик жангариларнинг кўпчилиги ўзбеклар экани қайд этилган.

Ўзбек жангариларининг Сурия ва Ироқда уч гуруҳ: "Имом Бухорий" катибаси, "Тавҳид ва Жиҳод" ва ИШИДнинг "Хуросон" қаноти сафларида жанг қилишгани ишонилган.

Ҳарбий экспертлар уларнинг кўпчилигини ўтмишда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларида Афғонистонда жанг қилган ўзбекларга нисбат бериб келишган.

Куни-кеча курдларнинг Сурияда фаолият олиб борувчи Миллий мудофаа отрядлари асир олган жангарилар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлигига оид хабарлар олинган.

Шундай экан, Сурия ва Ироқда жанг қилган ўзбекистонлик жангарилар ҳозир қаерда? Улар ортга, Ўзбекистонга қайтишадими? Йўқ, бўлса, уларнинг кейинги тақдирлари нима бўлади?

Би-би-си Ўзбек Хизмати сўнгги хабарлар манзарасида худди ана шундай саволларни   Би-би-сининг Яқин Шарқ ва Шимолий Кавказдаги жангари гуруҳлар бўйича эксперти Мурад Батал Шишанийга берди:

 Мурод Шишаний: Ўзбек жангариларининг жиҳодчи ҳаракатлар сафларидан жой олишганига анча бўлган. Бунинг тарихи ҳали мужоҳидлар Шўролар Иттифоқига қарши жанг қилган Афғонистонга бориб тақалади. Ўша ерда (ҳозирда марҳум - таҳр.) Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний ўзбек жангари гуруҳларининг асос-ўзагига айланишади. Кейин жиҳодчилик Сурия ва Ироққа кўчади. У ерда янгича тус олади, янгича даражага кўтарилади. Ўзбек жангариларининг сонига келсак, бу анчайин мушкул савол. Чунки бу борада аниқ ҳисоб-китоблар йўқ. Қолган Марказий Осиё, Чеченистон ва доғистонлик жангарилар қўшиб ҳисобланганда, уларнинг сони минглаб бўлиши мумкин. Фақат ўзбек жангариларининг тахминий сонини 700 дан 1000 тагача, деб нисбат берган бўлардим. Яна Афғонистонга қайтсак. Бу ерда ўзбек жангарилари Ўзбекистон Исломий ҳаракати қиёфасида бўй кўрсатишади. Бу ўша пайтда Ўзбекистонда амалда бўлган Ислом Каримов тузумини ағдариш истагидаги ягона ўзбек жангари гуруҳи эди. Сурия инқирози юзага келгач, ўзбек жангарилиги бошқа бир қиёфада намоён бўлади. Ўзбек жангарилари "Имом ал Бухорий катибаси" номи остида энг йирик гуруҳлардан бирига айланишади. 2014 йилга келиб, уларнинг сафларида парчаланиш юз беради. Улардан айримлари ИШИД гуруҳига қўшилишади. Бошқалари эса, кейинчалик суиқасд қурбонига айланишади. Шу жумладан, катиба лидери (амири) Шайх Салоҳиддин Ўзбекий ҳам ўлдирилади. ИШИД гуруҳи эса, халқаро коалициялар, Сурия ва Ироқ ҳукумат кучларининг ҳужумлари натижасида мавҳ этилади.

Би-би-си: Шундай экан, "Имом ал Бухорий" катибасининг бугунги аҳволи, куч-қудрати ҳақида нима дея оласиз? Улар қаерда?

Мурод Шишаний: "Имом ал Бухорий" катибаси ҳануз кучли. Чунки улар ҳозирда ўзини "Жабҳат ан Нусра Фатҳул Ислом", деб атовчи гуруҳ билан иттифоқчи тутинишган. Бу гуруҳ "ал-Қоида" тармоғининг ҳам иттифоқчиси бўлади. Кўриб турганингиздек, ҳозирги манзара бир бутун, яхлит эмас. Ҳозир ан-Нусра жабҳаси Суриянинг Идлиб шаҳри ва атрофини назорат қилиши маълум. Худди шу боис ҳам, энди мазкур гуруҳ ҳақида кўп эшитсак керак. Аммо улар ўзларининг гуруҳлар ўртасидаги ички жангларга қўшилмасликларини баён қилишган. Бу "мусулмонлар ўртасидаги нифоқ", дейишган, Сурия инқирозининг жорий босқичида турли гуруҳлар ўртасида жанглар ҳам давом этмоқда. Бу гуруҳлар ҳануз Сурияда. Улар ҳам асосан Идлибдан бошпана топишган. Айримлари яна Ҳалаб атрофидаги қишлоқларга ўрнашишган. Чунки бу ерлар Суриянинг ҳозир ҳукумат назорати остида бўлмаган ягона минтақаси бўлади. Худди шу боис ҳам, биз бу гуруҳларни буткул мавҳ этилган, деб айта олмаймиз. Яна шуни ҳам айтишим керакки, оилавий ришталар ўзбек жангарилари учун доимо муҳим бўлиб келган. Улар оила бўлиб, бу йўлга чиқишган. Айримлари Туркияда қолишган. Яхши биласиз, Туркияда ҳам ўзбекларнинг жамоаси бор. Шу боис ҳам, биз улар ҳақида асосан Сурия ва Ироқ ўртасидаги ҳудудлардан эшитамиз. Ўзбекистоннинг ўзидан эмас.

