Ўтган йили Фаластин ва Сурияда юз берган энг муҳим воқеалар
(last modified Sat, 09 Jan 2021 14:45:12 GMT )
Январ 09, 2021 19:45 Asia/Tashkent
  • Ўтган йили Фаластин ва Сурияда юз берган энг муҳим воқеалар

2020 йили  Фаластин ва Сурияда  муҳим сиёсий воқеалар юз берди.

2020 йилда Фаластиндаги ўзгаришларга ташқи омиллар, яъни Доналд Трамп, Бенямин Нетаняху ва баъзи араб мамлакатлари раҳбарларининг хатти-ҳаракатлари таъсир кўрсатди. 2020 йил 28-январдан  "Аср келишуви"  ирқчи режасининг амалга оширилиши, Исроилнинг Ғарбий Соҳилнинг бир қисмини босиб олинган ҳудудларга қўшиб олишга уриниши ва баъзи араб давлатлари ва Исроил ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш 2020 йилда Фаластин воқеаларига таъсир кўрсатган ташқи масалалардан эди. Ушбу ташаббуслар биргаликда Фаластин гуруҳларини ўзаро келишмовчиликларни бир четга суриб, миллий консенсусга ўтишга ундади ва турли хил учрашувлар, жумладан Байрутда 14 фаластинлик  сиёсий гуруҳ  раҳбарлари ва котиблари иштирокидаги учрашув  ўтказилди.

Бироқ, Фаластин маъмурияти бошқа фаластин гуруҳлари билан келишувга риоя қилмади ва яна 2020 йил ноябр ойида Исроил режими билан музокаралар ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни бошлашга тайёрлигини эълон қилди.

Сионистик режим коронавирус  тарқалишига қарамай, Ғазо секторининг 14 йиллик қамалини тугатишни рад этди, Ғазодаги касалхоналар ва соғлиқни сақлаш марказлари қамал туфайли тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонларнинг қаттиқ танқислигига дуч келди. Фаластин маъмуриятининг қарори яна бир бор Фаластиннинг мазҳаблараро муносабатларида бўлинишларга олиб келди.

Фаластин

Хавфсизлик ва ҳарбий жиҳатдан Сурия 2020 йилда тинч жараённи бошдан кечирди ва АҚШ, Туркия ва курд жангариларининг хатти-ҳаракатлари туфайли мамлакатнинг фақат шимолий ҳудудлари тартибсизликларга гувоҳ бўлди. Курд жангариларини  қўллаб-қувватлаган Қўшма Штатлар Суриянинг шимолида нефт манбаларини ғорат қилиш билан шуғулланди. Республикачи сенатор  Линдси Грэмнинг айтишича, унга Сурия Демократик кучларининг бош қўмондони Мазлум Абди АҚШ ширкати ва бу кучлар ўртасида Суриянинг шимоли-шарқидаги нефт конлари бўйича шартнома имзоланганлиги ва бу шартнома АҚШ давлат котиби Майк Помпео томонидан тасдиқлангани ҳақида хабар берганини эълон қилди.  Америка Қўшма Штатлари ва курд қуролли кучлари нефт конларини "модернизация қилиш" бўйича келишувларни имзолаганликларини айтишди, аммо аслида уларнинг асосий мақсади Сурия ҳукуматининг иқтисодий аҳволини заифлаштириш ва курд жангариларининг молиявий имкониятларини оширишдир. Суриянинг шимоли-шарқидаги курдлар назорати остидаги минтақада кунига 45 минг баррел нефт қазиб олинади.

Қўшма Штатлар ва курд қуролли гуруҳларидан ташқари, Туркия ва унга алоқадор террорчилар ҳам 2020 йилда шимолга қарши такрорий ҳужумлар уюштириб, ӯзларининг назорати остидаги ҳудудларда сувни тӯсиш  билан Сурия шимолида жиддий муаммоларни келтириб чиқаришди. Ёзнинг жазирама кунлари  Туркия кучлари ва унинг ёлланма хизматчилари Рас ал-Айннинг чеккасидаги Алоук станциясидан ал-Ҳасака ва унинг атрофидаги шаҳарларга насос билан сув узатишни тўхтатиб,   ал-Ҳасака ва унинг атрофидаги  бир миллионга яқин одамни ичимлик сувидан маҳрум қилишди. Туркия буни   дунёнинг аксарият давлатлари сингари Сурияда ҳам  коронавирус тарқалаётган  бир пайтда амалга оширди.   ЮНИСЕФнинг Суриядаги вакили Фран Икта ўз баёнотида: "Алоук қудуқ насос станцияси фаолиятининг тӯхтатилиши  болалар ва уларнинг оилаларини хавф остига қўймоқда. Зеро, коронавирус  билан курашиш учун қўлларни совун ва сув билан ювиш жуда зарур"—деб айтди.

