Дунёдаги энг йирик гидросамолётнинг синов парвози (видео)
(last modified Wed, 29 Jul 2020 07:44:50 GMT )
июл 29, 2020 12:44 Asia/Tashkent

Дунёдаги энг йирик AG600 гидросамолёти денгиз узра ўзининг биринчи парвозини муваффақиятли якунлади. Парвоз тасвирланган тегишли видео YouTube’даги New China TV каналида эълон қилинган.

Самолёт-амфибия прототипининг синовлари Сариқ денгиз қирғоғида жойлашган Циндао шаҳрида ўтказилган. Бунга қадар учиш қурилмаси қуруқлик ва сув омборлари устида парвоз қилган.

FlightGlobal маълумотларига кўра, 50 нафаргача йўловчи сиғадиган AG600 экипажи тўрт кишидан иборат. AG600 қутқарув ишларини амалга ошириш ва ёнғинларни ўчиришга мўлжалланган. Самолётга тўртта Dongan WJ-6 турбовинт двигателлари ўрнатилган бўлиб, унинг парвоздаги максимал оғирлиги 53,5 тоннани ташкил этади.

AG600 амфибия самолёти биринчи марта 2017 йилнинг декабрь ойида парвоз қилган. Ўзининг биринчи парвози вақтида самолёт осмонда тахминан бир соат бўлган. Ўшанда самолёт Чжухай шаҳридаги аэропортдан Жанубий Хитой денгизи қирғоғига учиб, қайтиб яна шу аэропортга қўнган.