Британиянинг Европа Иттифоқидан ажралиб чиқиши: муваффақият ва камчиликлар
(last modified Wed, 06 Jan 2021 14:20:52 GMT )
Январ 06, 2021 19:20 Asia/Tashkent
  • Британиянинг Европа Иттифоқидан ажралиб чиқиши: муваффақият ва камчиликлар

2020 йил 31 январда Брегзит (Британиянинг Европа Иттифоқидан ажралиб чиқиши) нинг амалга оширилиши Лондон ва Брюссел ўртасидаги муносабатларда янги саҳифани очди.

Британиянинг Европа Иттифоқидан расмий равишда чиқиб кетиши билан муҳим масала, яъни Европа Иттифоқи ва  Британия ўртасидаги Брекзитдан  кейинги даврдаги икки томонлама муносабатларнинг моҳияти ва шакли ӯртага чиқди.

2020 йил 31 декабрга қадар давом этадиган 11 ойлик ўтиш даврида икки томон Лондон-Брюссел муносабатларининг келажаги тўғрисида кенг қамровли келишувга эришишлари лозим эди. Томонлар савдо, чегара ва хавфсизлик алоқалари бўйича бўлажак келишувларга жиддий муносабатда бўлишди.Бу низонинг рамзи Буюк Британиянинг консерватив бош вазири Борис Жонсоннинг 2020 йил 3 февралдаги нутқи эди. У ўз нутқида Европа Иттифоқи билан музокаралар ўтказиш учун ўз шартларини эълон қилди ва агар у ўзи хоҳлаган савдо келишувига эриша олмаса ҳам, Англия барибир тараққиётга эришишини таъкидлади. "Европа Иттифоқининг сиёсат, субсидиялар, ижтимоий таъминот, атроф-муҳит ва шу каби қонунларини қабул қилишни ўз ичига олган эркин савдо шартномасига эҳтиёж йўқ,-- деди Жонсон. Европа Иттифоқи учун Британия қонунларини расман тан олиш  кифоя”.

Савдо келишувининг иккита модели - Европа Иттифоқи қонунларига риоя қилишга асосланган Норвегия модели ва бу қонунларга риоя қилиниши талаб этилмайдиган   Канада моделига мурожаат қилиб, Жонсон  Европа Иттифоқига Британияга  Канада билан имзоланганга ўхшаш эркин савдо шартномаси   таклиф қилишни маслаҳат берди.

Канада ва Европа Иттифоқи бир-бирларини  ички қонунларга риоя қилишга мажбур қилмасдан кўплаб импорт қилинадиган товарларга божхона тўловларини бекор қиладиган қўшма савдо шартномасини имзоладилар. "Агар Европа Иттифоқи бундай келишувни қабул қилмаса (яъни Канада моделини), Лондон илгари таклиф қилинган" келишувсиз танлов "вариантига қайтади ва   Британия Жаҳон савдо ташкилоти томонидан келишилган шартларни амалга оширади", деди Жонсон. Лондоннинг Канадага ўхшаш ёндашувни талаб қилишига жавобан, Европа Иттифоқи расмийлари Канада фақатгина кўплаб қонунларини Европа Иттифоқи қоидаларига мослаштириш орқали Европа Иттифоқи билан асосан божсиз савдо-сотиқнинг ҳозирги ҳолатига эришганлигини таъкидладилар. Аммо Британия ичида Жонсоннинг ёндашувига қарши бўлганлар ҳам оз эмас.

 "Жонсон ўз сиёсатининг мамлакатга қандай зарар етказишини тушунмайди ёки бу нарса уни мутлақо қизиқтирмайди", - дейди мухолифатдаги Ишчилар партиясининг етакчиси Киерке Стармер,-- Жонсоннинг сиёсати Британия иқтисодиётига зарар етказиши ҳақида огоҳлантириб.

Европа Иттифоқи ва Британия  томонидан маъқулланган келишувда Шимолий Ирландиянинг тўрт йил давомида Европа Иттифоқининг баъзи қоидаларига риоя қилиши кўзда тутилган эди. Жонсон бу қонун  амалда Шимолий Ирландиянинг Британиядан ажратилишини англатади ва Британиянинг парчаланишига йўл очади, деб ҳисоблаган эди.

 Халқаро ҳуқуқ бӯйича таҳлилчи Пагоҳ Бани Ҳошимнинг фикрича: Бир пайтлар дунёдаги энг йирик давлат сифатида танилган Буюк Британия парчаланиш хавфи остида турибди.

Европа Иттифоқи ва Британия ўртасидаги музокаралар 2020 йилнинг сўнгги уч ойида давом этди ва Жонсон ҳатто Европанинг юқори лавозимли расмийлари, шу жумладан Еврокомиссия президенти билан  музокаралар олиб борди. Бироқ, аксарият янгиликлар салбий эди.

