14 апрел - Атторни улуғлаш куни
(last modified Sat, 15 Apr 2023 06:46:09 GMT )
апрел 15, 2023 11:46 Asia/Tashkent
  • 25-фарвардин (14 апрел)-- Атторни улуғлаш куни
    25-фарвардин (14 апрел)-- Атторни улуғлаш куни

Атторнинг Европа адабиётига таъсири

Атторнинг Европа адабиётига таъсири

Эроннинг расмий тақвимида фарвардин ойининг 25-куни яни 14-апрел тасаввуф адабиётининг буюк намояндаси Шайх Фаридуддин Аттор Нишопурийни улуғлаш куни ҳисобланади. Бунинг сабаби, Аттор форс шеърияти, хусусан ғазал жанррининг ривожида улкан мавқеъга эга. Унинг ирфоний қарашлари исломий-Эроний ирфонниг ривожланишида мислсиз рол ӯйнаган.

Аттор - форс тасаввуфий адабиётининг учта баланд чўққисидан бири ва унинг "Мантиқут Тайр" асари  дунё адабиётидаги энг таниқли тасаввуф асарларидан бири ва Румийнинг "Маснавий" сидан кейин, эҳтимол, тасаввуф шеъриятида  бу асарга тенг келадиган китоб йӯқ десак, муболаға бӯлмайди. Аттор тасаввуфий адабиётда шакл ва маъно жиҳатидан жуда кўп янгиликларни вууждга келтирди. Улуғ шоирнинг асарларини мутолаа қилган киши бунга амин бӯлади.

"Мантиқут тайр"да Аттор қушларни таништиради, уларнинг пайғамбарлар билан муносабатларини тушунтиради ва ниҳоят шундай хулосага келади: агар инсон нафсини жиловлай олса, у камолотга эришади.

Аттордан “Мусибатнома”, “Мухторнома”, “Тазкиратул авлиё”, “Илоҳийнома” ва шеърлар девони каби дурдоналар мерос қолган.

Аттор Нишопурий

 

Ислом тасаввуфи ислом тафаккурининг бир тармоғи сифатида ҳар доим Ғарб адабиёти ва маданиятига таъсир кўрсатиб келган. Ғарб оламининг Шарқ адабиёти билан танишуви Салиб юришлари даврига тӯғри келади.  Аммо Шарқ адабиётини тадқиқ ва таржима қилиш авж олган замон XVIII асрдир. XVIII-Х1Х асрларда форс тилидаги кӯплаб буюк асарлар, айниқса Саъдий, Ҳофиз, Хайём, Аттор, Низомий, Фирдавсий, Жомий, Носир Хусрав, Бобо Тоҳир ва бошқа улкан шоирларнинг шеърияти Европа тилларига, айниқса франсуз, инглиз ва немис тилларига таржима қилинган. Ушбу таржималарнинг нашр этилиши Европа халқининг эътиборини бой ва серҳосил форс адабиётига қаратди ҳамда европаликларни мисли кўрилмаган даражада Эрон ва унинг адабиётига жалб қилди.

Жасорат билан айтиш   мумкинки, бир неча асрлар давомида ҳеч бир мамлакат Эрон каби Европа мамлакатларида кўп мухлисларга эга бўлмаган. Бебаҳо  форс тафаккури ва адабиёти таъсирида Англия, Германия ва Францияда жаҳон адабиётининг ўлмас дурдоналари сифатида қараладиган асарлар яратилди: Гётенинг "Ғарб ва Шарқ девони", Монтескёнинг "Эронлик мактублар"и, Пер Лоттининг "Исфаҳон томон", Мадлен  де Скюдерининг  "Буюк Куруш", Метю Арнолднинг "Рустам ва Суҳроб" ва бошқалар ... Эрон шеърияти, адабиёти ва тасаввуфи Европа адабиётини муболағасиз бойитди.

Европа адабиётидаги Шарқ таъсирининг асосий қисми форс адабиёти ва Ғарбдаги буюк Эрон шоирлари ижодининг таъсири билан боғлиқ. Чунки баъзи Европа шоирлари ва ёзувчилари Шарққа саёҳат қилмасдан Эрон шоирлари асарларидан илҳомланиб қизиқарли асарлар яратган, ёқимли афсоналарни, гўзал манзараларни, бозорларни, гумбазларни ва минораларни мафтункор бир тарзда тасвирлаганлар. Шу нуқтаи назардан, Ҳофиз, Румий, Саъдий, Аттор ва Саноий энг нуфузли ва таъсирчан Эрон мутафаккирлари ва зиёлиларидан ҳисобланган. Атторнинг афсонавий  Симурғи шарқдан  ғарбга ӯтиб, саёҳатини давом эттирган.

