Ўзбекистон 27 давлатдан келадиган сайёҳлар учун виза тартибини бекор қилди
(last modified Tue, 06 Dec 2016 14:48:40 GMT )
декабр 06, 2016 19:48 Asia/Tashkent
  • Швейцария ва Япония фуқаролари учун виза тартиби бекор қилинади
    Швейцария ва Япония фуқаролари учун виза тартиби бекор қилинади

2017 йил 1 апрелдан бошлаб туризм мақсадида Ўзбекистон Республикасига 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга келувчи Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония фуқаролари учун виза тартиби бекор қилинади.

2017 йил 1 апрелдан бошлаб туризм мақсадида Ўзбекистон Республикасига 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга келувчи Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония фуқаролари учун виза тартиби бекор қилинади. Бу хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва виза тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган "Ўзбекистон республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида кўзда тутилган.

Шунингдек, Бельгия Қироллиги, Индонезия, ХХР (туристлар гуруҳлари таркибида), Малайзия, АҚШ, Франция, Вьетнам, Исроил, Польша, Венгрия, Португалия ва Чехиянинг 55 ёшга тўлган ва туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистон Республикасига келувчи фуқаролари учун виза режими бекор қилинади.

Юқорида номлари келтирилган хорижий давлатларнинг фуқаролари Ўзбекистон Республикасига киришда 50 АҚШ доллари миқдорида Давлат бюджетига ўтказиладиган кириш йиғими тўлайди.

Кириш йиғими тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат мамлакатга кириш учун асос ҳисобланади.

"Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Марказий банк билан биргаликда 2017 йил 1 мартгача бўлган муддатда хорижий фуқаролар томонидан кириш йиғими тўланиши тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин", дейилган фармонда.

Шу билан бир қаторда, 2017 йил 1 январдан бошлаб барча мамлакатлар учун 30 кун муддатга бериладиган ягона сайёҳлик визасини жорий этиш бўйича таклифлар тайёрланиши лозим. Бунда транзит, халқаро аэропортларда ва Ўзбекистон давлат чегаралари орқали ўтказиш пунктларида виза олиш тартиблари сезиларли соддалаштирилади. Шунингдек, Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасида фаолият олиб борувчи чет эллик мутахассисларга рухсатнома олишни уларга жисмоний шахслар даромад солиғини тўлашда имтиёзлар тақдим этган ҳолда соддалаштириш ҳам кўзда тутилган.