Туркия ва АҚШнинг интервенцион сиёсати давом этавергач, Суриянинг шимолий ҳудудларидаги баъзи қабилалар ушбу жиноятларга қарши курашиш учун қабилавий қўшин туздилар. Суриянинг шарқий ва шимоли-шарқидаги кўчманчилар курд жангарилари ва Америка ишғолини тўхтатиш ҳамда  Суриянинг   ҳудудий яхлитлигини сақлашга чақирмоқдалар. Шунга кўра, улар ишғолчиларга қарши қуролли қаршилик кўрсатиш мақсадида Сурия қабилалари армиясини тузишни кун тартибига қўйдилар. Кўринишидан, 2021 йилда Суриянинг шимолий минтақалари хавфсизликнинг  ривожланиш марказига айланади ва Сурия қабилаларининг чет эл босқинчилигига қарши курашдаги ўрни ортади.

Сурия қабилалари армияси

2020 йил Суриядаги энг муҳим воқеалардан бири 19 июлда парламент сайловлари бўлиб ўтиши эди. Бу Суриядаги 2012 йилги конституциявий референдумдан кейинги учинчи парламент сайлови эди. Сурия конституциявий референдуми 2012 йил 26 февралда бўлиб ўтди. Янги конституцияга биноан, Сурияда парламент сайловлари ҳар тўрт йилда ўтказилади. Конституцияга ўзгартириш киритилгандан сўнг биринчи парламент сайловлари 2012 йил 7 майда ва сайловларнинг иккинчи босқичи 2016 йил 13 апрелда бўлиб ўтди. Конституциядан кейинги учинчи парламент сайловлари 2020 йил апрелда бўлиб ўтиши керак эди, аммо коронавирус авж олгани сабабли 20 майга қолдирилди. Бироқ, сайловлар 20 май куни ўтказилмади ва 19 июлга қолдирилди.

Сурия парламенти 250 ўринга эга. Суриядаги парламент сайловлари Қўшма Штатлар “Цезар қонуни”ни бажариш орқали Сурия халқи ва режимига кўпроқ иқтисодий босим ўтказмоқчи бўлган бир пайтда бўлиб ўтди. “Цезар қонуни” Сурияга  қаттиқ санкциялар жорий этиш  билан бир қаторда Сурияни молиялаштирган мамлакатларга нисбатан ҳам санкциялар    жорий этади. АҚШ  ҳукумати “Цезар қонуни”ни  амалга ошириши билан Сурия валютасининг қиймати кескин тушиб кетди ва унинг долларга нисбатан курси 500 дан 2500 лирадан ошди.

Сурия Ташқи ишлар вазири Валид  ал-Муаллимнинг ўлими 2020 йилда мамлакатдаги энг муҳим сиёсий воқеалардан бири бўлди. Валид  ал-Муаллим 2006 йилдан бери 14 йил давомида Сурия Ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган. Ал-Муаллимнинг  энг муҳим хусусиятларидан бири шундаки, у бу мамлакатнинг сиёсий тузумига ва Башор Асаднинг ўзига, ҳатто энг оғир пайтларда ҳам содиқ эди ва инқирозлар юз берганда у ўз позициясини ўзгартирмади.

Валид ал-Муаллим

Валид  ал-Муалламнинг вафоти билан Сурия Президенти Башор Асад Файсал ал-Миқдодни ўзининг янги Ташқи ишлар вазири этиб тайинлади . 66 ёшли Файсал ал-Миқдод  Суриянинг Ташқи ишлар вазирлигида 26 йилдан бери ишлаб келмоқда.    Файсал ал-Миқдод  2003 йилда Суриянинг БМТдаги доимий вакили этиб ҳам тайинланган. У  2006 йилдан бери Сурия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари  эди.

Файсал ал-Миқдод  Суриянинг янги Ташқи ишлар вазири сифатида   биринчи хорижий сафарида Эронга келди ва Эрон Ислом Жумҳурияти  расмийлари билан учрашди. Ал-Миқдоднинг биринчи хорижий сафари  сифатида Теҳронни танлаши    икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар стратегик эканлигини ва бу муносабатлар  Суриянинг янги  Ташқи ишлар вазири фаолияти  муддатида ҳам давом этишини кўрсатди.