Абдулазиз Камилов ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси раҳбари билан учрашди
Абдулазиз Камилов ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси раҳбари билан учрашди
14 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲБ) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссияси раҳбари, элчи Петер Йохан Тейлер билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Суҳбат давомида 36 давлатнинг 193 вакили, жумладан, 20 узоқ ва 150 қисқа муддатли кузатувчилардан ташкил топган миссиянинг Ўзбекистондаги фаолияти, шунингдек, Ўзбекистон ва ДИИҲБ ўртасидаги муносабатлар, сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш масалалари бўйича ҳамкорликнинг истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди.
Элчи Петер Тейлер Ўзбекистон томонини сайлов кампаниясининг якунланганлиги ва бугун Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қасамёд қилиш тантанали маросими бўлиб ўтганлиги билан табриклади ҳамда миссия фаолияти давомида кўрсатилган кўмак учун миннатдорлик билдирди.
Суҳбатда миссия раҳбари ўринбосари Полина Мария Лемос ва эксперт Стефан Цзвед қатнашди.