Би-би-си: Сўнгги йилларда экспертлар орасида ИШИД гуруҳининг ўзи эмас, айнан Яқин Шарқда жанг қилиб, ортга қайтиши мумкин бўлган жангарилар минтақа учун ҳақиқий таҳдид, деган фикрлар мавжуд. Сизнингча, ҳозир Яқин Шарқда бўлган ўзбек жангарилари ортга, Ўзбекистонга қайтишармикан?

Мурод Шишаний: Уларнинг Ўзбекистонга қайтиш-қайтмасликлари масаланинг геосиёсий жиҳати билан боғлиқ. Чунки, яхши биласиз, Россия Сурия масаласига жуда фаол бош қўшган. Улар ортга қайтиш ниятида бўлган бу каби жангариларни назоратсиз қолдирмасликлари аниқ. Шу боис ҳам, менимча, бу имконсиз бир иш. Бошқа томондан, жангарилар ўз ғояларидан воз кечмасликлари, қайтиб, Ўзбекистонда жанг қилиш каби бир мақсадларини фарзандлари онгига сингдиришлари ҳам мумкин. Аммо логистик, геосиёсий нуқтаи назардан улар бунга қанчалик имконли бўлишади, бунга аниқ жавоб бериш қийин. Бундан ташқари, ўзбек жангарилари аниқ Афғонистонга кетишади, деб ҳам ҳеч ким айтолмайди. Балки, улардан айримлари Суриянинг ўзида қолар. Бошқалари, у ерда ўзбеклар борлигини назарда тутиб, Туркияга йўл солар. Яна бирлари Ўзбекистонга ҳам қайтишга уриниб кўришар, балки. Аммо буларнинг барчаси Суриядаги сиёсий ва ҳарбий вазият қандай якун топишига боғлиқ бўлади. Ҳамма гап шунда.

Би-би-си: Омон қолган ва Идлибдан бошпана топган бу жангариларни ҳозир ким қурол-яроғ, ўқ-дори билан таъминлаяпти? Улар, таъбир жоиз, қандай қилиб жон сақлашга муваффақ бўлишмоқда?

Мурод Шишаний: Бунинг тагига етиш ҳозир жуда муҳим масалалардан бири бўлади. Сурия ичкарисидаги жангари гуруҳлар шу пайтгача асосан хорижлик ҳомийларига орқа қилиб келишган. Аммо уларнинг асосий манбаси Суриянинг ичкарисида бўлади. Чунки уруш, жанг шароитида қурол-яроғ ва уларни сотиб олиш учун лозим маблағ ўз-ўзидан айланаверади. Олди-бердилар бораверади. Буни чуқур тадқиқ қилмасдан туриб, тагига етиш, аниқ бир нима дейиш қийин.

Би-би-си: Алал-оқибат Сурия ва Ироқдаги бу жангари гуруҳларнинг тақдири қандай якун топаркин?

Мурод Шишаний: Бу алал-оқибат Сурия ичкарисидаги вазиятнинг қандай якун топишига боғлиқ. Яхши биласиз, Сурия инқирозига ҳозир дунёнинг глобал қудратлари ва минтақавий ўйинчилар бош қўшишган. Сурия шимолига нима бўлади, Туркия курдлар масаласига қандай қарайди, АҚШ чиқиб кетгач, мамлакатдаги вазият қандай тус олади, деган саволлар бор. Шундай экан, ўзбек жангариларининг тақдири ҳам қолган исёнчи ёки хорижлик жангариларники каби Сурия инқирозининг қандай ечим топишига боғлиқ бўлади. Бу эса, жорий паллада ҳамма жавобини билишни истаётган савол бўлади.

Би-би-си: Ўтган йил март ойида АҚШ Давлат департаменти "Катибат ал-Имом ал-Бухорий" - "Имом ал Бухорий катибаси" гуруҳини халқаро террорчилар рўйхатига киритган.

Давлат департаменти "Имом ал Бухорий катибаси" "ал-Қоида"нинг иттифоқчиси ва Яқин Шарқдаги ўзбек жангариларидан иборат энг катта гуруҳ эканини айтган.

Ёрлиқ