Мудофаа вазирлиги ҳарбий учувчилари мураккаб парвозларни амалга оширди (фотожамланма)
Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг Қашқадарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисмда ҳарбий учувчиларнинг мураккаб учиш амалиёти бўлиб ўтди.
Ми-8, Ми-24 каби вертолётлар ҳамда Миг-29, Су-25 каби қирувчи самолётларнинг ҳаводаги манёврлари – жанговар имкониятларини намойиш этиш мақсадида ташкил этилган ўқув машғулоти Ўзбекистон олий авиация билим юрти курсантлари учун маҳорат сабоғи бўлди.
Даставвал вертолётларни бирваракайига парвозга чоғлаш, учиш аппаратларининг парвозолди тактик-техник хусусиятлари, вертолётлар бортида ва қўмондонлик пункти билан алоқани ташкиллаштириш, хавфсизлик қоидалари, қўйилган жанговар вазифа бўйича ҳаводаги ҳаракат тартиби белгиланган.
«Аэродром ҳудуди бўйлаб бирин-кетин учиб қўнаётган замонавий учув аппаратлари яхлит кўриниш касб этиб, миллий армия мудофаа қудратининг, хусусан, Ҳарбий-ҳаво кучларининг нималарга қодир эканлигини намоён этди. Шундан сўнг қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилиб, мураккаб парвозларни амалга оширди», — дейилади хабарда.