Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 11 - 18 март кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
-
Ўзбекистон ҳарбийлари Покистонда ўтказилган халқаро армия ўйинларида ғолиб бўлдилар
- Ўзбекистон ТИВ в.б Бахтиёр Саидов БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан мулоқот қилди
- Ўзбекистонлик Сайфулло Сойипов умрбод озодликдан маҳрум қилинди
- Ўзбекистонда президентлик муддати 7 йилга узайтирилади
-
Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдоған билан учрашди
-
Бахтиёр Саидов Россия президентининг махсус вакили билан учрашди
****
Ўзбекистон ҳарбийлари Покистонда ўтказилган «Жамоавий руҳ» 6-халқаро армия ўйинларида қаторасига учинчи марта ғолиб бўлди. Кейинги ўринларни Саудия Арабистони, Қозоғистон ва Таиланд жамоаларига насиб этди.
Покистоннинг Хариан шаҳрида «Жамоавий руҳ» 6-халқаро армия ўйинлари ўз якунига етди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
Мусобоқада 11 та хорижий давлатдан ҳарбий ва махсус хизматлар жамоалари иштирок этди. Баҳслар якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. Кейинги ўринларни Саудия Арабистони, Қозоғистон ва Таиланд жамоалари банд этишган.
Ўзбекистон ҳарбийлари 2021 ва 2022 йилларда ҳам мазкур баҳсларда бош совринни эгаллаган. Бўлиб ўтган мусобақалар жанговар жараёнларга яқин бўлган қийин вазифалар, маҳорат ва махсус кўникмаларни талаб қилувчи топшириқлардан ташкил топган.
Покистон Қуролли кучлари Қуруқликдаги қўшинлари қўмондони генерал Асим Мунир Ўзбекистон жамоаси раҳбари — Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғига мусобақа бош соврини ва мукофотларни топширди.
«Ўзбекистон терма жамоаси яна бир бор юқори профессионализм ва юксак ҳарбий тайёргарликка эга эканлигини намойиш этди. Армия мусобақаларида Ўзбекистоннинг доимий иштирок этиб келаётганидан биз жуда хурсандмиз», — деди генерал Асим Мунир.
***
Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Волькер Туркнинг учрашуви бўлиб ўтди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Волькер Турк Ўзбекистонда амалга оширилаётган, жумладан, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Ўзбекистон ва БМТ расмийлари учрашувида, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарга Ўзбекистон бошланган конституциявий ислоҳотлар ҳақида сўнгги маълумотлар тақдим этилди.
Шунингдек Ўзбекистон билан БМТ ва унинг тузилмалари ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистонга уч кунлик ташрифи давомида қатор вазирлик ва идораларда ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашув ва музокаралар ўтказишни режалаштирган.
***
АҚШ федерал суди ўзбекистонлик Сайфулло Сойипов умрбод озодликдан маҳрум қилди.
Ўзбекистонлик террорчи Сайфулло Сойипов Ню-Йорк шаҳрида 2017 йил 31 октябр куни теракт уюштириб, 8 кишини ўлдирганликда айбдор деб топилган. Сайфулло Сойипов умрининг қолган қисмини Колорадо штатидаги максимал даражада қатъий режимдаги ADX Florence федерал қамоқхонасида ўтказади. Маълумот учун, Бостон марафонида 2013 йил апрелда портлашлар уюштиришда айбланиб, ўлимга ҳукм қилинган Жоҳар Царнаев ҳам шу қамоқхонада сақланмоқда.
Сайфулло Соипов 2017 йил 31 октябрида кичик юк машинаси (Pickup)ни ижарага олиб, машинада ва велосипедчилар ҳаракатланадиган йўлакка бостириб киради. Ушбу ҳужум оқибатида саккиз киши қурбон бўлади, 12 нафар одам жароҳат олади. Сойипов полициячилар томонидан ўққа тутилиб, яраланади ва қўлга олинади. АҚШ расмийлари ҳужумни теракт деб баҳолайди. Теракт 2001 йил 11 сентябр хуружлари қурбонлари хотирасига бағишланган ёдгорликдан бир неча юз метр масофада содир бўлган.
Бу террорчи ИШИД номидан ҳаракатланганини тан олиб, ўзини ушбу гуруҳ «аскари» деб атайди (у АҚШга кетгунига қадар Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортилмаган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эътиборига тушмаган).
