Расулуллоҳ (с) сийратларида бирдамликнинг ечимлари
(last modified Sun, 01 Nov 2020 14:09:25 GMT )
ноябр 01, 2020 19:09 Asia/Tashkent
  • Расулуллоҳ (с) сийратларида бирдамликнинг ечимлари

Расулуллоҳ (с) ирқий камситиш, гегемонлик ва маҳаллийчилик  каби бирдамликка  тўсқинлик қиладиган омилларни турли йўллар билан олиб ташладилар ва жамиятда умумий маънода ваҳдат ва бирдамлик ўрнатдилар.

Ҳар йили Исломнинг азиз пайғамбари  туғилган кунида, исломий жамиятлар ўртасида бирликни барқарорлаштириш истаги билан Эрон ва Ислом оламида Ваҳдат  ҳафталиги нишонланади. Мусулмон ислоҳотчиларининг мақсади дунё мусулмонларини бир таянч нуқта  атрофида   бирлаштиришдир. Чунки коинотнинг Яратувчиси инсонларни бирлашган ва тенг ҳуқуқли қилиб яратган. Шу нуқтаи назардан, мусулмонларга исломий бирдамликка эришиш учун ҳамма нарсадан кўпроқ ёрдам берадиган нарса, худди порлаб турган қуёш сингари миллионлаб мусулмонларнинг жон ва  руҳларига ҳаёт ва ҳарорат бахш этган  Аллоҳнинг Расули (с) сийратлари ва хулқ-атворларига  амал қилишдир.  Ҳар қандай миллатнинг қудрати ва  шон-шарафи унинг ваҳдат ва бирдамлигига  боғлиқ. Исломнинг буюк сиймоси, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с) ирқий камситиш, гегемонлик ва маҳаллийчилик  каби бирдамликка  тўсқинлик қиладиган омилларни турли йўллар билан олиб ташладилар ва жамиятда умумий маънода ваҳдат ва бирдамлик ўрнатдилар.

Бирлик ва ҳамдиллик нурида мусулмонлар қисқа вақт ичида турли мамлакатлар аҳолисини ислом билан таништиришга муваффақ бўлишди ва шу билан Худонинг бирлигига, соф ислом тафаккурига, тинчлик ва дўстликка бўлган ишончга асосланган инсониятнинг энг буюк цивилизацияларидан бирини ўрнатдилар. Исломнинг дастлабки тарихини ўрганиш шуни кўрсатадики, Пайғамбар (с) амалий бирлик йўлини тутдилар ва мусулмонларни маданий, сиёсий ва ижтимоий соҳаларда ягона миллатга айлантирдилар. Бирликни яратиш ва дилдан ғазабни олиб ташлаш, миллатлар ўртасидаги биродарлик аҳдини тузиш, ўрганишга ва ҳар томонлама билим олишга рағбатлантириш, энг муҳими, одамларни тавҳид меҳвари, Қуръон ва Пайғамбар атрофида тўплаш мусулмонлар ўртасида бирлик яратиш йўлларидан эди. Мусулмонлар  Пайғамбаримиз (с) нинг ушбу муборак  сўзларига доимий равишда амал қилдилар: "Мўмин бошқа мӯмин учун унинг бир қисми бошқа томонни мустаҳкам тутиб турадиган бинога ўхшайди. Эй мусулмонлар, бир-бирингиздан ажралманг, бир-бирингизга орқа  ўгирманг, бир-бирингизга ҳасад қилманг, балки биродар ва иттифоқдош бўлинг."

Ислом  азиз Пайғамбарининг (с) Маккадан Мадинага ҳижрат қилиши ислом тарихидаги бурилиш нуқтасидир. Пайғамбаримиз Мадинага келиши  билан янги бошланаётган жамиятда муҳим   ўзгаришлар юз берди. Ислом  динининг одамлар  интеллектуал ва маданий даражасини кўтариш учун юксак режалари ва мақсадлари бор эди. Ушбу дастурларни амалга ошириш  уйғун  ташкилот ва яхши қонун- қоидаларни   талаб қиларди. Агар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаракатларида эҳтиёткорлик, мулойимлик ва аниқлик бўлмаганида, эҳтимол,  унинг Исломий ҳукумати  керакли тарзда амалга ошмаган бўлар эди. Бу йўлдаги тўсиқлардан бири ўша куннинг жамиятида изчил тузилманинг йўқлиги эди. Ҳар бир қабила ва уруғ ўз қоидаларига ва урф-одатларига эга бўлиб, қабилалар ўртасида жуда кўп қарама-қаршиликлар ва фарқлар бўлган. Бундай шароитда ислом Пайғамбари “ Мусулмон мусулмоннинг биродаридир” деган қонунни   илгари сурдилар. Ул ҳазрат ижтимоий бирликни яратиш йӯли билан қабила ва этник чегараларни орадан кӯтардилар. Пайғамбарнинг ушбу режаси ўша куннинг жамиятига жуда улкан таъсир кўрсатди.

