март 26, 2023 13:24 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
    Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 18 - 26 март кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

  • Наврўз байрамида ўзбекистонликларнинг неча кун дам олиши маълум бўлди

 

  • Наврўз байрами арафасида Ўзбекистон президенти номига қутловлар келмоқда

 

  • Мирзиёев ўзбекистонликларни Наврўз байрами билан табриклади

 

  • Ўзбекистонда 6 балли зилзила содир бўлди

 

  • Шавкат Мирзиёев Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида қарор чиқарди

 

  • “Алга Каракалпакстан” етакчиси ва қорақалпоқ диаспораси вакили Нукус воқеалари бўйича жиноий ишда айбланмоқда

****

 

Ўзбекистон президенти ўз фaрмонида Наврўз байрами муносабати билан ўзбекистонликларни неча кун дам олишларини маълум қилди.

«2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги Президент  Шавкат Мирзиёевнинг фармони имзоланди.

Президент Шавкат Мирзиёев фармонига асосан, Наврўз байрами муносабати билан:

— 5 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар 5 кун;

— 6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар 4 кун дам олади.

Бунда қуйидагича бўлади:

— 18 март, шанба — 5 кунликларга дам олиш, 6 кунликларга иш куни;

— 19 март, якшанба — барча учун дам олиш куни;

— 20 март, душанба — 5 кунликлар учун 11март шанбадан кўчирилган дам олиш куни, 6 кунликларга қўшимча дам олиш куни;

— 21 март, сешанба — Наврўз байрами, барчага дам олиш куни;

— 22 март, чоршанба — 5 кунликлар учун 25 март шанбадан кўчирилган дам олиш куни, 6 кунликларга қўшимча дам олиш куни.

23 март, пайшанба — барча учун иш куни.

5 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимларнинг дам олиш кунлари фaрмонга мувофиқ кўчирилиши муносабати билан улар 11 ва 25 март (шанба) кунлари ишга чиқади.

***

АҚШ президенти, Жо Байден, Хитой раҳари Си Цзинпин, Наврўз байрами арафасида ЎЗбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни табрикладилар.

Жо Байденнинг мактуби «Америка халқи номидан сизга ва Ўзбекистон халқига Наврўз айёми муносабати билан энг эзгу тилакларимизни йўлламоқдаман» деб бошланган.

Мактубда ўтган йил давомида Ўзбекистон ва АҚШ умумий муаммоларни ҳал қилиш, халқлар хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш мақсадида бирлашгани қайд қилинган.

Хитой етакчиси Си Цзинпин Шавкат Мирзиёевни Наврўз билан табриклади ва  мактубида Хитойга давлат ташрифи режалаштирилаётгани ҳақида тўхталиб ўтган.

«Ўзбекистоннинг миллий байрами — Наврўз айёми билан Хитой ҳукумати ва халқи ҳамда шахсан ўз номимдан сизни ва Ўзбекистон халқини чин қалбимдан муборакбод этишдан ғоят мамнунман», дейилади табрикда.

***

Мирзиёев Наврўз шодиёнасида

 

Шавкат Мирзиёев иштирокида "Янги Ўзбекистон" боғидаги Наврўз шодиёнасида нутқ сўзлаб, Ўзбекистон халқини байрам билан табриклади.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Янги Ўзбекистон ғояси – бу 36 миллионли катта халқнинг азм-у қарори, унинг ҳаёт мазмунидир. Бу олижаноб мақсад Наврўзи олам фалсафаси ва қадриятлари билан ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир. 

“Инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини амалда таъминлаш, барча шаҳар ва туманлар, олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси учун муносиб шароит яратиб бериш, оддий қилиб айтганда, халқимизни рози қилиш – мана, бизнинг бош мақсадимиз”, деди президент. 

шу эзгу йўлда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ҳар томонлама ривожлантириш, илм-фан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, соғлом турмуш тарзи ва спорт, она табиатни асраш каби йўналишларда бошлаган катта-катта дастурлар жадал давом эттирилади.

“Ҳаётимизни янада гўзал ва обод қилишда биз мўътабар отахон ва онахонларимиздан, уларнинг доно маслаҳатлари ва дуои фотиҳаларидан куч-қувват оламиз. Миллий тараққиётимизни янги босқичга кўтариш йўлида мардона меҳнат қилаётган ҳурматли ака-укаларимиз, азиз опа-сингилларимизга – бутун халқимизга ишонамиз ва таянамиз. Шу қутлуғ айёмда сизларнинг ҳар бирингизга Ватан равнақи йўлида қилаётган муносиб хизматингиз учун қўлимни кўксимга қўйиб, чин юракдан ташаккур билдираман.

