Саъдий Шерозийнинг жаҳон адабиётига таъсири
(last modified Thu, 22 Apr 2021 14:34:49 GMT )
апрел 22, 2021 19:34 Asia/Tashkent
  • Саъдий Шерозийнинг жаҳон адабиётига таъсири

Эрон тақвимида 1-урдубиҳишт (21 апрел) оламга машҳур шоир Муслиҳиддин Саъдий Шерозийни эъзозлаш куни ҳисобланади.

Саъдий Шерозий дурдона сӯзлари бутун оламга тарқалиб, унга жаҳоний шуҳрат келтирган ҳаким шоирдир. У ҳаёти давомида маъруф ва машҳур бӯлган, замондошлари  ва подшоҳлар,  ўша даврнинг мутафаккирлари,  илмий ва адабий доиралари томонидан олқишланган ва ҳурмат-эҳтиром қилинган юқори мартабали адиблар ва мутафаккирлар қаторига киради.

Саъдий нафақат Эрон, балки Узоқ мамлакатлар  ва қўшни юртларда ҳам ўша давр мутафаккирлари ва подшоҳлари орасида машҳур бўлган ва унинг асарлари қӯлдан-қӯлга ӯтиб, мутолаа қилинган. Унинг бебаҳо "Гулистон" асари Ҳинд ва Усмонли турк шоҳлари учун дарслик китоби эди. Ушбу мамлакатларнинг шоҳлари ва шаҳзодалари унинг шеърлари ва ҳикматга йӯғрилган ҳикоятларини ёдлаб юришган.

Саъдий Шерозий

Европаликлар ӯн еттинчи  асрдан бошлаб  Саъдийнинг ӯлмас асарлари ва буюк ғоялари билан танишдилар. Улар Саъдий асарларини шу даражада завқ-шавқ билан таржима қилишга киришдиларким,  бугунги кунда Европа ва Америка мамлакатларида Саъдий асарлари билан таниш бӯлмаган адабиёт ихлосмандини учратиш қийин.

  Саъдий нафақат ўз юрти, мамлакати ва қитъасида, балки бутун дунёда алоҳида шон-шуҳратга эга ва унинг сўзлари зарварақ сингари қӯлдан-қӯлга ӯтиб юради. 

Саъдийни Европа халқига таништирган биринчи мутафаккир француз Андре Дурер бўлиб, у "Гулистон" ни таржима қилиб, 1634 йилда Парижда "Гулистон ёки Гуллар мамлакати" номи  билан нашр этган.

Ушбу таржима ўзининг барча камчиликларига қарамай, Эрон адабиётининг  асл дурдоналаридан бирига биринчи бўлиб дуч келган Европа зиёлилари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Кўп ўтмай Саъдийнинг шуҳрати Европага тарқалди ва Европа мамлакатларининг адабиёт ихлосмандлари  Шарқнинг ушбу маънавий меҳмонини меҳр-муҳаббат  билан қизғин кутиб олдилар.

Шероздаги Саъдий мақбараси

"Гулистон" ва "Бӯстон" асарларининг турли тилларда кўплаб таржималари ва нашрлари, шунингдек, шарқшуносларнинг Саъдий ва унинг асарлари ҳақидаги мақолалари ва танқидий фикрлари жуда кӯп. Дюрер "Гулистон"нинг танланган таржимасини нашр этган ўша асрда немис, лотин ва голланд тилларига таржималари ҳам нашр этилди. Француз тилидаги таржимаси нашр этилганидан бир йил ўтгач, Фридрих Аксенбах уни немис тилига таржима қилди. 1651 йилда Жентиус уни Блатинининг саксониялик шаҳзодаси учун таржима қилди.  1654 йилда Олеариус уни яна немис тилига ӯгирди. 1774 йилда "Гулистон"дан танланган боблар Стивен Салливан томонидан инглиз тилига таржима қилинган.

Томас Хайд томонидан "Бӯстон" асарининг ӯн еттинчи асрда  инглиз тилига қилинган таржимаси ҳам машҳур. Аммо "Бӯстон"нинг энг қадимги таржималаридан бири 1688 йилда голланд тилида Х.Хаварт томонидан Амстердамда нашр этилган.

