Ўзбекистондаги коронавирус беморлари ҳақида янги маълумотлар берилди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинган беморлар бўйича қўшимча маълумот берди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев телеграм каналида маълум қилишича, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлардан 23 нафари хорижда бўлган, 60 киши Ўзбекистонда хориждан келган беморлар билан мулоқотда вирус юқтириб олган.
Ўзбекистонга вирус 6 давлатдан турли рейслар орқали турли кунларда кириб келган. Айни вақтда 82 беморнинг 7 нафарининг ёши 60дан юқори.
Тошкент шаҳридан ташқари Наманган (5 нафар), Фарғона (6 нафар), Андижон (3 нафар) ва Бухоро вилоятларида (3) беморлар шифохонага жойлаштирилган.
«Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилиши ҳолатлари 83тани ташкил этмоқда. Улардан 35 нафари эркак, 48 нафари эса аёллар. Шундан 5 нафари вояга етмаган болалардир.
Ёш жиҳатдан қарайдиган бўлсак,
0-9 ёшгача – 5 нафар
10-19 ёшгача – 2 нафар
20-29 ёшгача – 24 нафар
30-39 ёшгача – 17 нафар
40-49 ёшгача – 16 нафар
50-59 ёшгача – 11 нафар
60-69 ёшгача – 7 нафар
70 – 79 ёшгача бўлганлар ҳам 1 нафарни (миокард инфарктдан вафот этган бемор) ташкил этмоқда.
Ҳозирга қадар Франция, Туркия, БАА, Россия, Саудия Арабистони ҳамда Швейцария давлатларида бўлиб қайтган 23 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган бўлиб, 60 нафар фуқаро эса улар билан яқин мулоқотда бўлгани учун юқтириб олишган.
Айни пайтда коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг 6 нафари Фарғона, 5 нафари Наманган ва 3 нафари эса Андижон вилоятларидаги юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.
Шу йилнинг 22 март куни Истанбул–Бухоро чартер рейсида юртимизга олиб келиниб, карантинга олинган фуқаролар орасидан Тошкент шаҳри, Тошкент ва Андижон вилоятларидан бўлган 3 кишида ҳам коронавирус инфекцияси аниқланганди. Айни пайтда ушбу беморлар Бухоро вилоятидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонада даволанишмоқда. Қолган беморлар эса пойтахтимиздаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган.
Шифокорлар томонидан барча беморларга стандартлар асосида даволаш муолажалари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда эпидемиологик суриштирув ҳамда коронавирус инфекциясининг тарқалиб кетмаслиги учун барча зарур профилактик чора-тадбирларни амалга оширмоқда», дейилади хабарда.
27 март куни Наманган шаҳрида коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди. 12 март куни Туркиянинг Истанбул шаҳридан келган ва уй карантинига олинган аёлнинг 72 ёшли онаси коронавирус ташхиси қўйилганидан кейин миокарддан вафот этган. Ушбу оилада яна 3 киши вирусдан зарарланган.