Дантенинг "Илоҳий комедия"си ва Саноийнинг "Сайр-ал-ибод-илал-маъод" - бу нафснинг энг чуқур ички қатламларига ва одамизоднинг ўлимдан кейинги оламига маънавий саёҳатнинг улкан тимсолидир..

Аргентинанинг таниқли шоири ва ёзувчиси Борхес Қуръон қиссалари, "Минг бир кеча" ва Атторнинг “Мантиқут тайр” асаридан жуда-жуда таъсирланган ва айнан шу асарларни Лотин Америкаси ёзувчиларига таништирган. "Ал-Муътасим даргоҳига яқинлашиш" қиссасида Борхес Аттор асарларини алоҳида тилга олади.

Гётега исломий тасаввуф ва Ҳофиз кучли таъсир кўрсатган ва барча олимлар унга ўзининг “Ғарб ва Шарқ девони”ни яратишда  Эроннинг тасаввуф ва ҳикмати кучли таъсир кўрсатганлигини тан олишади. У форс адабиёти ва исломий тасаввуфнинг таъсирига шунчалик берилганки,  ўз асарида форс сўзларини шу қадар ишлатганки, “Ғарб ва Шарқ девони”нинг айрим қисмлари форсча номларга эга. У "Ҳикматнома" бўлимида Атторнинг маслаҳатлари ва Саъдийнинг сўзларини келтирган. Шу тарзда, Ҳофизнинг лирик шеърларидан ташқари, унга форс адабиётининг бошқа буюк намояндалари, шу жумладан Аттор Нишопурийнинг асарлари ҳам таъсир қилганлигини тан олиш мумкин.

Атторнинг мақбараси

 

Х1Х асрда Эрон тасаввуфи Францияда алоҳида ўрин тутган ва бу даврда баъзи француз шоирлари ва мутафаккирлари ўзларининг интеллектуал ривожланишлари учун эронлик тасаввуфчилардан қарздор эканликларини тан олишган. Ўн тўққизинчи асрда Атторнинг  “Мантиқут тайр”,  “Тазкиратул авлиё”, “Панднома” асарлари Жомий, Низомий, Боботоҳир ва Румийнинг шеърлари француз тилига таржима қилинган. Бу ҳаракат йигирманчи асрда катта ҳажмдаги форсий асарларнинг таржимаси билан давом этди. Бу пайтда француз шоирлари ўзларининг девонларини ёки шеърлар тўпламини тузишда илҳом олишлари учун форс тасаввуф шеъриятининг етарли манбаларига эга эдилар.

Виктор Гюго онгли равишда "Асрлар афсонаси" ни яратишда Аттор ва унинг “Мантиқут тайр” асаридан илҳомланган. “Мантиқут тайр”да Ҳудҳуд бошчилигидаги муштоқ қушлар  Симурғни излаб Қоф тоғига   боришади ва ўттиз қуш ўзларининг манзилига етиб боргунларига қадар еттита қўрқинчли водийни кесиб ўтадилар. "Асрлар афсонаси"да Гюгонинг ўзи ҳам бундай йўлни босиб ўтган.

Француз сюрреалистик шеъриятининг етакчилари ва асосчиларидан бири бўлган Луи Арагон шеърларида Эрон-ислом тасаввуфининг изларини, хусусан, Аттор фикрларини кўриш мумкин. "Елиза" номли шеърлар тўпламида унга Жомийнинг “Лайли ва Мажнуни” ҳамда Атторнинг “Мантиқут тайр”и  кучли таъсир кўрсатган. Олимларнинг фикрига кўра, Арагон бир томондан моддий ва саноат дунёси идеаллари ҳамда сароб мисоли хаёлий коммунистик ғояларнинг жилвалари орасида, иккинчидан эса Симурғга томон учиш ва кўтарилиш истаги орасида қолган ориф эди.

Ва ниҳоят, айтиш жоизким,  форс тили ва адабиёти Аттор сингари буюк инсонларнинг тафаккурига таяниб, оламнинг буюк мутафаккирлари ва шоирлари қалбига ва онгига сингиб, дунё адабиётини  ўзининг зулол ва мусаффо булоқларидан сероб айлаган.

 

Ёрлиқ