Х1Х асрда «Гулистон» ва «Бӯстон»нинг  тўлиқ ва ишончли таржималари Европа тилларида нашр этилди. Чарлз Дуформо «Гулистон»ни таржима қилди ва Барбие Домнар "Бӯстон" нинг француз тилига таржимасини кириш сӯз ва фойдали изоҳлар билан нашр этди. Худди шу асрда «Гулистон» Граф томонидан немис тилига, Назариян рус тилига, Иствик инглиз тилига, Казимерзский эса поляк тилига таржима қилишди.

Шероздаги Саъдий мақбараси

 «Гулистон»нинг илк таржималари нашр этилганидан бери Европа шоирлари ва ёзувчилари ушбу бой манбадан илҳомланиб келмоқдалар. Саъдийшунос олимларнинг фикрига кўра, Европанинг етакчи шоир ва ёзувчиларининг айрим ҳикматли ҳикоятлари, айрим файласуфлари назарияларининг илдизларини Саъдий асарларидан излаш керак. Улар Саъдийнинг фикрлари мазмунини Ғарб адабиётида оммалаштирдилар.

17-ва айниқса 18-асрда Осиё Европа халқлари учун қадимги цивилизациялар бешиги ҳисобланиб,  сеҳрли бир тарзда жилваланган. Эрон шоирлари ва энг аввало Саъдий бу улуғворликнинг ажралмас кўринишларидан бири эди. Шунинг учун Шарқ ҳақида ноаниқ, аммо улуғвор тасаввурга эга бўлганлар Саъдийга ва унинг асарларига алоҳида қизиқиш ва ҳурмат билан қарашган.

Волтер  “Гулистон”ни ўқиган ва унинг "хаёлий" таржимаси ҳақида гапирган. У бу ҳақда мактубларидан бирида ёзади:  "Сиз менга Саъдийни таржима қилиш учун форс тилини билиш зарурлигини айтасиз. Сиз форс тили билан танишмисиз? Қасам ичаманки, мен битта ҳам форсча сўзни билмайман, лекин худди Ла Мотте Гомерни таржима қилиши мумкин бўлганидек, мен ҳам Саъдийни француз тилига таржима қилдим."  Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Саъдийнинг диний ва фалсафий эътиқодлар асосидаги бағрикенглик ва муросага чорловчи фикрлари, шубҳасиз, Волтерга жуда ёқиб тушган.

Эрон ахлоқшунос олимлари ва нотиқларининг эътиқодлари XVIII аср француз файласуфлари фикрига жуда ўхшашдир. Кўп ҳолларда Фирдавсий, Саъдий ва бошқа Эрон шоирларининг андишалари  Волтер ва Монтескиё каби Ғарб мутафаккирларининг фикрлари билан бир хил. Форс адабиёти буюкларининг дунё миқёсида машҳур бўлиши сабабларидан бири шундаки,  ҳеч қачон уларнинг асарларидан омма томонидан фойдаланишга бирор-бир тўсиқ бўлмаган, чунки доимо аҳли башарнинг бахт ва саодатини куйлашган.

Саъдий Шерозий

Хулоса, Эрон Саъдий ва бошқа машҳур эронлик мутафаккирларнинг асарлари орқали Европа мутафаккирлари асарларига таъсир ӯтказиб, умумжаҳон тафаккурида ўзининг доимий ва чуқур изини қолдирди. Ушбу муваффақият ва умумжаҳон мавқе сирини уларнинг тафаккур тарзидан излаш керак. Саъдий, Румий, Фирдавсий ва Ҳофиз нафақат шоир, балки энг буюк инсоншунос ҳам бўлганлар. Уларнинг танлаган мавзулари ҳеч қачон эскирмайди. Чунки у инсон табиатига мосдир. Донишмандликка интилиш,  дӯстлик, риё ва кибрга қарши кураш, тинчлик ва биродарлик инсоният жамиятларининг эҳтиёжлари бӯлиб,  бу буюк инсонлар уни тарғиб қилувчилардир.