Тошкентда Қуръони Каримнинг навбатдаги нашри сотувга чиқарилди (фотожамланма)
«Islom.uz» хабарига кўра, 11 январь куни Қуръони Каримнинг навбатдаги адади сотувга чиқарилди.
Қайд этилишича, бу Мусҳаф Мадина Мусҳафининг нусхаси асосида, расми Усмонийда, имом Ҳафснинг имом Осимдан қилган ривоятига кўра ҳамда хаттот шайх Усмон Тоҳонинг хатида тайёрланган. Қуръони Каримнинг ушбу нусхасини кўрикдан ўтказиш, завобитларини қўйиш ва тадқиқ этиш ишлари Сурия Араб Республикаси «Мусҳаф битиш илмий ҳайъати»нинг собиқ раҳбари, шайх, ҳофиз Яҳё Муҳаммад Носиҳ бошчилигидаги мутахассислар тарафидан амалга оширилган.
У Исмоил Муҳаммад Содиқ раҳбарлигидаги «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаасида «Ғавсоний» нашриётининг расмий рухсати ва аслий нусхаси асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда нашрга тайёрланган.
«Бугунги сана қалблари Қуръонга ошно мухлислар учун яна бир бор унутилмас кун бўлди. Қуръонни қўлига олган ва уни кўзига суртган Мусҳаф мухлисларининг кўзларидан севинч ёшлари қалқиди.
Аллоҳ таоло ушбу хайрли ишларга бош-қош бўлганларни Қуръон билан банд қилсин, Қуръон ҳидоятида бардавом қилсин, охиратда Қуръон шафоатига эриштирсин!», — дейилади хабарда.