Табиат кунига бағишланган махсус эшиттириш
"Сездаҳ бадар" маросими
Бугун Эронда фарвардин ойининг 13-куни, “Табиат куни” деб номланиб, навруз байрамларининг охирги куни ҳисобланади.
Бугунги суҳбатимизда сизга ана шу куннинг гӯзалликлари ҳақида маълумот берамиз. Бизга ҳамроҳлик қилинг.
Ҳар йили маданий анъана сифатида ўтказиладиган Эрон қабилаларининг қадимий урф-одатлари ва маросимларидан бири “Сездаҳ бадар” маросими бўлиб, у "Табиат куни" деб ҳам номланади. Наврўз тантаналарининг расмий тугашига ўхшаш бу кунда оилалар табиат бағрига чиқиб, бу кунни биргаликда, завқли-сурурли бир тарзда ӯтказишади.
Ҳар хил байрам ва маданий маросимларни ўтказиш қадимги даврлардан Эрон халқининг ӯзига хос хусусияти бўлган. Улар турли хил муносабатларга атаб байрам ва хурсандчиликлар ташкил этишар ва бу ҳаётбахш руҳ бугунги кунгача Эрон маданиятида сақланиб келмоқда. Дарҳақиқат, диний ва миллий анъаналар ва маросимларни ўтказиш, одамлар қалбида умиднинг барқарорлигини сақлаб, уларнинг фикрларини бир-бирига яқинлаштиради, кишилар қалбида шодлик ва фараҳни вужудга келтиради, шунингдек, бу ҳар бир миллат бирдамлигининг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Биз бирдамлик ҳақида суҳбатлашдик! Эронда баҳорнинг ўн учинчи кунини нишонлаш нафақат одамларнинг бир-бири билан бирлиги, балки инсоннинг табиат билан бирдамлиги ва алоқаси белгисидир. Табиат билан бу боғлиқлик Эрон байрамларининг асосий хусусиятларидан биридир. Қадимий Эрон анъана ва маросимларига назар ташласак, инсон ва табиатнинг бирдамлигини тараннум этадиган жуда кӯп байрамларни учратамиз. Атроф-муҳитнинг ифлосланишига қарши халқаро ҳаракат, эҳтимол, кейинги йигирма йилдан камроқ вақт давомида авж олди. Аммо Эрон халқининг атроф-муҳитни сақлаш, сув, тупроқ, ҳаво ва хилма-хил ӯсимлик турларини муҳофаза қилишга қаратилган сай-ҳаракати Эроннинг минг йиллик тарихидан келиб чиқади. Қадимги замонлардан то ҳозирги кунгача эронликлар ўзларининг миллий ва диний таълимотларига биноан, чўл ва текисликларда юриш пайтида дарахт шохларини синдириш, ўсимликларни йўқ қилиш ёки сув ва тупроқни ифлослантиришдан сақланишган ҳамда табиатни ободонлаштириш ишига ўзларининг заррача бӯлсин улушини қӯшиш учун қўлларидан келган барча ишни амалга оширишган.
Ҳар бири рамзий маънога эга бўлган урф-одатлар ва маросимлар тўплами Эрон тафаккури ва диди элагидан ўтиб, бугунги кунгача етиб келган. “Сездаҳ бадар” маросими ҳам бундан мустасно эмас. Эронликларнинг фикрига кўра, Наврўз бошланишининг ўн икки куни ўн икки минг йиллик яратилишнинг рамзидир ва Наврўз маросимлари занжирининг сўнгги ҳалқасида, баҳорнинг ўн учинчи куни, миллионлаб эронликлар иш ва фаолиятни қайта бошлашга ҳозирлик кӯриш мақсадида табиат бағрига чиқишади. Айтиш керакки, Эроннинг барча Навруз маросимларида этник бирдамликнинг чуқур тушунчаси мавжуд бўлиб, унга Ислом дини ҳам ӯзининг тасдиқ муҳрини қўйган. “Хона такони” (Уйларни поклаш) маросими бошланган пайтдан бошлаб, жамият қалбида кенг қамровли ҳаракат вужудга келади. Бу ҳаракат Наврўзнинг 13-кунида ўзининг энг юқори чўққисига чиқади, аммо унинг шакли бошқача. Наврузнинг 13-куни одамларнинг барча энергияси уйлардан ташқарига чиқиш, текислик ва чўлларга қараб ҳаракат қилиш шаклида ичкаридан ташқарига қараб оқади ва бу жамоавий ҳаракатда одамлар ишлаш учун ўз кучларини намойиш этадилар ва янги завқ-шавқ ҳамда келажакка умидга лиммо-лим йилни бошлашга тайёрланишади.
