Жозибали Альп тоғлари (Видео)
(last modified Sun, 21 Jul 2019 10:00:47 GMT )
июл 21, 2019 15:00 Asia/Tashkent

Швейцарияда сайёҳларга ташриф буюриш тавсия этиладиган жойлар талайгина. Улар орасида мамлакатнинг қоқ юрагида жойлашган Люцерн шаҳарчаси ва унинг яқинидаги Пилатус тоғлари алоҳида ўринга эга

Пилатусдаги улуғвор тоғлар тепасида қад ростлаган меҳмонхоналар, денгиз сатҳидан 2100 метрдан баландроқда қурилган томошагоҳ-майдонлар, улкан қоялар оралаб узоқ масофаларга чўзилган канат йўллари инсонга бир зумда табиат бағрига сингиб кетишга имкон беради.

Пилатус юқорисидаги туристик иншоотларнинг ташкил этилиши XIX асрга бориб тақалади. 1889 йилда Альпначстад қишлоғидан ушбу тоғлар томон 4618 метрлик илк темирйўл очилган эди. Орадан 130 йил ўтганига қарамай, у ҳамон жаҳондаги энг ўткир қияликда (48%) жойлашган темирйўл бўлиб қолмоқда. Альп чўққилари ва Люцерн кўлининг ҳайратланарли панорамасини намойиш этувчи канат йўли ва бошқа туристик иншоотларнинг ҳам қурилганига бир асрдан ошган.