“Бу йилги ҳосиятли Наврўз фасли юртимизга кўплаб қувончли воқеалар, қўшалоқ байрамларни бошлаб келмоқда. Шу кунларда барчамиз яна бир қутлуғ ва фазилатли ой – муқаддас Рамазони шариф арафасида турибмиз. Бугунги имкониятдан фойдаланиб, юртимиз мусулмонларини, бутун ислом умматини ана шу табаррук айём билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Ушбу илоҳий ойда қиладиган хайрли амалларимиз қабул бўлиб, эзгу ва пок ниятларимиз ижобат топишини тилайман. 

Айни вақтда мамлакатимизда эртага нишонланадиган Маҳалла тизими ходимлари куни билан ҳам барчангизни қутлайман. Мустақиллик йилларида Наврўзи олам диёримиздаги барча миллат ва элат вакилларини ягона ва аҳил оила этиб бирлаштирадиган дўстлик ва нафосат байрамига айланганини биз юксак қадрлаймиз. Бундай ноёб ва бебаҳо бойлигимизни ҳамиша кўз қорачиғидай асраб-авайлаймиз”, деди президент.

***

Кеча Афғонистонда Тошкент вақти билан соат 21:47 да рўй берган зилзила Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида ҳам сезилди.

Ўзбекистон Сейсмопрогностик мониторинг марказига кўра, зилзила магнитудаси 6,6 балл бўлган. Зилзила эпицентри Тошкентдан 561 км жануби-шарқда.

Ўзбекистон ҳудудида сезилиш кучи:

Сурхондарё вилоятида 5-6 балл;

Тошкент шаҳри, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Андижон, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё, Навоий, Бухоро вилоятида 5 балл;

Хоразм вилоятида 4-5 балл;

Қорақалпоғистон Республикасида 4 балл.

***

Рамазон ойи

 

Шавкат Мирзиёев Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида қарорида Рамазон ойида турли тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Шавкат Мирзиёев «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Президент Мирзиёев қарорида 2023 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 23 март кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Рамазон ойини миллий анъана ҳамда қадриятларга мос ва муносиб тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш топшириғи берилди. 

Ўзбекистон ҳудудларида Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган одамийлик, инсон шаънини улуғлаш, яхшилик ва меҳру саховат каби фазилатларни намоён этадиган, тинч ва осойишта ҳаётни қадрлаш, оила ва маҳаллаларда, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилган. 

Мамлакат Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилган. 

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Рамазон ойининг биринчи куни 23 март, пайшанба кунига тўғри келади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолари кенгаши Ислом дини манбалари ва астрономик маълумотларга таянган ҳолда шундай хулосага келган.

***

Аманбай Сагидуллаев ва   Ниетбай Уразбаев

 

“Алга Каракалпакстан” сепаратистик ҳаракати етакчиси Аманбай Сагидуллаев ва Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакили Ниетбай Уразбаев Нукус воқеалари бўйича жиноий ишда айбланиб

Судланувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлганлиги ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 410-моддасига асосланиб, ушбу жиноят иши бўйича суд муҳокамаси судланувчиларнинг иштирокисиз ўтказилмоқда.

Жиноят процессуал кодексининг 410-моддасига кўра судланувчи суд мажлисига келмаса, ишни муҳокама қилиш кейинга қолдирилиши лозим. Судга келмаган судланувчини суд мажбурий келтиришга, шунингдек унга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллашга ёки эҳтиёт чорасини ўзгартиришга ҳақлидир.

Ишнинг судланувчи иштирокисиз муҳокама қилинишига судланувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган ва судга келишдан бўйин товлаган, унинг йўқлиги иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга монелик қилмаган тақдирдагина йўл қўйилиши мумкин.

Норвегияда яшовчи “Алга Каракалпакстан” -Олға Қорақалпоғистон" сепаратистик ҳаракати етакчиси 55 яшар Аманбай Сагидуллаев ҳамда Қозоғистонда истиқомат қилувчи 53 яшар Ниетбай Уразбаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 28 орқали (жиноят иштирокчилик), 104- (Баданга қасддан оғир шикаст етказиш), 158- (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш), 159- (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз), 244- (Оммавий тартибсизликлар) ва 244-1-моддаларида (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Ёрлиқ