Январ 16, 2020 12:27 Asia/Tashkent
  • Тақиқланган ташкилотларга адашиб кирган​ 11 нафар фуқаро жавобгарликдан озод этилади

Ўзбекистон Республика Бош прокуратурасида Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда комиссия ва ишчи гуруҳ аъзолари, яъни Олий суд раиси ўринбосари, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, Республика маҳаллар кенгаши раиси ўринбосари, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари, Ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари, Мусулмонлар идораси, ДХХ, ИИВ ва Бош прокуратуранинг тегишли бошқарма ва тармоқ бошлиқлари ҳамда масъул ходимлари қатнашди.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бош прокурор Н.Йўлдошев бошқарган йиғилишда Президентимизнинг 2018 йил 19 сентябрдаги “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган 12 нафар фуқаронинг жиноий жавобгарликдан озод этиш ҳақида тақдим этилган мурожаатлари кўриб чиқилди.

Йиғилишда комиссия аъзолари бир овоздан тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган 11 нафар фуқарони жиноий жавобгарликдан озод этиш ҳақида хулосалари қабул қилинди, 1 нафар фуқаронинг мурожаатини қўшимча ўрганиш учун ишчи органга қайтариш ҳақида овоз берилди.

Image Caption

Маълумот учун: Комиссияга жорий йилнинг 1 январь кунига қадар жами 70 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 18 таси фармон талабларига мос келмаган, 20 таси комиссияда муҳокама қилинган (10 таси жавобгарликдан озод этиш ва 4 тасини рад этиш ҳақида хулоса қилинган, 6 таси қўшимча ўрганишга қайтарилган), 32 таси қолдиқда қолган.

Жиноий жавобгарликдан озод қилинган 11 нафар фуқарони Ўзбекистонга қайтариш, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашишга қаратилган ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш ҳақида топшириқлар берилди.

Йиғилишда комиссия ва ишчи гуруҳ аъзоларининг келгуси вазифалари белгилаб олинди.

Ёрлиқ