Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 6-13 август кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
-
Ўзбекистонда биринчи ярим йилликдаги давлат бюджети дефицити 29 трлн сўмдан ошган
- Қешм Аир 9-августдан Теҳрон ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни бошлайди
- Британия ҳукумати Гулнора Каримованинг 20 млн фунт стерлинг қийматли мулкини мусодара қилди
-
Исматулла Иргашев Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича Махсус элчиси билан учрашди
-
Ўзбекистон президенти ва Владимир Путин телефон орқали мулоқот қилди
- Ўзбекистон Олий суди: “Док-1 Макс”дан жами 65 нафар бола ўлган
***
Жорий йилнинг ўтган 6 ойида Ўзбекистон давлат бюджети даромадлари қарийб 100 трлн сўмни, бюджет харажатлари эса 129 трлн сўмни ташкил этган.
4 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда 2023 йил биринчи ярим йиллигидаги давлат дастури бажарилиши юзасидан қилинган ишлар ҳисоботи кўриб чиқилди.
Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг маълум қилишича, ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулот ўсиши 5,6 фоизни ташкил этган. Шунингдкек, давлат бюджети дефицити ҳам 29 трлн сўмдан ортиб кетган.
Ўтган 6 ойда ўзбекистон давлат бюджети даромадлари қарийб 100 трлн сўм бўлиб, шундан 76 трлн сўм солиқ тушумлари, 24 трлн сўм эса божхона йиғимлари ҳисобига шакллантирилган.
Мазкур даврда давлат бюджети харажатлари 129 трлн сўмдан ошган. Шундан 65 трлн сўми ижтимоий соҳаларга йўналтирилган.
Ялпи ички маҳсулот 2023 йил ярим йиллиги бўйича 469,9 трлн сўмни ташкил этгани ҳисобга олинса, давлат бюджети дефицити деярли 6,2 фоизга етгани маълум бўлади.
***
“Қешм Аир” компанияси Эрон пойтахти Теҳрон билан Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўяди. Бу ҳақда “Узбекистан Аирпортс” матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унга кўра, Теҳрон-Тошкент-Теҳрон йўналиши бўйича биринчи рейс жорий йилнинг 9-август куни бошланиши режалаштирилган.
Мунтазам қатновлар ҳафтасига бир марта — чоршанба кунлари, Аирбус А320 самолётларида амалга оширилиши кутилмоқда.
2022-йилнинг 22-декабридан авиакомпания Теҳрондан Тошкент ва Самарқандга тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйганди. Бунда, парвозлар Теҳрон-Тошкент-Олма-Ота-Теҳрон ва Теҳрон-Самарқанд-Теҳрон йўналишларида амалга оширилиши белгиланганди.
Кейинчалик эса йўловчилар томонидан йўналиш ижобий қабул қилинса, рейслар сонини кўпайтириш режалаштирилгани таькидланган.
***
Буюк Британия ҳукумати Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган иккита квартира ва уйни мусодара қилди. Мулк 20 миллион фунт стерлингдан ортиқ баҳоланган.
Катта миқдордаги фирибгарлик билан курашиш бўйича бюро (Serious Fraud Office, SFO) Буюк Британияда Гулнора Каримовага тегишли учта мулкни мусодара қилди. Бу ҳақда назорат маҳкамаси баёнотида айтилади.
Гап Лондоннинг нуфузли Белгравиа туманидаги иккита квартира ва Суррейдаги уй ҳақида бормоқда. Уларнинг нархи 20 миллион фунт стерлингдан ошади.
SFO баёнотига кўра, Гулнора Каримова ушбу мулкни Ўзбекистондаги коррупцион фаолиятдан тушган маблағ эвазига сотиб олган.
SFO 2018 йил октябр ойида Каримованинг Британиядаги активларини, жумладан, учта мулкини мусодара қилиш бўйича судга мурожаат қилган. Агентлик хабарига кўра, 8 август куни Буюк Британия Олий суди бу даъвони қаноатлантирди.
***
2023-йил 8-август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев ва Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича Махсус элчиси Томас Никлассон ўртасида видеоконференсалоқа шаклида учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакатга тезкорлик билан гуманитар ва бошқа ёрдам кўрсатиш борасидаги саьй-ҳаракатлари муҳокама қилинди.
Афғон муаммосини тартибга солиш ва халқаро саьй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришда БМТнинг етакчи роли муҳимлиги таькидланди.
Томонлар афғон муаммоси бўйича ҳам икки томонлама асосда, ҳам Марказий Осиё давлатларининг махсус вакиллари даражасида маслаҳатлашувларни давом эттиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар.
***
Ўзбекистон ва Россия президентлари икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан 9 август куни телефон орқали мулоқот қилди. Унда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва фаол гуманитар алмашинувни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакат етакчилари бўлажак тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқиб, яқин муддатларда қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини, Ўзбекистон-Россия ҳудудлар, таълим ва медиа форумларини ўтказиш муҳимлигини таъкидлади.
Минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
***
Ўзбекистон Олий суд матбуот котиби Ўзбекистонда “Док-1 Макс” дори воситаси сабаб жами 65 нафар бола вафот этганини тасдиқлади.
Тасдиқланган айблов хулосасига кўра содир этилган жиноятларда умумий ҳисобда 21 киши айбланмоқда.
Қалампир сайтига кўра, Тошкент шаҳар судининг иш юритувига 1972 йилда Ҳиндистон Республикасида туғилган, “Quramax Medikal” МЧЖ директори С.Р.П. ҳамда 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, бир вақтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори лавозимларида ишлаган С.К.га оид жиноят иши келиб тушган. Шунингдек, мазкур жиноятга доир яна 19 нафар “Quramax Medikal” МЧЖ ва “Дори воситалари” ДУК масъул ходимларига жиноят иши очилган.
“Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига “қамоққа олиш”, 12 тасига “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” ва 2 тасига “гаров” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган”, деган Ўзбекистон Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.