Буни қарангки, воқеалар кутилмаган тарзда ӯзгарди, Европа Иттифоқи ва   Британия ниҳоят белгиланган  муддатидан бир ҳафта олдин, 2020 йил 24 декабрда ажралишдан  кейинги механизм, тафсилотлар ва савдо алоқалари тўғрисида келишиб олдилар. Янгиликларни эълон қилган Европа Комиссияси раиси  Урсула фон дер Ляйен   Британия билан тузилган савдо битимини "яхши, адолатли ва мувозанатли" деб таърифлади ва "тарихий" келишув Европа Иттифоқи манфаатларини ҳимоя қилишини таъкидлади. Британиянинг Бош вазири Борис Жонсон  ҳам мамлакати Европа Иттифоқи билан Канада услубидаги энг йирик эркин савдо шартномасига эришганлигини таъкидлаб,  Британия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо шартномаси  квота ва божларсиз импорт ва экспортни кафолатлашига умид билдирди.

Шартномадаги асосий муаммоли масалалар  Британиянинг қирғоғида жойлашган Европанинг балиқ ови, Европа судининг Лондон  ва Брюсселдаги суд ишларини назорат қилиши ва божхона тарифлари масаласи эди. Томонларнинг келишуви бӯйича келгуси беш ярим йил ичида европаликлар   Британия қирғоқларидан балиқ овлаш, Лондон эса  денгиз маҳсулотларини Европа мамлакатларига экспорт қилишни давом эттириш ҳуқуқига эга бўлишди. Божхона тарифлари масаласи ҳам келишувда тинчлик билан ҳал қилинди ва   Британиянинг Европа Иттифоқига экспорти ва импорти божсиз қолди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг Британиядаги суд ишларини назорат қилиши масаласида, шунингдек, томонлар Олий суд икки томоннинг суд жараёнини назорат қилмаслигини ва икки томоннинг эҳтимолий даъволари халқаро маҳкамаларда ҳал қилинишини келишиб олдилар.

Молия-иқтисодий соҳада, гарчи Брюссел ва Лондон ўртасида келишувга эришилган бўлса-да, Англия ушбу шартнома билан Европада ва дунёда ўрта ва узоқ муддатли истиқболда кўплаб савдо ва молиявий афзалликларини йўқотади.

Британия иқтисодиёти, айниқса, пул-кредит, банк ва юридик соҳалардаги хизматлардан ташкил топганлигини ҳисобга олсак, Британия компаниялари бундан кейин Европа Иттифоқи билан ўзаро алоқада бўла олмайдилар ва Европа Иттифоқи ёки Европа Иттифоқига аъзо давлатлар улардан лицензия талаб қилишади. Бундан ҳам муҳими, Жонсоннинг бутун дунё билан эркин савдо эшиги энди  Британия учун очиқ, деган даъволарига қарамай, Лондон Европа Иттифоқининг ўрнини босиши мумкин бўлган бошқа давлатлар билан эркин савдо шартномаларини осонгина туза олмайди. Доналд Трамп  билан илиқ муносабатларини инобатга олган ҳолда, Жонсон  Брекзитдан кейинги даврда АҚШ билан эркин савдо шартномасини имзолашга умид қилган эди, аммо Трампнинг АҚШ президентлик сайловларида мағлуб бўлиши ва Байденнинг сайланиши  билан вазият ўзгариб кетди.   Байден бундай қарорга келишга нафақат  шошилмайди,   балки, эҳтимол, бундай шартномани имзолаш учун янги шартларни таклиф қилиши ҳам  мумкин.

2020 йил 24 декабрдаги савдо шартномаси,  Британиянинг Европа Иттифоқидан келишувсиз  чиқиш сценарийсини амалга оширишга тўсқинлик қилди. Ушбу сценарийнинг амалга оширилиши икки томон ўртасидаги савдо келажагини жуда қийинлаштириши   ва Жаҳон савдо ташкилоти томонидан тасдиқланган савдо тарифлари жорий этилиши натижасида Британияда товарларнинг танқислиги ва қимматлашуви юз бериши  мумкин эди.

Аммо  баъзи ҳал қилинмаган муаммоларҳам бор.  Гибралтардаги вазият шулар жумласидандир. Испания Гибралтар   устидан қўшма ҳукмронлик қилишни истайди. Европа Иттифоқи ҳам бу масалада Испанияни тӯлиқ қӯллаб-қувватлашини эълон қилди.  Аммо  Британия Консерватив партиясининг айрим юқори мартабали аъзолари Гибралтар масаласида Мадриднинг бу минтақага ҳукмронлик қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қоралашмоқда.   Европа Иттифоқи вакиллари 28 декабр куни Европа Иттифоқи ва   Британия ўртасида  савдо битимининг вақтинча бажарилишини бир овоздан маъқулладилар.Ушбу битим 2021 йил январ ойида якуний тасдиқлаш учун Европа Парламентига тақдим этилади. Британия парламенти бу битимни тасдиқлади. Шундай қилиб, Европа Иттифоқи ва  Британиянинг савдо шартномаси  2021 йил январ ойининг бошидан, ўтиш даври охиригача амал қилишни бошлади.