 

Пайғамбар алайҳиссалом Мадина аҳолиси ўртасида   жамоат шартномаси орқали ўша куннинг исломий жамиятида дўстлик ва ҳамдардлик хуш бӯйини таратдилар.  Ҳамма жойда Пайғамбарнинг сўзлари ширин асал  каби қалбларга ўтирарди. Ул ҳазрат буюрадилар: "Жамоат-- раҳмат, бӯлиниш эса азобдир”.  Шартнома тузиш орқали сиёсий ва ижтимоий бирдамликни яратиш Пайғамбаримизнинг ўша даврдаги тарқоқ жамиятни бирлаштиришдаги энг муҳим ҳаракатларидан бири эди. Ақаба шартномасида ул ҳазрат турли гуруҳларга буюрдилар: "Орангиздан ўн икки вакил танланг, улар қавмингиз ўртасида бўлаётган воқеаларга жавобгар ва огоҳ бўлсинлар".  Худонинг сўнгги элчисининг бундай эзгу  ҳаракатлари одамларни шу қадар қувонтирдики,   қабилалар вакиллари  Ақабанинг ёнида Расулуллоҳ билан учрашиб ва ул ҳазратнинг сўзларини эшитиб: "Худо сизни халқимизни яраштириш ва бирлаштириш учун восита қилшига ишонамиз” дейишди.

Бир куни Ислом пайғамбари (с) саҳобаларидан бирига: "Эй Абу Айюб, мен сизга Аллоҳ ва Унинг Расули севадиган садақа тўғрисида хабар берайми?" дедилар. У: Ҳа, ё Расуллаллоҳ, деди.  Шунда ул ҳазрат буюрдилар: "Одамлар орасини ислоҳ қилиш ва уларни ӯзаро яраштириш учун қилинган сай-ҳаракат”.  Шунингдек, Аллоҳнинг Расули бошқа бир мавридда шундай буюрганлар:   "Одамлар ўртасида ярашувни ўрнатишга интилганнинг мукофоти Худо йўлида жанг қилганнинг мукофотига тенгдир".

Бир қатор мунофиқлар томонидан мўминлар ўртасида адоват ва бўлиниш яратиш мақсадида қурилган Зирор масжиди  исломнинг азиз Пайғамбари буйруғи билан вайрон қилинди. Ушбу чора  жамиятда сиёсий бўлинишлар   пайдо бўлишининг олдини олишга қаратилган эди. Ул ҳазрат  ўзининг сўнгги васиятида ҳам мусулмон умматини огоҳлантиради ва шундай дейди: "Одамлар, мени тингланглар. Эҳтимол,  бундан кейин сизни бу ерда кўрмасман. Одамлар, сизнинг  қон ва молингиз   бир-бирингизга ҳаромдир. Билингки, ҳар бир мусулмон бошқа мусулмоннинг биродаридир.  Мусулмонлар эса ӯзаро биродардирлар".

Мусулмон умматининг бирлигини ўрнатиш жараёнида Пайғамбаримиз (с) ирқчилик, уруғчилик, маҳаллийчилик ва  ножӯя камситишларни рад этдилар. Ул ҳазратнинг тавҳидга ва тенгликка  даъватлари жоҳил қадриятлар  ва золимларча  камситишларни бекор қилди ҳамда турли миллат ва ирқ вакилларининг янги динга қўшилишларига йўл очди.  

Пайғамбаримиз (с) томонидан тенглик ва адолатга риоя қилиш   Ислом бирлигини мустаҳкамлашда жуда самарали ечим бўлди. Ул ҳазрат  Зайд ибн Ҳориса сингари одамларни ислом лашкарининг қўмондони қилдилар,  қора танли Билол Ҳабашийни   ўзларига хос муаззин қилиб тайинладилар   ва эронлик Салмон  Фарсийни таъриф-тавсиф қилдилар. Шу тарзда,  камситиш ва сохта ижтимоий имтиёзларга қарши курашиб,  уларни аста-секин янги қадриятлар билан алмаштирдилар. Шу сабабли таҳлилчилар Худо Расулининг жозибали муносабатларини ислом умматини бирлаштирувчи энг муҳим омиллардан бири деб ҳисоблайдилар. Бу эса ихтилофларни бостиришга ва софдил инсонларни жалб қилишга олиб келди.

Расулуллоҳ (с) нинг таълимотларига кўра, дунё мусулмонлари миллий ва маҳаллий маданият ва урф-одатлардаги фарқларига қарамай, ўзларининг тамойиллари ва интеллектуал асослари билан уйғундирлар. Шунинг учун мусулмонларнинг жуғрофий тарқоқлигини уларнинг бирлигига тўсиқ деб ҳисоблаш мумкин эмас. Чунки уларнинг интеллектуал ва эътиқодий  муштаракликлари шу қадар чуқур  илдизларга эгаким, улар тарқоқ яшашига   қарамай бирлашишлари мумкин. Бошқа томондан, бирлик ва ҳамжиҳатликнинг асосий омили бир хил эътиқод ва интеллектуал умумийликдир.

Бирлик борлиқнинг моҳиятидир. Пайғамбарларга бу бирликни инсоният жамиятида ўрнатиш вазифаси қўйилган. Расулуллоҳ (с) Қуръон оятларидан иқтибос келтириб, исломий жамиятни Худога бандалик  қилиш соясида кучли илоҳий арқонга чирмашишга  чақирдилар. Мусулмонлар Пайғамбарнинг насиҳатларига риоя қилган ҳолда бир неча асрлар давомида илм-фан ва цивилизация ҳамда  инсоният тараққиётининг яловбардори эдилар.

 Дарҳақиқат, ислом  буюк пайғамбарининг муборак вужуди  турли даврларда мусулмонларнинг ҳаёти ва бирдамлиги рамзи бўлган. Ҳозирги кунда ҳам бу буюк шахсият дунёдаги барча мусулмонлар меҳр-муҳаббатининг меҳвари  ва улар ӯртасидаги бирдамликнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Ул ҳазратга  ҳамда  аҳли байтларига  Аллоҳнинг саломлари ва баракотлари бўлсин.