Ўзбекистон бўйлаб карантиндан кейинги илк жамоат намозлари адо этилди (фотожамланма)
17 август эрта тонгдан Ўзбекистон бўйлаб мўмин-мусулмонлар карантиндан кейинги илк жамоат намозини ўқиш учун жоме масжидларга ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.
Намозхонлар онгли равишда ўзаро масофани сақлаш, ниқобларни тўлиқ тақиш, қўлларига махсус суюқликни суриш, махсус дезинфекцияловчи қурилмадан ўтиш каби карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиб, жамоат намозида ҳозир бўлган.
«Қарийб 5 ойдан ортиқ вақт мобайнида намозхонлар жамоат намозини интиқлик билан кутишган эди. Шу боис соғинган қалблар масжидларда таскин, ҳаловат топди, имом-хатиб, қориларимизнинг бир-биридан ажойиб Қуръон тиловатига соме бўлишди, бомдод намозини жамоат ихлос билан адо этишди», — дейилади хабарда.