Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди
(last modified Mon, 31 Aug 2020 07:12:24 GMT )
август 31, 2020 12:12 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев 31 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

 

 Мажмуадаги рамзий қабр ёнида қатағон қурбонлари руҳларига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда нуронийлар, уламо ва зиёлилар билан мулоқот бўлди.

 Маълумки, мустабид тузум даврида минглаб бегуноҳ инсонлар умри хазон бўлган. 1937—1953 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учраган. Уларнинг 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Қанчадан қанча оилалар хонавайрон бўлиб, болалар етим қолган. Биргина 1937—1938 йиллардаги катта қатағон даврида 7 мингга яқин ўзбекистонлик отилган.

 Давлат раҳбари қатағонга учраган ана шу 100 минг одамнинг ҳар бири бўйича изланиш, жойларга чиқиб, қариндошлари билан учрашиб, номларини тиклаш, қилган ишлари ҳақида китоблар чоп этиш, ўзлари яшаган маҳаллалар ва мактабларга номларини қўйиб, хотирасини абадийлаштириш зарурлигини таъкидлаган.

 Коронавирус пандемияси  Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Афсуски, бу касаллик уч юздан зиёд ўзбекистонлик ҳаётига зомин бўлди. Маросимда ушбу инсонлар хотирасига бағишлаб ҳам Қуръон тиловат қилинди. Беморларнинг тезроқ соғайишини Аллоҳдан сўраб, дуо ўқилди.

 

 

 

Шунинггдек, Шавкат Мирзиёев 31 август куни Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўйди. 

Президент матбуот хизматининг таъкидланишича, давлат раҳбари Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллик байрами муносабати билан йиғилганларни табриклади. 

 Шунингдек, Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, пойтахт жамоатчилиги вакиллари ҳам монумент пойига гуллар қўйган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида 23 мартдан эътиборан оммавий тадбирлар ўтказилиши тақиқланган эди. 29 август куни Республика махсус комиссияси мамлакат аҳолисига мурожаат билан чиқди ва Мустақиллик байрамини ҳам кўпроқ оила даврасида нишонлашни ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деган қарорга келинганини маълум қилди.