Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 16-23 декабрь ноябрь кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
-
Ўзбекистон президенти Қатар делегациясини қабул қилди
- 2023 йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистонга 6 миллион 134 минг нафар хориж фуқароси ташриф буюрган
-
Ўзбекистон ҳудудларида янги газ захиралари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев ва Қатар Давлати амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний учрашув ўтказишди
-
Ўзбекистоннинг янги элчиси Эронга етиб келди
-
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон ТИВ раҳбарини қабул қилди
-
Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси ТИВга чақиртирилди
-
Шавкат Мирзиёев: қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш йўлига ўтяпти
***
Шавкат Мирзиёев кеча, 15 декабрь куни Қатар Давлатининг Қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича маркази Васийлик кенгаши раиси Али Муҳсин ал-Маррий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизматига таяниб ЧСпутник сайтининг хабар қилишича, учрашувда раис ал-Маррий давлат раҳбарига Қатар Амири Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Хабарга кўра, Ўзбекистон билан Қатар ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Бўлажак муҳим халқаро тадбир – Қатар Амири ташаббуси билан таъсис этилган “Коррупцияга қарши курашишда улкан ютуқлар учун” глобал мукофотини топшириш маросимини Ўзбекистонда ўтказишга тайёргарликнинг бориши кўриб чиқилди.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма таълим дастурларини амалга оширишдан икки томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланди.
Мирзиёев 15 декабрь куни, шунингдек, иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчи Сума Чакрабарти билан учрашув ўтказди
Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурининг натижадорлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларнинг бориши ва келгуси режалар кўриб чиқилди.
Инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш, хориждаги етакчи компания ва молиявий институтларни жалб қилган ҳолда иқтисодиётнинг турли тармоқларида йирик лойиҳаларни илгари суриш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
**
Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳларнинг йиллик ўртача ўсиши 20 фоиздан ортмоқда. 2023 йилнинг январь-ноябрь ойларида мамлакатга 6 миллион 134 минг нафар хориж фуқароси ташриф буюрган. Йил якунига қадар бу кўрсаткич 7 миллионга етиши прогноз қилинмоқда.
Спутник сайтининг хабар қилишича. бир нафар сайёҳнинг Ўзбекистондаги ўртача харажати 326 долларни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Туризм хизматларини диверсификация қилиш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Иброғим Барнаев Sputnik мухбирига маълум қилди.
Шу йилнинг 11 ойида 2 миллиард доллар туризм хизмати амалга оширилди.
Шундай қилиб, бир нафар туристнинг мамлакатда бўлиш давомидаги ўртача харажати 326 долларни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич 2021 йилда 224 долларни ташкил этган.
Қуйидаги давлатлардан энг кўп сайёҳлар ташриф буюрган:
Россиядан 676 минг (2022 йилнинг 11 ойига нисбатан 1,3 баробар кўп);
Туркиядан 99 минг (1,4 баробар кўп);
Ҳиндистондан 41 минг (2,9 баробар кўп);
Хитойдан 39 минг (8,5 баробар кўп);
Жанубий Кореядан 35 минг (1,9 баробар кўп);
Германиядан 28 минг (1,7 баробар кўп);
Италиядан 25 минг (2,9 баробар кўп);
АҚШдан 22 минг (1,8 баробар кўп);
Франциядан 18 минг (1,7 баробарга кўп).
Таъкидланишича, 2024 йилда хорижий сайёҳлар сонини 10 миллион нафарга етказиш бўйича иш олиб борилмоқда.
Ички туризм кўрсаткичлари
2023 йилда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида мамлакат бўйлаб 20 миллион нафар маҳаллий сайёҳлар ташрифи прогноз қилинган эди.
Бу кўрсаткич 11 ой давомида 20,6 миллионга етди. Янги йил, Наврўз, Рамазон ҳайити, Мустақиллик байрамларида жорий қилинган 5 кунлик дам олиш кунлари ички туризм оқимига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Ушбу кунларда 3-5 миллионгача ташрифлар кузатилган.
“Туризм, маданият, спорт ва ҳунармандчилик йўналишидаги 200 тага яқин маҳаллий ҳамда республика миқёсдаги тадбирлар маҳаллий сайёҳлар сонини ортишига хизмат қилди”, — деди у.
**
Ўзбекистон ҳудудларида янги газ захиралари аниқлангани ва қўшимча 4,4 миллиард куб метр газ қазиб олинганини Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Спутник сайтининг хабар қилишича, шу йилнинг ноябрь ойида президент “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида бўлганида истиқболли геология майдонларини ўзлаштириш бўйича вазифалар қўйган эди. Йиғилишда соҳа мутасаддилари ушбу вазифалар ижроси, 2024 йилга мўлжалланган геология-қидирув ва ишлаб чиқариш дастури бўйича ахборот берди.
Қайд этилганидек, бу ишлар икки йўналишда – ҳам мавжуд конларда газ қазиб олиш ҳажмини сақлаб қолиш, ҳам янги захираларни аниқлаш бўйича олиб борилмоқда.
