феврал 05, 2019 14:29 Asia/Tashkent
  • Алишер Навоий
    Алишер Навоий

Ҳижрий-қамарий 9 асрнинг буюк мутафаккири, шоири, ёзувчиси ва сиёсатчиси Алишер Навоий  ҳижрий-қамарий 844  йил 17 рамазон ойида (милодий 1441 йил 9 феврал ойи) Ҳиротда дунёга келди. Айрим мутахассислар унинг туғилган жойини Мозандарон деб зикр этишади. 

Алишер Навоийнинг ота томондан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан кўкалдош (эмикдош) бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳрухнинг хизматида бўлган. Отаси Ғиёсиддин Баҳодир эса Абулқосим Бобурнинг яқинларидан; мамлакатни идора этишда иштирок этган. Онаси (исми номаълум) Кобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи.

Алишер Навоийнинг болалиги Шоҳрух ҳукмронлигининг сўнгги йилларига тўғри келган. У темурийзодалар, хусусан бўлажак подшоҳ Ҳусайн Бойқаро билан бирга тарбияланган. 4 ёшида мактабга бориб, тез савод чиқариб, туркий ва форсий тилдаги шеърларни ўқиб, ёд ола бошлаган. Ўзбек тили билан бир қаторда форсий тилни ҳам мукаммал эгаллаган. 1447 йил 12 мартда мамлакат подшоҳи Шоҳрух вафот этгач, тахтга даъвогарлар орасида ўзаро кураш бошланади. Уруш-жанжаллар кўп кишиларни Хуросондан турли томонга кўчиб кетишга мажбур этди. Алишер Навоийлар оиласи ўз тинчлигини кўзлаб, Ироққа кўчишди (1449). Таф шаҳрида Алишер машҳур «Зафарнома» тарихий асари муаллифи, шоир Шарафиддин Али Яздий билан учрашади. Бу учрашув болада ёрқин таассурот қолдиради. Ғиёсиддин Баҳодир оиласи Ҳиротга, қарийб икки йил муддат ўтгач, қайтади. Абулқосим Бобур Ғиёсиддин Баҳодирни Сабзавор шаҳрига ҳоким қилиб тайинлади. Алишер Навоий Ҳиротда қолиб ўқишни давом эттирди.

Алишер Навоий шеъриятга ғоят қизиқди, Шарқ адабиётини қунт билан ўрганди. Оила муҳити болалигидаёқ унда адабиётга зўр ҳавас туғдирган эди. Тоғалари Мирсаид Кобулий, Муҳаммад Али Ғарибий етук шоир эдилар. Алишер Навоийлар уйида шоирлар тез-тез тўпланишиб, мушоира қилишар, адабиёт ва санъат ҳақида суҳбатлашар эдилар.

Алишер Навоий 13—14 ёшларида отаси ҳаётдан кўз юмади. Уни Абулқосим Бобур ўз тарбиясига олади, катта бадиий истеъдоди учун ғоят эъзозлайди. 1456 йил октябрда мамлакат пойтахти Ҳиротдан Машҳадга кўчирилади, Абулқосим ёш Алишерни ҳам, ўз хизматида бўлган Ҳусайн Бойқарони ҳам Машҳадга олиб кетади. 1457 йилнинг баҳорида тўсатдан Абулқосим Бобур ҳам вафот этди. Алишер Навоий учун бу, отаси вафотидан кейинги, иккинчи оғир жудолик бўлди. У Машҳад мадрасаларидан бирида ўқишини давом эттиради. Дўсти Ҳусайн Бойқаро эса Марв ва Чоржўй томонларга омад қидириб кетади. Хуросонни темурийларнинг яна бир вакили, Мовароуннаҳр ҳукмдори Султон Абу Саид эгаллади ва пойтахтини Самарқанддан Ҳиротга кўчиради. Ҳусайн Бойқаронинг тахтни эгаллаш йўлидаги биринчи рақиби — Абу Саид эди.

Алишер Навоий оиласининг хоҳиш-рағбати Ҳусайн томонда бўлиб, бу аввало уларнинг оилавий яқинликлари билан изоҳланарди; бундан янги ҳукмдор ҳам яхши хабардор эди. Ўртадаги бу вазият Алишер Навоий ҳаётини мураккаблаштирган. Алишер Навоий Машҳадда оддий бир муллавачча сифатида яшади. Шоирнинг бу даврдаги ижодида ўз юртини соғиниб ёзган ғазаллари талайгина. Орада, хусусан, ёз фаслларида Ҳиротга бориб-келиб ҳам турган. 1463 йилда эса у узил-кесил Ҳиротга қайтди. Бироқ бу ерда аҳвол ўзгарган, шаҳар харобага айланган эди. Хуросон пойтахтида Султон Абу Саид ўз тартибини ўрнатган, муҳим вазифаларга у билан Мовароуннаҳрдан келган кишилар тайинланган, Алишер Навоий га яқин кишилар қувғин қилинган, Ҳусайн Бойқаро билан бирга кетган тоғалари Мирсаид ва Муҳаммад Али урушда ҳалок бўлган, яшаш учун бирон жой топиш муаммо эди. Алишер Навоийнинг ўша кунлардаги аҳволи унинг кейинчалик устози Саййид Ҳасан Ардашерга Самарқанддан ёзган мактубидаги шеърий сатрларда ниҳоятда таъсирли ва ҳаққоний ифодалаб берилган.

Бу вақтда мамлакатда таниқли шоир бўлиб қолган Алишер Навоийни Абу Саид таъқиб қилиб, Ҳиротдан чиқариб юборади. Шоир Самарқандга кетишга мажбур бўлади. Алишер Навоий Самарқандда 1465 йилдан 1469 йилнинг баҳоригача яшади, Фазлуллоҳ Абу Лайс мадрасасида ўқиб, турли фанларга оид билимларини янада чуқурлаштирди. Самарқанднинг кўзга кўринган шоирлари — Шайхим Суҳайлий, Мирзобек, Мавлоно Ховарий, Мир Қарший, Ҳарими Қаландар, муаммогўй Улойи Шоший, олим Мавлоно Муҳаммад Олим ва бошқалар билан ҳамсуҳбат бўлди ва дўстлашди. Самарқанд шаҳри ҳокими Аҳмад Ҳожибек асли ҳиротлик бўлиб, Вафоий тахаллуси билан шеърлар ёзарди, у Алишер Навоийга алоҳида ҳурмат ва эътибор билан қаради. Унинг ёрдамида Алишер Навоий давлат ишлари билан ҳам шуғуллана бошлади. У давлат ишларини бошқаришда дастлабки тажрибани шу ерда орттирди ва бу унга кейинчалик асқотди. Алишер Навоийнинг Самарқанддаги сиёсий ва давлат фаолияти юқори баҳоланиб, унга «Чиғатой амири» унвони берилган.

Алишер Навоий “Хамса”, “Арбаъин” (Қирқ ҳадис), “Вақфия”, “Назмул-Жавоҳир”, “Сирожул-Муслимин”(Мусулмонлар нури) “Муножот” “Рисолайи тийр андохтан” “Насойиму-л-муҳаббат” , “Мажолиун-Нафоис” асарларини ёзиб мерос қолдирган.

Ёрлиқ