Ўтмишдан бизгача етиб келган ҳар бир маросимнинг кўпгина ҳикоялари ва ривоятлари бор. Эронликларнинг “Сездаҳ бадар”маросими ҳақида ҳам кўп айтилган ва кўплаб манбалар у билан шуғулланган. Баъзилар бу кунни омадли, бошқалари ўн учинчи кунни ёмон кун деб билишади ва бу кун уйда қолмаслик керак, балки текислик ва саҳрога чиқиш керак, деб ҳисоблашади.
973 - 1093 йилларда яшаган эронлик олим Ал-Беруний ӯлкашунослик илми яратилишидан бир неча асрлар илгари бу соҳага илмий равишда ёндашган биринчи олимлардан эди.У ўн уч рақами ҳақида ижобий фикрга эга ва уни хайрли деб билади. "Ал-Бақия" китобида қадимий эронликлар ҳақида сўз юритганда Эрон йилининг кунларига ишора қилади ва 13-фарвардин куни ҳақида ёзади: "Қадимги эронликлар ойнинг ҳар бир кунини махсус номлар билан атар, ҳар ойнинг ўн учинчи кунини "Тир Руз "деб номлашган. "Тир " -- азиз бир фариштанинг исми ҳамда буюк, ёрқин ва муборак юлдузнинг номи".
Шунинг учун ҳар ойнинг ўн учинчи кунини англатувчи "Тир Руз" эронликлар учун муборак кун ҳисобланган. Бундан ташқари, эронликлар миллий афсоналарининг яна бир ривоятида келтирилишича, тир ойининг "Тир Руз" куни Эрон ва унга қўшни бўлган Турон чегараси Ораш отган ӯқ билан аниқланади. Шундай қилиб, ўн уч рақами Эрон маданиятида бахтли кунни эслатади.
Бугунги кунда, эҳтимол, фарвардиннинг 13-кунининг яхши ва ёмон томонларига ишонадиганлар камроқ бўлиб, одамлар қувониш ва табиат билан бирлашиш учун уйларидан чиқиб кетишади. Агар сиз навруз кунлари албатта, коронавирус эпидемияси кунларидан бошқа вақтда Эронга саёҳат қилсангиз ва Наврўзнинг ўн учинчи кунида Эрон шаҳарларидан бирида меҳмон бўлсангиз, ҳар бир бурчакда оилалар йиғилганлигини кўрасиз. Одамлар кунни табиат қӯйнида ӯтказиб, кечқурун яхши ва аъло кайфият билан уйларига қайтади.
Кейинги икки йил давоми коронавирус эпидемияси Эроннинг бу яхши анъаналарига ҳам соя солди. Аммо охир-оқибат коронавирус тугайди ва Эроннинг бу гўзал, қадимий урф-одати яна қайта тикланади. Шунинг учун сизга ушбу кунда тайёрланадиган озиқ-овқат турлари ҳақида гапириб берамиз.
“Сездаҳ бадар” кунининг таоми одатда икки хил усулда тайёрланади. Ёки у уйда олдиндан тайёрланади ва ёки барча пишириш ускуналари табиатга олиб борилади ва у ерда овқат пиширилади. Эроннинг ғарбий минтақаларида баъзи одамлар “Сездаҳ бадар” тушлиги учун куфте тайёрлашни одат қилишган. Балиқ ва турли хил кабоблар билан кӯкатли палов бу куннинг яна бир кенг тарқалган таомидир. Эроннинг баъзи ҳудудларида яшовчилар ўн учинчи куни чўл ўсимликларини йиғиб, у билан овқат ёки суюқ ош тайёрлаш керак, деган ақидадалар.
“Сездаҳ бадар” нинг энг машҳур таомларидан бири бу оши булғур ва оши ришта ҳисобланади. Сумалак ёки ҳолва ҳам одатда “Сездаҳ бадар” дастурхонида мавжуд. Шу куни тайёрланадиган ва истеъмол қилинадиган маззали таомлардан ташқари, бугунги куннинг яна бир кенг тарқалган одати шундаки, табиатни тарк этишдан олдин оилалар ҳафтсин тайёрланган майсани оқар сувга оқизиб, сўнгра уйларига қайтишади.
Албатта, айтиб ўтганимиздек, Эронда бу йилги табиат байрами ҳам ўтган йилгидек, коронавирус тарқалиши сабабли чекловларга дуч келмоқда ва одамлар имкон қадар тез касаллик тарқалиш занжирини узиш ва касалликни азиз мамлакатларидан тезроқ йӯқ қилиш учун табиат кунини ўз уйларида ва ҳовлиларида нишонлайдилар. Би дунёнинг барча аҳолиси бундай кунларни хавф-хатарлардан йироқ ҳолда, оила аъзолари, қариндошлари ва
дўстлари билан биргаликда яхши ўтказишларига умид қиламиз.