Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
https://parstoday.ir/uz/news/uncategorised-i50825-Ӯзбекистон_ӯтган_ҳафта_давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий  йилнинг 2-8 март- кунлари ушбу мамлакатда юзберган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
(last modified 2021-09-20T14:57:20+00:00 )
март 10, 2020 09:33 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий  йилнинг 2-8 март- кунлари ушбу мамлакатда юзберган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Ўзбекистонда пахтага давлат буюртмаси бекор қилинди.
  2. Ўзбекистон ЕОИИ билан кузатувчи-давлат мақомида ҳамкорлик қилади.
  3. Ўзбекистон ва АҚШ қўшма ҳарбий машқлар ўтказдилар.
  4.  Рустам Иноятов 1999 йилдан буён эгаллаб турган лавозимини тарк этди
  5. 2020 йил Ўзбекистондаги 3 минг маҳбусга электрон браслет тақилади
  6. Ўзбекистондаги олтин ва уран заводи $300 миллионлик евробонд чиқаради.
  7. Гулнора Каримова колонияда нима иш қилаётгани маълум бўлди
  8. Тартибсизликлар уюштираётган аёлларнинг муаммоси нимада?

Энди энг муҳим  мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, давлат томонидан пахта хом ашёси ишлаб чиқариш ва сотиш режасини белгилаш амалиёти ҳамда пахта хом ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади.

Rewiev.uz хабарида қайд этилишича, қарор президентининг 2019 йил 23 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020—2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш, давлат буюртмаси ҳажмларини босқичма-босқич камайтириш, шу жумладан, пахта хом ашёси етиштириш, харид қилиш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш, ушбу йўналишда фермер хўжаликлари манфаатдорлигини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестицияларни кенг жалб қилиш мақсадида қабул қилинди.

Х  Х  Х

Ўзбекистон ҳукумати тез орада Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) кузатувчи -давлат мақомида ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда.

Image Caption

Спутник сайтига кўра, ҳукуматнинг ишчи гуруҳ томонидан жума куни қабул қилинган қарор тез орада Олий Мажлис палаталарига кўриб чиқиш учун киритилади.

“Ҳукумат яқин кунларда парламентнинг ҳар икки палатасига Ўзбекистоннинг ЕОИИда кузатувчи-давлат сифатида иштирок этиши ҳақидаги таклифни киритади”, - деди ҳукумат вакили.

Таъкидланишича, ўтказилган таҳлил натижаларига кўра бугунги кунда кузатувчи мақоми Ўзбекистон учун энг маъқули деган хулосага келинган

Йиғилишда етакчи мустақил консалтинг компаниялари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг изланишлари, хорижий ва маҳаллий мутахассислар томонидан билдирилган таклиф ва хулосалар кўриб чиқилган.

Х  Х  Х

Ўзбекистон Миллий гвардияси ва республиканинг бошқа хавфсизлик кучлари АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги билан “Енгилмас соқчи – 2020” номли қўшма машғулотлар ўтказган.

Кун. уз сайтининг хабар қилишича, 24 февралдан 2 мартгача ўтган машғулотлар хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро ҳаракатланишни яхшилаш мақсадида Ўзбекистоннинг ҳарбий-ўқув полигонлари, жумладан Жиззах вилоятидаги “Фориш” тоғ полигони ва бошқа рухсат берилган объектларда ўтказилган. Баъзи америкалик ҳарбийлар машғулотларда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Тампа шаҳридаги “МакДилл” базасидан туриб масофадан иштирок этишган.

Машғулотларнинг ўтказилиши икки давлат хавфсизлик хизматларига нотаниш муаммоларга тўқнаш келганда тезкорликни оширишга ва қуролли кучларига ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга имкон берди.

Таъкидлаб ўтиш жоиздирки, АҚШ давлати Россия билан  рақобатлари давомида Марказий Осиёда ҳарбий иштирокини кучайтиришга уриниб келмоқда.

Х  Х  Х

Ўзбекистондаги  олтин ва уран  заводи  $300 миллионлик евробонд чиқаради

«Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори (ПҚ–4629-сон, 06.03.2020 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, “Навоий КМК” давлат корхонаси номланиши табиий уран ва нодир металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш корхонаси – “Навоийуран” давлат корхонасига ўзгартирилди.

Шунингдек, “Навоий КМК” ДК мол-мулкининг қисми негизида:

қимматбаҳо металларни қазиб олувчи ва ишлаб чиқарувчи, АЖ кўринишидаги “Навоий КМК” АЖ ишлаб чиқариш корхонаси;

“НКМК жамғармаси” давлат муассасаси таъсис этилади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги “НКМК жамғармаси” ДМ ва “Навоийуран” ДКнинг таъсисчиси ҳисобланади.

Газета нашрининг ёзишича НКМК 1 ноябрга қадар камида 300 миллион долларлик корпоратив облигациялар чиқаради.

НКМК мамлакатдаги энг йирик саноат корхонасидир. У олтин, уран, нодир металларни ишлаб чиқаради, қурилиш материаллари ва дастгоҳсозлик саноати учун хом ашё ва кенг истеъмол товарларини ишлаб чиқаради.

Завод Ўзбекистондаги барча саноат маҳсулотларининг 10 фоизини ва бюджет даромадларининг 18 фоизини ташкил қилади. Комбинатда 54 мингдан ортиқ киши ишлайди.

Навоий кон-металлургия комбинати хом ашё ҳажми бўйича жаҳон олтин ишлаб чиқарувчилари орасида учинчи ўринни эгаллайди. Бироқ, унинг активлари қиймати шунга ўхшаш хорижий компанияларга қараганда анча паст. Хозирги кунда НКМКнинг баланс қиймати 1,3 миллиард долларга баҳоланмоқда, шу билан бирга ушбу даражадаги хорижий корхоналарнинг бозор нархи 11 миллиард долларни ташкил этади.

Х  Х  Х

Гулнора Каримова колонияда нима иш қилаётгани маълум бўлди

Image Caption

Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 21-сонли аёллар колониясида жазо муддатини ўтаётган шаҳрисабзлик маҳкума у билан бирга бир жойда жазо муддатини ўтаган Гулнора Каримова ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Каримова билан бирга “ўтирган” маҳкумадан Kun.uz интервью олди.

Унинг айтишича, Гулнора Каримова колонияга илк келган вақтида бу ердаги шароитларга кўниккан. «Қовун қовундан ранг олади. У ҳам биздан ‘ранг олди’. Аммо кейинчалик маҳкумалар ва ходимларга муомаласи ўзгара бошлади. Охир-оқибатда ўзининг ҳурматини йўқотди», — деди маҳкума.

«У билан жуда кўп саломлашавермасдим, чунки эрталаб ишга кетардим. Кечки пайт эса кутубхонага борардим... У давлатдан қарзи бўлгани учун муассаса ҳудудидаги ишлаб чиқариш корхонасида ишларди. Шу корхонада тикувчи эди», — дея маълум қилди маҳкума.

Шаҳрисабзлик маҳкума қамоқдоши Гулнора Каримова қамоқхона овқатларидан бош тортиб, фақат печенье еб кун кўргани ҳақидаги гаплар қисман ҳақиқат эканлигини айтди. «Бу ердан ҳам овқатланарди, уйидан келган ‘передача‘ларни ҳам ерди», — деди у.