Тошкентда ҳарбий хизматчилар дезинфекция ишлари бўйича тактик ўқув машғулотлар ўтказди (фото)
(last modified Tue, 21 Apr 2020 07:24:27 GMT )
апрел 21, 2020 12:24 Asia/Tashkent
  • Тошкентда ҳарбий хизматчилар дезинфекция ишлари бўйича тактик ўқув машғулотлар ўтказди (фото)

 Ўзбекистон Президенти — Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондонининг махсус топшириғига биноан жорий йилнинг 20 апрелидан 20 май кунига қадар мамлакат ҳудуди бўйлаб махсус тактик ўқув машғулотлари ўтказилади.

Мудофаа вазири раҳбарлигида ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ҳамкорлигида ўтказиладиган мазкур ўқув машғулотларига ҳокимликларнинг ободонлаштириш бошқармалари ходимларини ҳам жалб этилади. Бу ҳақда «Дарё»га журналист Исломжон Қўчқоров маълум қилди.

Ҳамкорликдаги мазкур махсус тактик ўқув машғулотларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад аҳоли кўп тўпланадиган жамоат жойлари, савдо марказлари ва бозорларда, шаҳар кўчаларида, кўп қаватли уйларда, маҳаллаларда, магистрал, асосий йўллар ва кўчаларда кенг масштабда дезинфекция ишларини олиб бориш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлиги, саломатлигини таъминлаш ҳисобланади.

Тошкент шаҳрининг барча ҳудудини қамраб олган мазкур кенг қамровли ҳамкорликдаги кўргазмали тактик ўқув машғулотига замонавий махсус техникалар, 50 га яқин авто ёқилғи қуювчи станция, 300 дан ортиқ дезинфекция аппарати ажратилди. Махсус тактик ўқувларини уюшқоқлик билан ўтказиш учун Мудофаа вазирлигининг Радиацион кимёвий биологик муҳофаза қўшинлари ва Санитария эпидемиология назорат маркази, шунингдек, бошқа ҳамкор ташкилотларнинг етакчи мутахассисларидан иборат йиғма баталён тузилди.

Асосий машғулотларга киришишдан аввал секторларга ажратилган мазкур йиғма баталён шахсий таркиби томонидан ҳудудларда дезинфекция ишларини сифатли олиб бориш бўйича зарур кўрсатма ва йўл-йўриқлар амалда намойиш этилди.

Машғулотлар давомида бутун дунё тажрибасидан келиб чиқиб, гипохлорид натрий, биоактив хлор, супер хлор, Жавил-Д каби дори воситалари аралашмасидан кимёвий суюқликни тайёрлашда эътибор қаратиш лозим бўладиган муҳим жиҳатлар ҳам инобатга олинмоқда. Мазкур кимёвий аралашма ўз таркибида 50 фоиз актив хлорни сақлайди. Бу эса барча турдаги зарарли вирусларни йўқ қилиш имконини беради.

Ушбу махсус тактик ўқув машғулотлари республиканинг барча ҳудудларида ҳарбий округлар қўмондонлари бошчилигида ўтказилади.

Аввалроқ Ҳарбий хизматни ўташга юборилиши кечиктирилган чақирилувчилар дезинфекция ишларида иштирок этгани ҳақида хабар берилган эди.

Ёрлиқ