“Охирги йилларда геология-қидирув ишлари 2-3 километрдан 4-5 километр чуқурликкача туширилди. Бунинг натижасида янги газ захиралари аниқланди, қўшимча 4,4 миллиард куб метр газ қазиб олинди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, халқаро консалтинг компанияси жалб қилиниб, кўплаб истиқболли қудуқларни ишга тушириш имкони топилди. Келгуси йилда 3,5 минг квадрат километр майдонда сейсмик ишлар олиб бориш ҳамда янги қидирув қудуқлари қуриш режалаштирилган.
**
Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, кеча Ўзбекистон президенти ва Қатар амири икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга келишиб олишди.
Спутник сайтинингг хабар қилишича, Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Қатар Давлати амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний учрашув ўтказишди.
Ўзбекистон ва Қатар етакчилари учрашувда янги қўшма инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан “яшил” энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани ривожлантириш, банк-молия, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм соҳаларида илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
“Транспорт ва логистика борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш йўллари кўриб чиқилди. Хусусан, Қатар томони Трансафғон темир йўлини барпо этиш лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлади”, — дейилади хабарда.
2024 йилда Доҳа шаҳрида қўшма Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлик кенгашининг биринчи йиғилишларини, икки мамлакат бизнес форумини ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев ва Тамим бин Ҳамад Ол Соний келгуси йилда маданий-гуманитар тадбирларни ўтказиш масалаларини ҳам муҳокама қилишди.
“Эришилган келишувлар ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ва Қатар етакчилари икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари даражасида Мувофиқлаштириш кенгашини тузиш лозимлигини таъкидладилар”, — дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда БМТ шафелигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
**
Ўзбекистон республикасининг янги фавқулодда ва мухтор элчиси Фариддин Насриев Эрон пойтахтига етиб келди
Кун сайтининг хабар қилишича, бунгача у 2018-2023 йилларда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги (Россия) Бош консуллигини бошқарган. У 42 ёшда. Тошкент молия институти ва Тошкент давлат юридик институтини (ҳозир университет) тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1999 йилда банк тизимида бошлаган, 2003 йилдан эса Ташқи ишлар вазирлигининг турли тузилмаларида, жумладан Белгия ва НАТОдаги дипломатик ваколатхоналарда ишлаган. Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаментида у 3-котибликдан директор ўринбосаригача бўлган лавозимларда хизмат қилган.
Инглиз, француз, рус ва форс тилларини билади.
Ўзбекистоннинг Эрондаги янги элчиси Фариддин Насриев 2015-2023 йилларда Теҳронда элчи лавозимида ишлаган Баҳодир Абдуллаев ўрнини эгаллади.
***
Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёев кеча, 21 декабрь куни, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаевни қабул қилди.
Спутник сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, уларни аниқ мазмун билан бойитиш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев давлат раҳбарига Қирғиз республикаси президенти Садир Жапаровнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон етакчиси кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорлик юксак даражага чиққани ва сермаҳсул тус олганини, шу жумладан парламентлар, ҳукуматлар, ҳудудлар, жамоатчилик ва ишбилармон доиралар даражасидаги мулоқот ва алмашинувлар анча фаоллашганини катта мамнуният билан қайд этди.
Ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият юритмоқда. Ўзбекистон ва Қирғизистон тараққиёт фонди ишга туширилди. Товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажмлари ортмоқда, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Қўшма маданий-гуманитар тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Фаол сиёсий мулоқотни давом эттириш ҳамда устувор дастур ва лойиҳаларни, шу жумладан “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўли қурилишини жадаллаштириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
**
21 декабр куни Ташқи ишлар вазирлигига Россиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Малгинов чақиртирилди.
Кун.уз сайтининг хабар қилишича, учрашув давомида Россия вакилига «Россия сегодня» матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда «Справедливая Россия – за правду» партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи мамлакатимизда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилди.
«Россия Федерацияси каби дўст мамлакат партия раҳбарларининг бундай ўйламай билдираётган муносабатлари, афсуски, Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига мос келмаслиги маълум қилинди.
Россия оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, халқларимиз ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин», дейилади ТИВ хабарида.
Ўз навбатида, Олег Малгинов тўлиқ масъулият билан Прилепиннинг баёнотлари Россия Федерацияси раҳбариятининг дўст ва мустақил Ўзбекистон тўғрисидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини қайд этган.
Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги вакили сифатида элчи «Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмагани»ни таъкидлади.
Малгинов, шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги яқин вақт ичида ушбу ҳодиса бўйича изоҳ беришни режалаштираётганини таъкидлади.
**
Куни Шавкат Мирзиёев раислигида Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари мисли кўрилмаган даражада шиддатли тус олаётгани таъкидланди.
Газета сайтининг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёев ўз сўзларида, «Илгари манфаатларини дипломатия билан ҳимоя қилган қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш йўлига ўтяпти. Бундай жараён таъсири мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти», — деб айтди.
Ўзбекистон президенти шунингдек бу вазиятда «миллий манфаатларга жавоб берадиган тўғри йўлни топиш осон бўлмаяпти» деб қўшимча қилди.
Хабарга кўра Ўзбекистон президенти айни вақтда азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимида чуқур трансформация жараёнлари юз бераётганини айтиб ўтди.
«Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти», — деди давлат раҳбари.
«Ана шундай ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш, албатта, осон бўлмаяпти», — дея таъкидлади президент.