Сайфулла Сойипов 1988 йил 8 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. 2005 йилда касб-ҳунар коллежини тамомлаган, 2005−2009 йилларда Тошкент молия институтида таълим олган. ОТМни тамомлаганидан сўнг пойтахтдаги «Саёҳат» меҳмонхонасида ҳисобчи бўлиб ишлаган. АҚШга 2010 йилда грин-карт орқали борган.
****
Ўзбекистон Парламенти томонидан маъқулланган мамлакатнинг янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида президент ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилгача узайтириш таклиф этилмоқда. Аввалроқ Конституция янгиланганидан кейин президент ва қатор бошқа мансабдорлар ҳам худди шу лавозимларга қайта сайланиши мумкинлиги хабар қилинганди.
Конституциявий қонун лойиҳасида амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритиш, моддалар сонини 128 тадан 155 тага ошириш режалаштирилган.
Ҳужжатда президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилгача узайтириш таклифи сақланиб қолган, бу лойиҳанинг ўтган ёзда оммага эълон қилинган биринчи таҳририда келтирилган эди.
Қонун лойиҳасида бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон президенти бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида ҳам сақланиб қолган.
Ҳужжатга кўра, Конституциявий қонуннинг давлат ҳокимияти мансабдор шахсларининг ваколат муддатлари, сайланиш (тайинланиш) тартиби ва (ёки) шартларини ўзгартирувчи ва (ёки) бошқача тарзда таъсир қилувчи қоидалари ушбу Конституциявий қонун кучга кирган пайтда мазкур лавозимларни эгаллаб турган шахсларга нисбатан қўлланилиши ёзилган.
Бу мансабдор шахсларга президент, шунингдек, Қонунчилик палатаси спикери, Сенат раиси, халқ депутатлари вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар кенгашлари раислари, ҳокимлар, Олий суд раиси ва раисининг ўринбосари, Судьялар олий кенгашининг раиси ва унинг ўринбосари, Марказий сайлов комиссияси раиси ва бош прокурор киради.
Сайловнинг янги шартлари ва ваколат муддати жорий этилган Конституциявий суднинг амалдаги судьялари ўзлари сайланган муддат тугагунга қадар ўз ваколатларини амалга оширишда давом этади. Конституциявий суд судьяларининг бўш ўринлари Конституциянинг янги таҳририда белгиланган тартибда тўлдирилади.
Конституциянинг янги таҳрири 30 апрелга белгиланган референдум натижалари Марказий сайлов комиссияси томонидан расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши керак.
***
Кеча Туркияга сафар қилган Шавкат Мирзиёев 15 март куни мамлакат президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашди ва музокаралар олиб борди.
Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтинингг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёев Туркия етакчисига мамлакатнинг жануби-шарқий музофотларида ўтган ойда рўй берган зилзилалар муносабати билан шахсан ҳамдардлик билдирди. Жабр кўрган музофотларни қайта тиклаш ва янги инфратузилмани барпо этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Туркия президенти, ўз навбатида, Ўзбекистон президенти ва халқига табиий офат оқибатларини бартараф этишда кўрсатган биродарлик ёрдами, қутқарув ишларидаги фаол иштироки ва жабрланганларга инсонпарварлик кўмаги учун миннатдорлик билдирди.
Туркия вице-президенти Фуат Октай Ўзбекистоннинг «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Мукофотни Анқарада президент Шавкат Мирзиёев топширди.
Учрашувда Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларининг ривожланиш суръати қайд этилди.
Шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси, шу жумладан, Стратегик шериклик кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.
***
Ўзбекистон ТИВ раҳбари вазифасини бажарувчиси Батиёр Саидов Россия президентининг махсус вакили Михаил Швидкой билан учрашувида маданий-ҳуманитар ҳамкорлик юзасидан фикр алмшади.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов Россия Президентининг Халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили, МДҲга аъзо давлатлар Гуманитар ҳамкорлик бўйича давлатлараро жамғармаси бошқаруви ҳамраиси Михаил Швидкой билан учрашиб суҳбатлашди..
Бахтиёр Саидов ва Михаил Швидкой учрашувида Ўзбекистон ва Россия муносабатларининг муҳим таркибий қисми бўлган маданий-ҳуманитар ҳамкорликнинг турли жиҳатлари кўриб чиқилди.